currencies image

11 801,23 UZS

22,46

usd

currencies image

13 737,81 UZS

59,25

eur

currencies image

136,73 UZS

3,01

ru



АсосийЯнгиликларОдам савдосидан жабрланганлар қандай ҳимоя қилинади? Янги тартиблар ва кафолатлар

Одам савдосидан жабрланганлар қандай ҳимоя қилинади? Янги тартиблар ва кафолатлар

Ҳуқуқ

calendar

28.08.2026

eye

16

Одам савдосидан жабрланганлар қандай ҳимоя қилинади? Янги тартиблар ва кафолатлар

Одам савдоси инсоннинг эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига жиддий тажовуз қилувчи оғир жиноятлардан бири ҳисобланади. Шу боис одам савдосидан жабрланган шахсларни нафақат ҳимоя қилиш, балки уларни ижтимоий ҳаётга қайта мослаштириш, ҳуқуқий, психологик, тиббий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.

Айниқса, 2026 йилда қабул қилинган янги чора-тадбирлар натижасида одам савдосидан жабрланганларни аниқлаш, уларга ёрдам кўрсатиш ва жамиятга интеграция қилиш механизмлари янада такомиллаштирилмоқда. Жумладан, жабрланганларни дастлабки идентификация қилиш доираси кенгайтирилиб, уларни ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча имкониятлари белгиланмоқда.

Президентнинг 2026 йил 3 августдаги «Одам савдосидан жабрланган шахсларни аниқлаш ва уларни жамиятга интеграция қилиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-146-сон Фармони қабул қилинди.

Ҳужжатда қуйидагилар назарда тутилган:

• «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги ихтисослашган муассасаларга ҳамда ННТга одам савдосидан жабрланган шахсларни дастлабки идентификация қилиш ваколатини бериш;

• дастлабки идентификация қилиш билан бир вақтда шахсларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолаш орқали уларни ижтимоий ва бошқа хизматлар билан қамраб олиш тизимини жорий этиш;

• дастлабки идентификация натижасига кўра шахсга «одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахс» мақомини бир ойгача, якуний идентификация натижасига кўра эса «одам савдосидан жабрланган деб тан олинган шахс» мақомини кўпи билан бир йилгача бўлган муддатга бериш;

• одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар томонидан якуний идентификация қилиш муддатини 10 сутка этиб белгилаш;

• одам савдосидан жабрланган шахсларни Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, «Саховат ва кўмак» ва Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

• Ўзбекистонга олиб келинган репатриантларни уларнинг ҳолати ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда алоҳида махсус дастурлар асосида ихтисослашган муассасаларга жойлаштириш.

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб Агентликнинг «1146» қисқа рақамли ишонч телефони орқали одам савдосидан жабрланган шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинади, мутахассислар томонидан уларга ижтимоий, психологик, ҳуқуқий ва бошқа масалаларда маслаҳат бериш хизматлари кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарида ҳам одам савдосидан жабрланганларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш бўйича ишонч телефонлари фаолият юритади.

Хорижга кетаётган меҳнат мигрантларига бораётган давлатидаги дипломатик ваколатхона ва Миграция агентлиги ҳудудий вакилининг алоқа маълумотлари тақдим этилади.

Одам савдосидан жабрланган болаларнинг оила муҳитида ёки оилавий муҳитга яқин шароитларда реабилитация қилинишини таъминлаш мақсадида дастлабки ёки якуний идентификация қилиш жараёнида уларни оиласига қайтариш чоралари кўрилади, «Инсон» марказлари бола ва унинг оила аъзоларини реабилитация қилишга қаратилган ижтимоий хизматларга жалб этади.

Янги қўллаб-қувватлаш чоралари

Одам савдосидан жабрланган, бироқ ихтисослашган муассасаларга жойлашишни истамаган шахсларга уларнинг мурожаатига асосан «Инсон» маркази хизматларидан кундузги қатнов асосида фойдаланиш ҳуқуқи берилади. 

Жабрланганлар учун уларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилади. Ўқитиш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.

Одам савдосидан жабрланган деб тан олинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, уларнинг Ўзбекистонга кириш ҳолатларидан қатъи назар, реабилитация даврида мамлакатда вақтинча бўлиш ҳуқуқи берилади.

Бекжон Исмаилов,
журналист

Улашиш:

Бошқалар