Ҳуқуқ
17.09.2026
20

Ҳуқуқий демократик давлатнинг энг муҳим белгиларидан бири — инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг суд орқали самарали ва мустақил ҳимоя қилиниши ҳисобланади. Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар айнан шу мақсадга қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 14 августда қабул қилинган “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида” ги ПФ-160-сон Фармони мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми ва сифат жиҳатидан янги босқичини бошлаб берди.
Президент Фармони билан “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси, Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегиясини 2026–2028 йилларда амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланиб, Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси доирасида эришиладиган асосий мақсадлар белгиланган.
Маълумот учун: Стратегия 57 та вазифа, 2026−2028 йилларга мўлжалланган 160 та чора-тадбир ва 2030 йилгача эришилиши лозим бўлган 33 та мақсадни қамраб олади. Унга кўра, 2027 йил 1 июлдан 5 та ҳудудлараро суд ташкил этилади. Вилоят судларида апелляция ва кассация инстанциялари сақланиб қолади, тафтиш инстанциясининг ваколатлари эса ҳудудлараро судларга берилади.
“Одил судлов–2030” стратегиясининг олтита устуни:
“Халқчил суд” – судлар фаолиятининг шаффофлиги, суд жараёнлари ва суд фаолиятига оид ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали суд тизимининг очиқлигини таъминлаш ва жамиятда судга бўлган мутлақ ишончни қарор топтириш, судларни бюрократиядан бутунлай холи тизимга айлантириш. “Халқчил суд” концепциясининг марказида ахолининг судга бўлган ишонч масаласи туради. Суд тизимининг халқчиллиги – фуқаро судга мурожаат қилганда унинг шикояти холисона ўз муддатида кўриб чиқилиши, процессуал ҳуқуқлари таъминланиши, суд қарорининг тушунарли ва асосланган бўлиши, бузилган ҳуқуқларни амалда тикланиши билан ўлчанади. Шу сабабли судга ишончни оширишни алоҳида социологик кўрсаткич эмас, балки суд адолатининг ижтимоий легитимлигини ифодаловчи муҳим мезон сифатида қараш лозим.
“Адолат қўрғони” – инсон ҳуқуқлари устуворлигини сўзсиз таъминлайдиган, ҳар қандай таъсир ва аралашувлардан холи, мустақил одил судлов тизимини мустаҳкамлаш. Суд мустақиллиги — стратегиянинг институционал пойдеворидир. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги нафақат унинг бошқа давлат органларидан ташкилий жиҳатдан мустақиллиги, балки судьянинг қарор қабул қилиш жараёнида маъмурий, сиёсий, иқтисодий ёки бошқа ташқи таъсирлардан ҳимояланган бўлишини ҳам англатади. Шу нуқтаи назардан, “Адолат қўрғони” концепцияси суд ҳокимиятининг ички ва ташқи мустақиллигини бир вақтда таъминлашни талаб қилади. Бунда судьяларни танлаш ва тайинлаш, уларнинг ижтимоий ҳимояси, интизомий жавобгарлиги, касбий баҳоланиши ва суд маъмурияти масалалари алоҳида аҳамият касб этади.
“Кафолатланган адолат” – қонуний, адолатли ва асослантирилган суд қарорларини қабул қилиш, уларнинг сифати ва барқарорлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини судда тиклаш кафолатларини кучайтириш. Одил судловнинг энг муҳим натижаси — бузилган ҳуқуқнинг тикланишидир. Суд қарорининг қабул қилиниши одил судлов жараёнининг якуни эмас. Аксинча, ҳуқуқий нуқтаи назардан унинг энг муҳим натижаси қарорнинг амалда бажарилишидир.
Суд қарори ижроси таъминланмаса, фуқаронинг ҳуқуқи амалда тикланмайди. Шу нуқтаи назардан суд қарорлари ижросини такомиллаштириш “Одил судлов–2030” стратегиясининг алоҳида аҳамиятга эга қисми ҳисобланади. 2026 йилги Мурожаатномада ҳам мажбурий ижрони такомиллаштириш, муқобил механизмларни жорий этиш ва ижро жараёнига сунъий интеллект технологияларини татбиқ этиш вазифалари белгиланган. Хусусан, келгуси икки йилда ижро ҳаракатларининг 30 фоизини инсон омилисиз амалга ошириш мақсади қайд этилган. Бу мақсад суд қарорларини ижро этилишини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ажралмас қисми сифатида қараш зарурлигини кўрсатади.
“Адолат посбонлари” – халқ хизматида бўлган, юксак маънавий ва профессионал фазилатларга эга, адолат мезонларига қатъий риоя қилувчи судьялар корпусини шакллантириш. Суд ислоҳотларининг муваффақияти кўп жиҳатдан судья шахсига боғлиқ. Судья нафақат қонунни мукаммал билиши, балки мустақил фикрлаши, инсон ҳуқуқларига ҳурмат билан ёндашиши, процесс иштирокчилари билан тўғри мулоқот қилиши, ахборот технологияларидан фойдалана олиши, коррупциявий хавфларга нисбатан муросасиз бўлиши лозим. Шу боис юксак маънавий ва профессионал фазилатларга эга, адолат мезонларига қатъий риоя қилувчи судьялар корпусини шакллантириш лозим.
“Рақамли одил судлов” – суд иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларсиз, қулай ва тезкор суд муҳокамаси имкониятини яратиш. Стратегиянинг энг инновацион жиҳатларидан бири — суд фаолиятини рақамлаштиришга комплекс ёндашувдир. Бу жараён электрон ҳужжат айланиши ёки онлайн суд мажлислари билан чекланмаслиги керак.
“Халқаро эътироф” – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор халқаро стандартларни миллий суд амалиётига имплементация қилиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш. Миллий суд тизимининг халқаро стандартларга уйғунлашуви замонавий суд ислоҳотининг муҳим мезони ҳисобланади. Бунда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатлар, суд мустақиллиги принциплари, одил судловнинг умумэътироф этилган стандартлари ва хорижий давлатларнинг илғор суд амалиётини миллий ҳуқуқ тизимига жорий қилишда ҳуқуқий тизимни тарихий тараққиёт босқичларида шаклланиб келган миллий қонуниятларини инобатга олиш муҳимдир. Шунингдек суд ҳуқуқ соҳасини модернизация қилиш учун қабул стратегик ҳужжатлардан кўзланган мақсад ҳам мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги имиджини ошириб, халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришдир.
Маълумот учун: “Жаҳон одил судлови” халқаро ташкилоти Ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2025 йилги ҳисоботида Ўзбекистон 143 та давлат орасида 81-ўринни эгаллаб, ўтган йилга нисбатан 2 поғонага юқорилади. Индекс таркибидаги 8 та баҳолаш мезонидан 5 тасида мамлакатимиз кўрсаткичлари яхшиланган, 1 тасида эса ўзгаришсиз қолган.
Мазкур рейтинг ҳукумат ваколатларини чеклаш, коррупцияни жиловлаш, очиқ ҳукумат, инсон ҳуқуқлари, ҳимоя ва хавфсизлик, қонун назорати, фуқаролик судлови, жиноий судлов даражаси каби кўрсаткичлар асосида шакллантирилади. Ҳисоботда Ўзбекистон йил давомида ҳуқуқ устуворлиги соҳасида энг катта ютуққа эришган давлатлар қаторида алоҳида эътироф этилган. Бу эса мамлакатимизда адолатни таъминлаш ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш борасидаги тизимли ишлар самарасидир.
“Одил судлов–2030” стратегиясининг энг истиқболли йўналишларидан бири — “Рақамли одил судлов” дир.
Бу соҳада Европа Комиссияси тажрибаси айниқса эътиборга лойиқ.
Хорижий давлатларнинг ижобий тажрибасини қиёсий-ҳуқуқий таҳлил қиладиган бўлсак, жумладан Европа Комиссияси томонидан 2025 йил 20 ноябрь куни Брюсселда “Digital Justice 2030” дастури қабул қилинган.
Дастурнинг асосий мақсади — 2030 йилга қадар Европа Иттифоқига аъзо давлатларда суд-ҳуқуқ тизимини кенг кўламда рақамлаштириш, сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш ва фуқароларнинг одил судловдан рақамли воситалар орқали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдир. Ҳужжат рақамлаштиришни одил судлов тизимининг самарадорлиги, шаффофлиги ва қулайлигини оширишнинг муҳим омили сифатида белгилайди.
“Digital Justice 2030” доирасида қуйидаги устувор вазифалар белгиланган: суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини рақамлаштириш; асосий суд ҳуқуқ хизматларини онлайн шаклга ўтказиш; суд ишларини юритишда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтириш; судлар ўртасида электрон маълумот алмашинувини яхшилаш; фуқаролар ва бизнес субъектларининг одил судловдан онлайн фойдаланиш имкониятларини ошириш; судьялар, адвокатлар ва бошқа ҳуқуқшуносларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантириш.
Дастурда сунъий интеллект суд ҳужжатларини таҳлил қилиш, катта ҳажмдаги ҳуқуқий маълумотларни излаш, нутқни матнга айлантириш ва транскрипция, таржима, суд ишлари бўйича ортиқча иш юкламасини камайтириш каби йўналишларда қўлланиши мумкин. Шу билан бирга сунъий интеллектдан фойдаланиш инсон назорати, ишончлилик, хавфсизлик, шаффофлик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш талаблари билан уйғунлаштирилиши лозим.
2030 йилга қадар ҳуқуқшунослар учун қонун ҳужжатлари ва суд амалиётига онлайн кириш имкониятларини сезиларли даражада яхшилаш мақсад қилинган. Шунингдек, Legal Tech компаниялари учун етарли ҳажмдаги суд амалиёти маълумотларидан фойдаланиш имкониятини яратиш назарда тутилмоқда.
ЕИга аъзо давлатларда суд тизимларини рақамлаштириш даражаси бир хил эмас. Шу сабабли Комиссия давлатлар ўртасида илғор тажриба алмашиш, самарали рақамли воситаларни биргаликда қўллаш, умумий IT ечимлар ва маълумот стандартларидан фойдаланиш, рақамлаштириш натижаларини мунтазам мониторинг қилиш механизмларини кучайтиришни таклиф қилмоқда. Рақамлаштиришда эришилган натижалар асосан EU Justice Scoreboard орқали баҳоланади. Рақамли суд тизимининг барқарор ишлаши учун ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликка алоҳида эътибор қаратилади.
Шу билан бирга, судьялар, прокурорлар, адвокатлар ва бошқа суд-ҳуқуқ соҳаси мутахассисларининг рақамли компетенцияларини ошириш муҳим вазифа сифатида белгиланган.
Шу мақсадда “Digital Justice 2030” билан бир вақтда 2025–2030 йилларга мўлжалланган European Judicial Training Strategy ҳам қабул қилинган.
Испания “Justicia 2030” стратегик дастури 2020–2030 йилларга мўлжалланган асосий мақсади — адлияни фуқаролар учун очиқ, самарали, рақамли, барқарор ва қулай давлат хизматига айлантириш. “Justicia 2030” модели – 3 мақсад, 9 дастур, 27 лойиҳа, 47 та кичик лойиҳалардан иборат.
Дастур бўйича ҳар бир суд округида Tribunal de Instancia ташкил этиш, унга мос суд офиси (Oficina Judicial)ни шакллантириш кўзда тутилган. Бу ўзгаришлар ҳудудий яқинлик, рақамлаштириш ва адлиядан тенг фойдаланишни кучайтиришга қаратилган.
“Justicia 2030”да рақамлаштириш алоҳида IT-лойиҳа эмас, балки бутун суд-ҳуқуқ тизимини ўзгартиришнинг асосий инструменти сифатида қаралади. Рақамли суд лойиҳаси бўйича электрон суд ҳужжатларини юритиш, масофавий процессуал ҳаракатларни амалга ошириш; идоралараро интеграциялашган маълумот алмашинуви; онлайн суд статистикаси ва аналитикасининг юритилишини такомиллаштириш белгиланган. Дастурнинг муҳим хусусияти cogobernanza, яъни ҳамкорликда бошқариш бўлиб, “Justicia 2030” кўп субъектли институционал трансформация модели ҳисобланади.
Шу жиҳатдан Испания тажрибасининг энг муҳим томони — судларни нафақат рақамлаштириш, балки судда иш юритиш, суд процесси, идоралараро интеграциялашувнинг бир вақтнинг ўзида трансформация қилишдир.
Эстония e-File тизими орқали суд ишларини электрон шаклда бошлаш, ҳужжат ва шикоятларни юбориш, иш материалларидан фойдаланиш ҳамда суд билан электрон алоқани амалга ошириш мумкин. Европа e-Justice Portal маълумотларига кўра, Эстониянинг e-File тизими фуқаролик, маъмурий, жиноий ва ҳуқуқбузарлик ишларининг муайян жараёнларини қамраб олади. Электрон портал орқали суд ҳужжатларини юбориш ва қабул қилиш, иш материалларидан фойдаланиш, суд мажлислари, процессуал муддатлар ҳақида маълумот олиш имконияти мавжуд.
Хорижий давлатлар тажрибаси ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қиёсий таҳлилига хулоса қиладиган бўлсак замонавий суд моделининг амалиётга жорий этилиши натижасида фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг самарали механизми яратилишига, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада ошишига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилашга, шу жумладан Ҳуқуқ устуворлиги индексининг Жиноий одил судлов таркибий индикаторларидаги мавқеини яхшилашга ёрдам беради.
Дилдора Анварова,
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман
судининг тергов судьяси
Улашиш:
Бошқалар
Чуқурга тушган машина учун ким жавобгар: ҳайдовчими ёки йўл эгасими?
Демак, «йўл учун давлат жавоб беради» деган умумий хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас.
Автомобиль йўлларини таъмирлашга ким масъул? Муҳим қоидалар
Сифатли йўл — нафақат қулайлик, балки ҳаракат хавфсизлигининг муҳим кафолатидир.
Даромадни яшириш қандай оқибатларга олиб келади?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 174-моддасида солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш учун жавобгарлик белгиланган.
Квартира сотиб олаётганда нималарни текшириш керак?
Квартира харид қилишда шошилиш энг катта хатолардан бири бўлиши мумкин.