Life Style
10.12.2025
260

Оила ва жамият, жамият ва оила. Иккаласини бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Булар бир-бирига боғланган иккита халқадир. Мустаҳкам ва бахтиёр оилани пок инсонлар яратади. Жамият—ўша оила ҳосиласи. Демак, жамиятнинг тоза, боқий бўлиши оилаларга, яъни давлат эътиборининг қай даражада эканлигига ҳам кўп жиҳатдан боғлиқдир. Бу эса дунёнинг ўзгармас низом ва интизомларидан биридир.
Оила табиатнинг шоҳ асари, жамиятнинг дуру гавҳаридир. Одамзот жуда қадим замонлардан ҳаётидаги энг гўзал орзу-истакларини мустаҳкам ва бахтли оила билан боғлаб келган. Покиза оилалар ойдин, ошкора никоҳ замирида вужудга келади. Никоҳ эркак ва аёл ўртасидаги ишқий муносабатнинг, аввало ҳар икки томондан эътироф этилишидир. Энг муҳими, янги пайдо бўлган оила—эр-хотинликни ўзгаларга маълум этмоқдир.
Ҳар қандай жамиятда никоҳ орқали эркак ва аёлнинг ўзаро табиий муносабатлари тартибга солинади. Яъни, никоҳ оиладаги ҳуқуқий бурч ва мажбуриятлар тизимини яратувчи ягона мезондир. Аммо, никоҳнинг мазмун ва моҳияти бу билан чекланмайди! Никоҳ—инсонни тик тутиб турувчи мўъжизавий туйғу!
Шундай экан, инсоният тарихининг қайси бир даврини синчиклаб ўрганманг, оила жамиятнинг муҳим негизи бўлганлигига амин бўласиз. Айниқса, Марказий Осиё халқларида оила ва никоҳ ҳуқуқларининг ҳозиргача давом этиб келаётган шаклларининг илдизи тарихан жуда қадим даврларга бориб тақалади. Чунончи, оилаларнинг шаклланиши, тараққиёт босқичлари тўғрисида ҳикоя қилувчи кўплаб илмий, илмий-оммавий ишлар мавжуд.
Конституциямизнинг XIV боб 76-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги белгиланган. Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.
Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади.
Конституциямизнинг 77-моддасига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради. Шунингдек, 78-моддасида фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар деб кўрсатилган. Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.
Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади.
Асосий қонунимиз бўлган Конституциямизда белгиланган нормаларга албатта амал қилишимиз ва ҳаётга тадбиқ қилишимиз лозим бўлади. Ёшларни оилага таёрлашда “Оила мактаблари” машғулотларида ҳуқуқшунос, психолог, тиббиёт ходимлари, диний ташкилот вакиллари томонидан ҳаётий мисоллар билан олиб борилаётган тушунтириш ишлари ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда. Бироқ, бу имкониятлардан оқилона фойдаланмаётган баъзи ёшларимиз ажралиш ёқасига келиб қолаётганлиги ачинарли ҳолатдир.
Тарафларнинг судга берилган аризалари бўйича фақат муддат бериш билан чекланиб қолиш эмас, низоли ҳолатларни бартараф этишда медиаторлар сифатида Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаси, туман оила ва хотин-қизлар бўлими, судьялар, имом хатиб, отинойи ва тиббиёт бирлашмаси ходимлари иштирокида Миробод туманлараро судида ташкил қилинган медиа марказида олиб борилаётган очиқ мулоқот суҳбатлар ва атрофлича тушунтиришлар жараёнида Миробод, Яшнобод ва Бектемир туманида истиқомат қилаётган ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар яраштирилмоқда. Шунингдек уларга мулкий муносабатлар бўйича ҳам ҳуқуқий тушунтиришлар берилмоқда.
Оила жамиятнинг бошланғич негизи экан, демак уни авайлаб асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Нозима Абдусаламова,
Фуқаролик ишлари бўйича
Миробод туманлараро суди судьяси
Улашиш:
Бошқалар
Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари: муҳим 5 саволга жавоб
Электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Магистратурада ўқишда хотин-қизларга бериладиган имтиёзлар
Магистратура босқичида тўлов-контракт асосида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт суммалари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Никоҳ шартномаси — оилавий барқарорлик ва ўзаро ишонч кафолати
Замонавий жамиятда ҳаёт суръати тезлашиб, инсонларнинг турмуш тарзи ҳам сезиларли даражада ўзгармоқда.
Болаларни мактабга жойлаштиришнинг ҳуқуқий асослари ва муҳим қоидалари
Ҳар бир бола бепул умумий ўрта таълим олиш ҳуқуқига эга.