Ўзбекистон
10.12.2021
364
Давлат гимни чалиниб, Мадҳиямиз янграганида, тинчлик-осойишталигимиз рамзи бўлган байроғимиз баланд кўтарилганида, титрамаган вужуд вужудми! Бир лаҳзада кўнгилларга ҳам ҳаяжон, ҳам ғурур, фахру ифтихор ҳисларини жойлагувчи бу сеҳрли муждалар озод миллатимизнинг дунёда борлигини белгилаб турувчи муқаддас Давлатимиз рамзлари ҳисобланади. Бугун оламни маҳлиё айлаган диёримизнинг миллий рамзи бўлган Давлатимиз Мадҳияси навқирон 29 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан юртимизда тантанали тадбирлар, байрам кечалари ўтказилмоқда. Пойтахтимизнинг “Халқлар дўстлиги” майдони ҳам бугун эрта тонгдан ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Қиш фасли бўлишига қарамай, об-ҳаво ҳам байрамона кайфиятда! Декабрь қуёшининг ёқимли тафтидан дил ёришади. Майдонда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон” шиори остида тантанали байрам тадбири ташкиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида олимлар, шоир ва ёзувчилар, санъат ва маданият намояндалари, профессионал хор жамоалари, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардиянинг ҳарбийлар оркестрлари, Ички ишлар вазирлиги Маданият саройи оркестори, академик лицей ва академия курсантлари ҳамда эстрада хонандаларининг чиқишлари ташкил этилди. Тадбир доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази Ёшлар агентлиги билан ҳамкорликда ўтказган “Менинг фарзандим — Ўзбекистон фахри” акцияси доирасидан ҳар бир ҳудуддан 5 нафардан энг фаол, интилувчан ғолиб ёшлар ва уларнинг ота-оналари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан “Ватаним мадҳиясини куйлайман!” шиори остида танлов эълон қилинган эди. Тантанали байрам тадбири доирасида ушбу танлов ғолибларини ҳам тақдирланди. Болаликдан ҳарбий либос кийиш орзуси кўпчилик ўғлонларимизга ишонч ва умид беради, дадил қадамлар ташлашга, дадил қарорлар қабул қилишга ундайди. Пойтахтга илм иштиёқида республикамизнинг турли вилоятларидан келган ёшлар билан суҳбатлашдик. Ўйинқароқ болалигини-ю, тенгдош дўстларини, ота-онаси-ю яқинларини олисга ташлаб, аҳдига содиқ фарзанд ва Ватанга муносиб посбон бўлишга интилаётган бу ёшларнинг бири отасига, яна бири аскар акасига ҳавас қилганини, уларга ўхшашни жуда-жуда хоҳлашини биздан яширмади. Биз суҳбатда бўлган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қошидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчилари ҳам Ватанни мадҳ қилувчи қўшиқлари билан байрам тадбирида фаол иштирок этишди. Аскарлардек сафланган, байрамона оппоқ либоси ўзига ярашган сурхондарёлик Самариддин Эшбоев, сирдарёлик Сухроб Қодиров, қашқадарёлик Салоҳиддин Олимназаров, самарқандлик Соҳиб Амируллаев, бухоролик Озодбек Илҳомов, Асилбек Бекмуродов, навоийлик Элбек Қодиров, Меҳрож Пўлатов, жиззахлик Султонбек Абдурасулов, қашқадарёлик Шохруҳ Жомуродов, ўрта чирчиқлик Достон Маматов сингари истеъдодли ўқувчиларнинг ҳаммаси ҳам Ватан ҳимоячиси бўлишга, ўзлари фахр билан айтганидек, Ўзбекистон Республикаси учун хизмат қилишга аҳд қилган ёшлардан! Нигоҳларида ишонч, қадамларида шаҳд, сўзларида дадиллик сезилиб турган ёшлардан ўқув муассасасидаги тартиб-қоидалар ҳақида ҳам сўрадик. — Тошкентга ўқигани келганмиз, телефон ишлатмаймиз, уйдагилар билан гаплашмоқчи бўлсак, дам олиш кунида телефон ишлатишга рухсат бор, — дейди Соҳиб Амируллаев. — Дарсдан бўш вақтимда кутубхонадан китоб олиб ўқийман, спорт билан шуғулланаман. — Бугунгидек тадбирларда кўп қатнашамиз, — дейди Сухроб Қодиров суҳбатимизга қўшилиб. — Байрам баҳона театрга борамиз бугун жамоамиз билан. Бўлажак Ватан ҳимоячиларининг бўш вақти камлиги, фойдали машғулотлар билан машғуллиги, тенгдошлари каби қўл телефонга, интернет ўйинларига муккасидан кетмагани бизни қувонтирди. Оиласи билан байрамга келган янгийўллик Сохиб Турсоатовнинг икки ўғилчаси ҳам отасидек ҳарбий либос кийганлардан, шамолда хилпираб турган юртимиз байроғидан кўзини узмайди. Байрамларга болалар билан келишнинг ибратли жиҳати кўп. Болалардек байрамшинаванда бўлмаса керак! Аскарлик либоси бўй-бастига ярашган отасининг дўстларига ҳавас билан боқаётган бу мурғак ўғлонлар ҳам эртага Ватанга содиқ фарзанд бўлай, дейди. Ҳарбий либоси ўзига ярашган Ватан посбонлари озодлигимиз рамзи бўлган байроғимизни хилпиратиб, саҳнага чиқишади. Узунлиги юз метрлик, рамзийлиги суқур маъно-мазмун кашф этган улкан байроқда юртимиз осойишталиги, халқимизнинг тинчлик-хотиржамлиги, аждодлар орзуси-ю, авлодлар бардавомлиги, асрлар оша яшаб келаётган миллийлигимиз акс этгандек туюлади менга. Шу лаҳзада Ватанни баралла мадҳ этаётган хонандадан бошқа ҳамма жим хаёлга берилади. — Бу байроқни келиним Маҳбубахон тиккан, — дейди фахр билан ёнимда турган Махбура ая Қодирова кўзлари яшнаб. — Қаранг, қандай чиройли! Қўли гул чевар шогирдларини жам қилиб, байрамга алоҳида совға билан келган бу аёлга ёнимиздаги ёшлар ҳавас билан қарайди. Айниқса, аёлнинг келинини мақташига байрамга келган ёш болали келинчакларнинг ҳаваси келади. Тадбиркорлик фаолияти мустақиллигимиз билан тенгдош бўлган “Аъло омад ривож” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Махбура Қодированинг айтишича, пойтахтимиз, юртимиз кўркига кўрк қўшиб турган кўпгина шундай улкан байроқларимиз корхона жамоасининг меҳнати мевасидир. Қайнонаси мақтагандек қўл-оёғи чаққон чевар Маҳбубахон ҳар бир ипига меҳрини қўшиб тиккан юрт байроғига боқиб байрам иштирокчилари фақат завқу шавқ эмас, эртанги кунга ишонч, Ватанни севишдек улкан меҳрни қалбга жо қилгани шубҳасиз! Спортчиларимизга халқаро олимпиадаларда, мусобақаларда ғалаба лаҳзаларида чексиз ғурур, фахру ифтихор ҳадя этувчи миллий рамзимиз ўзбекни дунёга танитаётган ҳар бир юртдошимиз учун қадрли, фахрлидир! Йиғилганлар омонат дунёда биз билан замондош бўлиб яшаб, ижод қилиб, Давлат Мадҳияси дунёга келишига бор истеъдодини, меҳрини жо қилган Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповни, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон Халқ артисти, бастакор Мутал Бурхоновни ёдга олишди. Улар ҳам бугун қалбимизда, эшитганимизда вужудимизга ҳаяжону титроқ солган Мадҳиянинг ҳар бир авжида, ҳар бир сўзида биз билан бирга яшамоқда. Икки буюк истеъдод эгасининг ижод маҳсули бўлган Мадҳиямиз ҳам, мустақиллигимиз ҳам бардавом бўлсин!
Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА, “Инсон ва қонун” мухбири
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.