Суд очерклари
25.03.2024
414

Одатда алимент қарздорлиги ҳақида гап кетганда собиқ рафиқасига зарда қилиб, фарзандини моддий таъминлашдан бош тортиб юрган, бу билан унинг хунобини ошираётган эркак кўз олдимизда гавдаланади. Аммо баъзан қарздор аёл киши ҳам бўлиши мумкин.
Андижон шаҳрида яшовчи Ёрқиной Долимова (исм-шарифлари ўзгартирилган) ана шундай оналик мажбуриятини бажармаган ҳамюртларимиздан бири эканига нима дейсиз?
Маълум бўлишича, Ёрқиной бир неча йил муқаддам фуқаро Қобилжон Долимов билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурган. Натижада 2007 йилда қизи Маликахон Қобулжонова, 2010 йилда эса ўғли Муҳаммаджон Қобулжоновлар туғилишган. Аммо вақт ўтиши билан эр-хотиннинг ўртасига совуқчилик тушиб, оиладан жанжал аримай қолади. Охир-оқибат Қобилжон билан Ёрқиной 2016 йилда ажрашиб кетишади. Ҳатто иккала фарзандлари ҳам уларни бир-бирига боғлаб қололмайди. Энг ачинарлиси, аёл жигарбандларини хўжайинига ташлаб кетади. Бундай бағритошлик бутун маҳаллани, қариндош-уруғ ва таниш-билишларнинг ҳам дилини хуфтон қилади. Бироқ энди кеч эди.
Шундан сўнг Қ.Долимов Ё.Долимовадан алимент ундириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судига ариза билан мурожаат қилади. Суднинг 2016 йил 13 октябрдаги суд буйруғига асосан бераҳм онадан собиқ хўжайини фойдасига 2 нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланади. Лекин…
Лекин Ёрқиной бошқа шахс билан турмуш қуриб, яна 3 нафар фарзандли бўлади. Малика ва Муҳаммаджоннинг моддий таъминоти ҳақида эса умуман ўйламайди. Яъни зиммасидаги мажбуриятини йиллар мобайнида бажармайди. Аниқроғи, 2022 йилга келиб, унинг алиментдан қарздорлиги 85 миллион 896 минг сўмга етади. Оқибатда 2022 йил 15 декабрда жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг қарорига асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддаси билан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари – 300 минг сўм миқдорида жарима жазосига тортилади. Аммо Ё.Долимова шунда ҳам ўзига тегишли хулоса чиқармай, 2023 йил 13 апрелдан 2023 йил 1 декабрга қадар алиментни тўламайди. Қарабсизки, ҳаш-паш дегунча аёлнинг бўйнида яна 15 миллион 677 минг сўм қарздорлик пайдо бўлади. Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Яқинда мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида кўриб чиқилди. Суд Ёрқиной Долимовани Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари – 1 миллион 700 минг сўм жарима жазосига маҳкум этди. Шунингдек суд ҳукмида судланувчидан Қ.Долимов фойдасига 15 миллион 677 минг сўм алимент пулларини ундириш ҳам белгиланди.
Муҳайёхон ТУРДИЕВА, жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг судьяси
Улашиш:
Бошқалар
Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин
Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.
Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?
Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида жиноят ҳуқуқи: асосий тушунчалар ва принциплар
Жиноят ҳуқуқи — бу фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларни аниқлаш, уларни содир этган шахсларга жазо тайинлаш орқали жамиятда тартиб ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий соҳадир.
Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати
Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.