currencies image

12 938,11 UZS

18,11

usd

currencies image

14 076,66 UZS

25,52

eur

currencies image

149,99 UZS

0,47

ru



АсосийЯнгиликларОғзаки келишувни бажариш шартми? Шартнома тузишдаги 5 муҳим жиҳат

Оғзаки келишувни бажариш шартми? Шартнома тузишдаги 5 муҳим жиҳат

Ҳуқуқ

calendar

19.02.2024

eye

1 209

Оғзаки келишувни бажариш шартми? Шартнома тузишдаги 5 муҳим жиҳат© Фото: Hudud24.uz

Инсоннинг кундалик ҳаёти шартномалар устига қурилган. Эшик хатлаб, кўчага чиқиш ёки чиқмаслигимиздан қатъий назар кун давомида турли шартномалар тузамиз. Масалан, такси, жамоат транспортидан фойдаланганимизда, тушликка овқат буюртма қилганимизда, уяли алоқа, интернет учун тўловни амалга оширганимизда ёки бировга қарз берган/олганимизда шартномавий муносабатларга киришамиз.

Қонунчиликда шартнома тузишга нисбатан маълум талаблар бор. Уларни билмаслик аксарият ҳолатда ҳеч қандай жавобгарлик келтириб чиқармайди. Талабларга риоя этмасак-да, “олди-берди”миз ўз йўлида давом этаверади. Аммо ўртада келишмовчилик чиққанда бу қоидалар “гапиради”.

Ушбу мақолада Hudud24.uz колумнисти Муроджон Нажмиддинов ёзма ва оғзаки шартномалар, уларга қўйилган талаблар ҳамда мазкур талабларга риоя қилинмаслиги оқибатлари тўғрисида сўз юритади.

Манба: Pinterest

1. Оғзаки келишувларни бажариш шартми?

Шартнома деганда кўз олдимизга одатда камида икки томон имзоси билан тасдиқланган ёки муҳр босилган ҳужжатлар келади. Аммо қонунчиликка асосан ҳамма шартнома ҳам расмийлаштирилмаслиги, оғзаки бўлиши ҳам мумкин. Хусусан, келишилган ҳаракат ўша пайтнинг ўзида бажарилса, шартнома оғзаки равишда тузилади.

Масалан, овқат буюртма қилиш, бозор ёки бошқа савдо мажмуасидан харид қилиш, такси хизматидан фойдаланиш ва бошқалар. Шунингдек, оммавий шартномалар оғзаки шаклда тузилади. Хўш, оммавий шартноманинг ўзи нима? Оммавий шартномада бир томон ўз хизмат ёки товарини барчага таклиф қилади ва унга мурожаат қилган ҳар бир киши билан шартнома тузиш мажбуриятини олади. Мисол учун, умумий овқатланиш. Кафе овқатланиш учун келган исталган кишига хизмат кўрсатиши шарт.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, оғзаки шартномалар ҳам ҳуқуқий оқибат келтириб чиқиб, келишувни бажариш шарт ҳисобланади.

2. Эълондаги ваъдалар бажарилиши шарт

“Паспорт/ҳамён йўқолган, топган одамга 1 млн сўм мукофот бор” – шу сингари эълонларга аксариятнинг кўзи тушган бўлса керак. Хўш, бу вазиятда мукофот ваъда қилинган ишни бажарган одамнинг қандай ҳуқуқлари бор?

Фуқаролик кодексига асосан эълонда кўрсатилган ҳаракатни ким унда белгиланган муддатда бажарса, эълон берган киши унга эълондаги мукофотни бериши шарт. Агар мукофотда унинг миқдори кўрсатилмаган бўлса, у ўзаро келишиб олинади. Келишолмаганда эса суд томонидан белгиланади.

3. Келишувлар қачон ёзма тузилиши керак?

Қонунчиликка асосан нотариал тасдиқланиши талаб этиладиган битимлардан ташқари қуйидаги битимлар оддий ёзма шаклда тузилади:

  • ташкилотларнинг (юридик шахслар) бир-бири ҳамда фуқаролар билан тузадиган битимлари (масалан, кредит ва омонат шартномалари);
  • фуқаролар ўртасидаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан (бугунги кунда 3,4 млн сўм) ортиқ суммадаги битимлар, қонунда белгиланган ҳолларда эса — битим суммасидан қатъи назар, бошқа битимлар.

Яна шуни ҳам айтиш керакки, оғзаки битимларни ҳам тарафларнинг истагига кўра ёзма шаклда расмийлаштириш мумкин. Бу борада қонунчилик ҳеч қандай тақиқ ўрнатмайди.

4. Ёзма тузилиши керак бўлган келишув оғзаки тузилса, нима бўлади?

Айтайлик, танишингизга 5 млн сўм миқдорида қарз бердингиз. Амалдаги тартибга кўра 3,4 млн сўм қийматидан юқори битимлар ёзма равишда тузилиши керак. Шу ҳолатда танишингиз пулни қайтаришдан бош тортса, нима бўлади? Шартнома тўғри расмийлаштирилмаганлиги уни қарзни тўлашдан озод қиладими?

Қонунга кўра, фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт.

Хўш, ушбу шартга риоя қилмаслик сиз учун қандай салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин? Авваламбор, ёзма тузилиши керак бўлган битимнинг оғзаки тузилиши унинг бекор бўлишига олиб келмайди (агар қонунда тўғридан тўғри кўрсатилган бўлмаса). Аммо орада келишмовчилик чиққанда қатор муаммоларга сабаб бўлади.

Биринчидан, қарз шартларини исботлаш мураккаблашади. Масалан, қарз берилган сумма, уни қайтариш шакли, куни ва жойи ҳамда фоизларни (агар бўлса) исботлаш қийинлашади. Иккинчидан, битим шартларини гувоҳлар орқали исботлаш имконияти йўқолади. Масалан, бировга қарз берганингизда олдингизда қарздордан ташқари яна бошқа киши ҳам бор эди. Бироқ қарздор сиздан пул олганидан тонса, бу одам гувоҳлик бера олмайди.

Хўш, бундай ҳолда нима қилиш керак? Шартнома шартларини гувоҳ ёрдамида исботлаш имконияти бўлмаса-да, бошқа далиллардан фойдаланиш мумкин. Масалан, ёзиб олинган телефон сўзлашувлари, ёзишмалар, аудио, видеотасвирлар.

5. Қандай келишувлар нотариал тасдиқланиши, давлат рўйхатидан ўтказилиши керак?

Айрим шартномаларга уларнинг аҳамияти ва шартнома объектидан келиб чиқиб, оддий ёзма шаклдан ташқари битимни нотариал тасдиқлатиш ва (ёки) давлат рўйхатидан ўтказиш талаби ҳам қўйилиши мумкин.

Хусусан, қуйидаги ҳолларда битимларни нотариал тасдиқлаш шарт:

  • қонунда кўрсатилган ҳолларда. Бундай ҳолларга мисол сифатида кўчмас мулк, шунингдек, транспорт олди-сотдиси, ишончномаларни кўрсатиш мумкин;
  • тарафлардан бирининг талаби бўйича. Фуқаролар исталган шартномани нотарил тасдиқлатиши мумкин.

Ер участкалари ва бошқа кўчмас мол-мулк билан боғлиқ битимлар (бошқа шахсга бериш, ипотека, узоқ муддатли ижара, меросни қабул қилиб олиш ва бошқалар) давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Улашиш:

Бошқалар

24-феврал 2025, 07:44
1 158

Ипотека кредитлари учун субсидия олишга аризалар қабули бошланади

​​​​​​​Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар тўлашнинг тасдиқланган мақсадли кўрсаткичлари доирасида аризаларни 3 март куни соат 09:00дан бошлаб жўнатиш мумкин.


5-март 2025, 11:31
827

Субсидияга ариза бериш бошланди: муҳим 7 саволга жавоб

Субсидия олиш учун давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали ариза берилади.


1-март 2025, 04:18
750

Рўйхатдан ўтган такси ҳайдовчилари учун қулайлик

Солиқ қўмитаси маълум қилишича, ўзини ўзи банд қилган таксистларнинг 2024 йилда даромади 100 миллион сўмдан ошган бўлса ҳам, 2025 йилда ҳисоб-китоб қайтадан бошланади. 2025 йил давомида 100 миллион сўмгача бўлган даромад солиққа тортилмайди.


15-феврал 2025, 08:58
728

Ишланмайдиган байрам ва дам олиш кунларида ходимларни ишга жалб қилиш тартиби қандай?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 209-моддасига асосан дам олиш кунларида ва ишланмайдиган байрам кунларида ишлаш таъқиқланади.