Тармоқда нима гап?
05.12.2025
65

Озодликдан маҳрум этиш жазосини ижро этиш тизимида маҳкумлар меҳнати жазони ижро этишнинг муҳим элементи ҳисобланади. Қонунчилик нормаларига кўра, маҳкумларни меҳнатга жалб этишнинг асосий мақсади — уларда ижтимоий-фойдали фаолиятга эҳтиёжни шакллантириш, меҳнат интизоми ва масъулиятини оширишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексида маҳкумларнинг меҳнатга жалб этилиши тартиб-қоидалари ёритиб берилган. Хусусан Кодекснинг 88-моддасида маҳкумларнинг меҳнати жинс, ёш, саломатлик, меҳнат қобилияти ва эҳтиёждан келиб чиқиб ташкил этилиши баён этилади. Шу билан бирга, меҳнат муносабатлари умумий меҳнат қонунчилиги билан тартибга солинади, аммо жазони ижро этиш тизимига хос чеклов ва истиснолар мавжуд.
Маҳкумлар, одатда, жазони ижро этиш муассасаларининг корхоналарида меҳнат қилади. Айрим ҳолларда бошқа корхонада ҳам ишлаши мумкин, аммо бунда тўлиқ қўриқлаш ва ажратиш талаб этилади.
Хусусий шахслар манфаати учун меҳнат қилиш қатъиян тақиқланади.
Қонунчилик меҳнатдан озод қилинадиган тоифаларни ҳам белгилайди:
Аёллар ва вояга етмаганлар меҳнати оғир ва зарарли ишларга жалб қилиниши мумкин эмас.
Озодликдан маҳрум этилган шахслар учун тақиқланган ишлар рўйхати
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидалари»нинг (рўйхат рақами 2495, 29.07.2013 й.) 338-бандига кўра қуйидаги ишларда маҳкумларни ишлаши тақиқланади:
Жумладан:
— ҳарбий объектлар, штаблар, қурол-яроғ сақланадиган жойлар;
— нусха кўпайтириш, компьютер ва алоқа воситалари билан боғлиқ ишлар;
— моддий жавобгарлик талаб этиладиган лавозимлар (кассир, бухгалтер, омбор мудири);
— дори воситалари, портловчи ва заҳарли моддалар билан боғлиқ ишлар;
— шифокор, ҳайдовчи, фотосуратчи каби вазифалар;
— бошқаларга раҳбарлик қилишни талаб etadigan лавозимлар;
— маҳсулот қабул қилиш ва сифатини текшириш;
— хизмат итлари билан боғлиқ ишлар.
Шу билан бирга, манзил-колонияларда муайян шароитларда маҳкумлар қишлоқ хўжалиги техникаларини ва юк ташувчи транспорт воситаларини бошқариши мумкин, аммо одам ташишга мўлжалланган транспорт воситаларини ҳайдаш қатъиян тақиқланади.
Иш вақти ва унинг махсус тартиби
Жиноят-ижроия кодексининиг 90-моддасига кўра маҳкумлар учун асосий иш режими 6 кунлик иш ҳафтасида бўлиб, иш вақти умумий меҳнат қонунчилигида белгиланган меъёрдан ошмаслиги шарт.
Ишдан ташқари, дам олиш ёки байрам кунларида ишга жалб этиш фақат ишлаб чиқариш заруратида ва қонунчиликдаги чекловларга риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.
Махсус тоифаларга (вояга етмаганлар, I-II гуруҳ ногиронлари, ҳомиладорлар) нисбатан қўшимча кафолатлар мавжуд.
Тунги ишга жалб этиш учун ҳам меҳнат қонунчилигидаги талаблар сақланади.
Дам олиш ҳуқуқи
Меҳнатга жалб этилган маҳкумлар ҳафтада камида бир дам олиш кунига эга. Байрам (ишланмайдиган) кунларида ишдан озод қилинади. Ҳар йилги меҳнат таътили одатда берилмайди. Фақат манзил-колонияларда жазо ўтаётганлар 15 иш кунилик тўланган таътилга чиқиш ҳуқуқига эга.
Меҳнатга ҳақ тўлаш умумий меҳнат қонунчилиги асосида амалга оширилади. Ойлик ҳақ ягона тариф еткасига мувофиқ 1-разрядидан кам бўлиши мумкин эмас.
Маҳкумларнинг шахсий ҳисобварағига ўтказилиши шарт бўлган минимал улуш:
— оддий маҳкумлар учун — 25% дан кам эмас;
— ҳимояга муҳтож тоифалар учун (55 ёшдан ошган аёллар, 60 ёшдан ошган эркаклар, I-II гуруҳ ногиронлари, ҳомиладорлар, боласи бор аёллар, манзил-колония ва тарбия колониясидаги маҳкумлар) — 50% дан кам эмас.
Меҳнат ҳақи тўланмайдиган ишлар
Маҳкумлар жазони ижро этиш муассасаларини ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, шунингдек маданий-маиший шароитни яхшилаш ишларигагина меҳнат ҳақи тўламай жалб этилиши мумкин.
Бу ишлар ишдан ташқари вақтда, ҳафтасига 2 соатдан кўп бўлмаган миқдорда, навбатма-навбат амалга оширилади.
Пенсия ва ижтимоий солиқ масалалари
Маҳкумлар меҳнати учун тўланган харажатлар ижтимоий солиқка тортилади ва бу муддат умумий меҳнат стажига қўшилади.
Тизим маъмурияти маҳкум озод бўлишидан камида 3 кун олдин Пенсия жамғармасига маълумот юборади. Озод қилинганда унга қоғоз шаклида маълумотнома топширилади.
Пенсия тўлаш одатда тўхтатиб турилади. Манзил-колониялардаги маҳкумлар бундан истисно — улар пенсияни ўз ҳисобварақларига олишда давом этади.
Озод этилгандан кейин улар умумий тартибда пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлади.
Хулоса
Қонунчилик маҳкумлар меҳнатини:
— тартибга солади,
— ҳимоя қилади,
— чеклайди,
— ишлаб чиқариш эҳтиёжлари билан уйғунлаштиради.
Меҳнат маҳкумларни жамоага қайтариш, ижтимоий фойдали фаолиятга одатлантиришнинг асосий воситаси сифатида белгиланган. Шу билан бирга, меҳнат ҳуқуқлари, дам олиш, ҳақ тўлаш, пенсия таъминоти каби инсон ҳуқуқларига оид кафолатлар ҳам сақланган.
Фазлиддин Насруллаев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Наркожиноятлар учун жиноий жавобгарлик кескин оғирлаштирилади
Миллий дастурга кўра, Интернетдаги наркожиноятларга қарши курашишга ёшлар кенг жалб қилинади.
Банк сирига нималар киради ва қачон ошкор қилиниши мумкин? Муҳим 5 саволга жавоб
Банк, унинг мижози (вакили) ва Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.
Давлат фуқаролик хизматчиси билиши лозим бўлган муҳим қоидалар
Давлат фуқаролик хизматчиси – бу қонунчиликка асосан давлат органларида доимий, профессионал асосда ишловчи, давлат вазифаларини амалга оширувчи шахсдир.
5 кунлик иш ҳафтаси, ярим млрд мукофот, ипотекага уй-жой: тиббиёт ходимлари учун янги рағбат ва имтиёзлар
2026 йилдан бошлаб ҳар бир давлат тиббиёт муассасаси ходими Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида бир марталик рағбатлантириш олади.