currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларПаспорт муддати ўтса жарима тўлайманми?

Паспорт муддати ўтса жарима тўлайманми?

#NoComment

calendar

06.05.2026

eye

68

Паспорт муддати ўтса жарима тўлайманми?

 – Паспортимнинг амал қилиш муддати 17 кун ўтиб кетибди. ID карта олишимда паспортимнинг муддати ўтиб кетгани учун жарима тўлайманми?

– 2011-йил 5-январдаги “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти тўғрисида”ги Низомга кўра, фуқаро паспортининг амал қилиш муддати тугагандан сўнг ёки фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва миллати ўзгаргандан сўнг паспортини бир ой муддатда ID-картага алмаштириши лозимлиги таъкидланган. Сизда паспортингиз муддати тугаганидан кейин уни ID картага алмаштириш бўйича бир ой муддат мавжуд. Ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига ID карта олиш учун мурожаат қилинг.

Кимлар жаримага тортилмайди?

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга кўра, ўн саккиз ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ўн олти ёшга тўлиши муносабати билан идентификацияловчи ID-картасини ўз вақтида олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди.

Ўн саккиз ёшгача бўлган, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс ўн олти ёшга тўлиши муносабати билан идентификацияловчи ID-картасини ўз вақтида олмаганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилмайди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс талабларига мувофиқ, шахсни тасдиқловчи ҳужжатни ўз вақтида алмаштирмаслик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Демак, паспорт муддати тугаб, у янгиланмаган бўлса, фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс 223-моддасида паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортсиз ёки идентификацияловчи ID-картасиз, амал қилиш муддати тугаганлиги сабабли алмаштирилиши лозим бўлган паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта билан яшаши, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картасиз (яшаш гувоҳномасисиз), амал қилиш муддати тугаганлиги сабабли алмаштирилиши лозим бўлган идентификацияловчи ID-картаси (яшаш гувоҳномаси) билан яшаши, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Паспорт муддати ўтиб кетса, одатда жарима қўлланилади. Шунинг учун фуқаролар ҳужжатларининг амал қилиш муддатига эътиборли бўлишлари ва уни ўз вақтида янгилашлари керак. Бу нафақат жаримадан қутқаради, балки турли расмий ишлар ва хизматлардан фойдаланишда муаммоларни ҳам олдини олади.

Улашиш: