Ҳуқуқ
22.10.2026
21

Ўзбекистонда таълим тизимида психологик хизматни ривожлантириш, педагоглар ва ўқувчиларнинг психологик ҳолатини баҳолаш ҳамда уларга зарур ёрдам кўрсатишга қаратилган янги тартиб жорий этилмоқда. Унга кўра, таълим ташкилотлари педагоглари ва ўқувчилари бир ўқув йилида камида бир марта мақсадли психологик диагностикадан ўтказилади.
«Узлуксиз таълим тизимида психологик хизмат соҳасини илмий асосда ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига (ПҚ–379-сон, 2026 йил 19 октябрь) мувофиқ, психологик диагностика барча таълим ташкилотларида босқичма-босқич йўлга қўйилади.
Биринчи босқичда, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб, мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида ушбу тизим жорий этилади. Иккинчи босқичда эса, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб, ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотлари ҳам қамраб олинади.
Диагностика педагоглар, тарбиячилар, ўқувчилар, тарбияланувчилар ва талабаларнинг психологик ҳолатини аниқлаш, уларнинг эҳтиёжларини баҳолаш ҳамда тегишли психологик ёрдамни ташкил этишга хизмат қилади.
Янги тартибга кўра, психологик диагностика Психология илмий-тадқиқот институти томонидан юритиладиган махсус электрон платформа орқали ташкил этилади. Бунда шахсга доир маълумотлар ва диагностика натижасида аниқланган маълумотларнинг сир сақланиши таъминланиши белгиланган.
Диагностика натижалари сунъий интеллект технологиялари ёрдамида таҳлил қилинади. Таҳлил асосида педагоглар ва таълим олувчилар учта гуруҳга ажратилади: «психологик барқарор», «психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож» ва «фаол психологик қўллаб-қувватлаш зарур».
«Психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож» деб топилган шахсларга таълим ташкилотининг психологи бириктирилади. «Фаол психологик қўллаб-қувватлаш зарур» гуруҳига киритилганларга эса тегишли ҳудуд бўйича ментор психолог ёрдам кўрсатади.
Бундай ёндашув психологик қўллаб-қувватлашни аниқланган эҳтиёжга қараб ташкил этиш, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва таълим муҳитида психологик барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Қарорда психологик хизматни ривожлантиришда иштирок этадиган мутахассисларни рағбатлантириш чоралари ҳам белгиланган.
Каскадли малака ошириш курсига ўқитувчи сифатида жалб этилган психологларга курс даврида асосий иш жойидаги лавозим маошига нисбатан 20 фоиз миқдорида устама тўланади.
Шунингдек, ўқув йили давомида психологик барқарорликни таъминлашда юқори кўрсаткичларга эришган 150 нафар ментор психолог меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баравари миқдорида бир марталик моддий рағбатлантирилади.
Таълим ташкилотларида фаолият юритувчи психологик хизмат ходимлари учун ҳам малака ошириш бўйича талаб белгиланган. Унга кўра, улар беш йилда камида бир марта ўз малакасини ошириши шарт.
Ушбу талаб психологларнинг касбий билим ва кўникмаларини янгилаб бориш, замонавий диагностика усулларини ўзлаштириш ҳамда таълим олувчилар ва педагогларга кўрсатиладиган психологик хизмат сифатини оширишга қаратилган.
Қарорга мувофиқ, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетининг Психология ўқув-илмий маркази негизида Психология илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. Институт Таълим ва илм-фан вазирлиги бўйсунувига ўтказилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб институтда учта йўналишда лабораториялар фаолияти йўлга қўйилади. Булар — Рақамли психология ва сунъий интеллект, Таълим психологияси ва психологик хизмат, шунингдек, Психологик саломатлик ва профилактика лабораторияларидир.
Янги тузилма психологик хизмат соҳасида илмий тадқиқотларни ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва таълим тизимида психологик ёрдамни такомиллаштиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?
МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар белгиланган.