Тармоқда нима гап?
15.07.2025
50
Мен олий таълим муассасасида давлат гранти асосида таҳсил оламан. Тақдир тақозоси билан бошқа шаҳарга турмушга чиқдим. Ўзим яшайдиган ҳудудга ўқишимни кўчирсам, ўқишни тўлов-контрак асосида давом эттираманми?
Бугундан бошлаб талабаларнинг бир олий таълим муассасасидан бошқасига ўқишини кўчириш жараёни расмий равишда бошланди. Шу мавзуда қуйидаги муҳим саволларга жавоб бериб ўтамиз.
Олий таълим муассасаларида ўқишни кўчириш учун аризалар қайси муддатларда қабул қилинади?
Асосий қабул: ҳар йили 15 июлдан 5 августгача, қарорлар 5 августдан 30 августгача қабул қилинади. Узрли (мажбурий) сабаблар мавжуд ҳолатда: ҳар йили 20 декабрдан 20 январгача; қарорлар 25 январдан 15 февралгача қабул қилинади.
Ариза ижобий ҳал этилган тақдирда, кейинги жараён қандай тартибда амалга оширилади?
Қабул қилувчи олий таълим муассасаси ректори тегишли вазирлик (идора) ёки Давлат комиссиясининг расмий хати асосида буйруқ қабул қилади. Қабул қилувчи муассаса талаба аввал таҳсил олган олий таълим муассасасига шахсий йиғма жилдни юбориш ҳақида сўровнома тақдим этади. Аввалги олий таълим муассасаси ушбу сўровномага асосан талабани уч кун ичида сафдан четлатганлиги ҳақида буйруқ чиқаради ва шахсий йиғма жилдни (ёки ёпиқ йўналишларда академик маълумотномани) қабул қилувчи муассасага ёки ариза билан талабага топширади.
Давлат гранти асосида таҳсил олаётган талабалар қандай шартларда мос ёки турдош йўналишга грантни сақлаган ҳолда кўчирилиши мумкин?
Давлат гранти асосида таҳсил олаётган талаба мос (турдош) таълим йўналиши (мутахассислиги)га кўчирилганда, грант сақланади. Кўзи ожизлар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ажратилган махсус квота доирасида ҳам давлат грантларини сақлаган ҳолда кўчириш амалга оширилади. Бошқа барча ҳолатларда, шу жумладан хорижий олий таълим муассасаларидан кўчириш, тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчириш тартиби қандай?
Умумий ҳолатда талабадан кўчирилаётган олий таълим муассасаси йўналиши бўйича махсус синов (тест, ёзма иш ёки касбий (ижодий) имтиҳон) талаб этилади. Натижа Давлат комиссиясига тақдим этилади. Турмуш ўртоғи ёки ота-онаси хорижий давлатдаги давлат хизмати жойидан Ташқи ишлар вазирлиги томонидан расман мамлакатга қайтарилган, шунингдек Ҳукумат қарорлари ёки топшириқлари билан хорижга ўқишга юборилган талабалар синовларсиз, Давлат комиссияси қарори билан кўчирилади. Халқаро рейтингда биринчи 1000 талик рўйхатдан жой олган Россия Федерацияси олий таълим муассасаларида таҳсил олаётганлар, синовларсиз (Давлат комиссияси қарори асосида) тўлов-контракт шаклида кўчирилиши мумкин. Магистратура босқичида таҳсил олаётган талабалар кўчирилишига рухсат берилмайди. Кўчирилаётган олий таълим муассасасида талабанинг танлаган ўқув тили мавжуд бўлмаса, ўқитиш тили фуқаронинг аризаси асосида белгиланади.
Ўқиши кўчирилган талабани талабалар сафига қабул қилиш қандай тартибда расмийлаштирилади?
Қабул қилувчи олий таълим муассасаси ректори буйруқни талаба илгари таълим олган муассасадан шахсий йиғма жилд (ёки ёпиқ йўналиш ҳолатида академик маълумотнома) келиб тушгандан сўнг расмийлаштиради. Тўлов-контракт асосида ўқиши кўчирилганлар белгиланган шартнома тўловларини тўлиқ амалга оширгандан кейин 10 кун муддатда талабалар сафига қабул қилинади.
Фанлар бўйича фарқлар аниқланганида талаба қандай ҳолатда қабул қилинади?
Бунда талаба академик қарздор сифатида қабул қилинади. Жорий семестр давомида академик қарздорлик бартараф этилгач, олий таълим муассасаси ректори талабага стипендия бериш ҳақида буйруқ қабул қилади.
Юридик шахс билан тузилган тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабалар ўқишини кўчириш учун қандай тартиб кўзда тутилган?
Юридик шахс билан тузилган шартнома асосида таҳсил олаётган талабалар учун кўчириш, аввало, ушбу юридик шахснинг ёзма розилиги билан амалга оширилади. Розилик берилмаса, кўчириш тақиқланади.
Улашиш:
Бошқалар
1-синфга қабул бошланди: ота-оналар учун муҳим 10 савол ва жавоб
Болаларни 1-синфга қабул қилиш фақат онлайн амалга ошириладими?
Автомобилда газ баллонларидан фойдаланиш юзасидан тавсиялар
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг хавфсиз ва ишончли ишлашини таъминлашда, унинг фойдаланиш муддати асосий мезонларидан бири ҳисобланади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.
Тиббиётда дунёвийлик – инсон саломатлиги учун муҳим
Тиббиёт одамларнинг умрини узайтириш, оғриқларини тўхтатиш учун ҳаракат қилади.