Ҳуқуқ
08.01.2024
581
2024 йил 20 январдан бошлаб юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездлари ҳамда “Шарқ”, “Насаф” ва “Ўзбекистон” тез юрар поездларининг чипталар нархи 20 фоизга ошиши эълон қилинди. “Hudud24.uz” поездда юришга оид имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот беради.
1. Кимлар поездга навбатсиз чипта олиши мумкин?
Поездга чипта кассаларида қуйидаги шахслар навбатсиз чипта олиш ҳуқуқига эга:
– Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари ва уч даражадаги Шон-шуҳрат, “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Соғлом авлод учун” орденлари ва “Шуҳрат” медали билан тақдирланганлар;
– уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар;
– Чернобил АЭСда авария оқибатларини бартараф этиш ишларида қатнашган шахслар;
– Олий Мажлис сенаторлари ва депутатлари;
– Ички ишлар вазирлиги ходимлари;
– “Фахрий темирйўлчи” нишони билан тақдирланган шахслар.
Шунингдек, 10 ёшгача (бу ёшга тўлган) болали йўловчиларга, йўлланма асосида санатория-курорт даволанишига бораётган 10 ёшдан катта касал болаларни кузатиб бораётганларга чипта олишда устунлик ҳуқуқи берилади.
2. Болаларни поездда бепул олиб юриш мумкинми?
Йўловчи ўзи билан 5 ёшгача битта болани алоҳида жой берилмасдан бепул олиб юриши мумкин. Агар ота-она бирга кетаётган бўлса, иккаласи биттадан жами 2 та болани ўзи билан аҳолида жой бермасдан бепул олиб кетиши мумкин.
Битта йўловчи билан биттадан кўп 5 ёшгача бола кетаётган бўлса, улардан бири бепул кетади, қолганлари эса чиптани 50 фоиз чегирма билан сотиб олиб алоҳида жой банд қилиб кетади.
5 ёшдан 10 ёшгача болалар учун ҳам чипта 50 фоиз чегирма билан сотилади.
10 ёшдан ошган болалар учун чипталар катталар сифатида сотиб олинади.
3. Поездда кимлар бепул юриши мумкин?
Поездда йилига бир марта бепул юриш ҳуқуқи (бориш ва келишга) қуйидаги шахсларга берилади:
Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари ва Шон-шуҳрат орденининг учта даражаси билан тақдирланган шахсларга;
ярадор бўлган ҳарбий хизматчилар, ишчилар ва хизматчилардан 1 ва 2-гуруҳ уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахсларга;
Чернобил АЭС даги аварияни бартараф этувчилари-ногиронлиги бўлган шахсларга.
3-гуруҳ уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар эса йилига бир марта (бориш ва келишга) поезд чиптаини 50 фоизли чегирма билан харид қилишлари мумкин.
Имтиёзли чипта олиш учун кассага чегирма олиш ҳуқуқини берувчи: “Уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахс гувоҳномаси”, “Уруш қатнашчиси гувоҳномаси” ёки “Имтиёзга ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома” ҳужжатлардан бири берилиши керак.
“Фахрий темирйўлчи” нишони билан тақдирланган ходимлар йил мобайнида МДҲ бўйлаб бепул юриш ҳуқуқига (бориш ва келишга) эга.
4. Гуруҳ бўлиб поездга чипта олса, қанча чегирма берилади?
10 ва ундан ортиқ йўловчидан иборат гуруҳларга чипталарининг нархидан қуйидаги чегирмалар тақдим қилинади:
а) ҳаракат йўналишининг умумий масофаси 2000 км гача бўлганда (бошқа поездга ўтишни ҳисобга олиб):
гуруҳдагилар сони 10 нафардан 24 нафаргача бўлганда чипталарнинг умумий тўлиқ қийматидан 10 фоиз;
гуруҳдагилар сони 25 нафар ва ундан ортиқ бўлганда чипталарнинг умумий тўлиқ қийматидан 15 фоиз;
(масалан, Хоразмгача 10 кишилик чипта олинса ва унинг нархи 3 млн сўм бўлса, унда 10 фоиз яъни 300 минг сўм чегирма берилади)
б) ҳаракат йўналишининг умумий масофаси 2000 км дан ортиқ бўлганда (бошқа поездга ўтишни ҳисобга олиб):
гуруҳдагилар сони 10 нафардан 24 нафаргача бўлганда чипталарнинг умумий тўлиқ қийматидан 20 фоиз;
гуруҳдагилар сони 25 нафар ва ундан ортиқ бўлганда чипталарнинг умумий тўлиқ қийматидан 30 фоиз.
(масалан, Москвагача 10 кишилик чипта олинса ва унинг нархи 3 млн сўм бўлса, унда 20 фоиз яъни 600 минг сўм чегирма берилади)
5. Поезддан қолиб кетганда чиптани қайтариш мумкинми?
Чипта сотиб олиниб ундан фойдаланилмаганда, яъни йўловчи жўнаб кетмаганда, чиптани кассага ёки онлайн қайтариш мумкин.
Чипта поезд жўнашигача 24 соатдан кечиктирмай топширилганида, пули тўлиқ қайтарилади.
Фойдаланилмаган чипта 24 соатдан камроқ, бироқ поезд жўнашигача 6 соатдан кечиктирмасдан қайтарилганда чипта қиймати ва плацкартанинг 50 фоиз қиймати қайтарилади.
Чиптанинг тўлиқ қиймати иккига бўлинади, улар чипта қиймати ва плацкарта қиймати, одатда чипта қиймати кўп бўлмайди, плацкарта қиймати эса босиб ўтиладиган йўл учун асосий ҳақ бўлади, масалан чипта 100 минг сўм бўлса, тахминан 20 минг сўм чипта қиймати, 80 минг плацкарта қиймати бўлиши мумкин.
Фойдаланилмаган чипта 6 соатдан камроқ, бироқ поезд жўнагандан кейин 3 соатдан кечиктирмасдан қайтарилганда чипта қиймати қайтарилади, плацкартанинг қиймати қайтарилмайди.
Ҳар қандай ҳолатда чипта қайтарилганда 15 минг сўм қайтариш хизмати учун тўлов ундириб қолинади.
Чипта қайтарилганда, унинг пули 3 иш кунидан 15 иш кунигача пластик картага ўтказиб берилади.
Дилмурод Ражабоев
“Hudud24.uz” колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилади
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-999-сон, 15.11.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг айрим моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.
Судланганлик ҳолати қачон тугалланган ҳисобланади?
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида шахснинг судланганлик ҳолатини тугалланиши шартлари белгиланган.
Ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмлари такомиллаштирилади
Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди.
Радарлар ҳақида ҳаммаси: муҳим 10 саволга жавоб
Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаси – асосан чорраҳаларда, йўл бўйида металл устунларга ўрнатилиб, автомобилларнинг давлат рақами белгиларини аниқлайди.