#NoComment
11.08.2026
38

Уй ҳайвонларига бирка тақиш ёки уни рўйхатга олиш оддий маъмурий жараён эмас. Бу, аввало, ҳайвоннинг кимга тегишли экани, қаердан келиб чиққани, ҳаракати ва ветеринария ҳолати ҳақида ишончли маълумот шакллантиришга хизмат қилади.
2025 йил 6 августда қабул қилинган “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги ЎРҚ–1079-сон Қонун 2026 йил 7 августдан кучга кирди. Қонун жисмоний ва юридик шахслар томонидан сақланадиган ёки кўпайтириладиган қорамол, қўй, эчки, чўчқа, от, туя, ит ва мушукларга тааллуқли.
Қуйида қонундан ҳар бир ҳайвон эгаси билиши керак бўлган 10 та муҳим қоида:
Идентификациянинг асосий мақсади — ҳар бир ҳайвонни бошқаларидан аниқ ажратиш саналади.
Қонунга кўра, ҳайвонга бир марта бериладиган ва бошқа ҳайвонларда такрорланмайдиган ҳарф ва рақамлардан иборат ноёб идентификация рақами белгиланади.
Бунинг учун визуал биркалар, электрон микрочиплар ёки аралаш микрочипли биркалардан фойдаланилиши мумкин. Яъни, шартли қилиб айтганда, ҳайвоннинг ҳам ўз “ID рақами” бўлади.
Қонунда бу масала аниқ белгилаб қўйилган.
Жисмоний ёки юридик шахслар томонидан сақланадиган ва (ёки) кўпайтириладиган қорамол, қўй, эчки, чўчқа, от, туя, ит ва мушуклар идентификация қилиниши ва рўйхатга олиниши лозим.
Демак, гап фақат йирик чорва моллари ҳақида эмас. Уй шароитида сақланадиган ит ва мушуклар ҳам қонун доирасига киради.
Ҳар бир тур учун идентификация қилиш муддати бир хил эмас.
Қонунга кўра:
▪️қорамол, қўй, эчки ва туялар — туғилганидан 14 кундан кейин;
▪️отлар — туғилганидан 4 ойдан кейин;
▪️чўчқалар — туғилганидан 1 ойдан кейин;
▪️ ит ва мушуклар — туғилганидан 3 ойдан кейин идентификация қилиниши керак.
Бундан ташқари, белгиланган муддат ўтгач, ҳайвонни яна бир ойдан кечиктирмай идентификация қилиш ва рўйхатга олиш талаб этилади.
Шунинг учун “ҳали кичик, кейинроқ қиламиз” деган ёндашув қонун талабларига мос келмаслиги мумкин.
Ўзбекистонга сақлаш ёки кўпайтириш мақсадида олиб кирилган ҳайвонлар учун ҳам алоҳида муддат белгиланган.
Бундай ҳайвонлар мамлакат ҳудудига олиб кирилган кундан бошлаб 21 кундан кечиктирмай идентификация қилиниши керак.
Яъни ҳайвон хориждан олиб келингани уни идентификация қилиш талабидан озод этмайди.
Идентификация фақат ҳайвон тириклиги даври билан чекланмайди.
Ҳайвон сўйилган, нобуд бўлган, ўлган, йўқ қилинган ёки Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига олиб чиқилган бўлса, у 7 кунлик муддатда ҳисобдан чиқарилиши лозим.
Бу талаб электрон маълумотлар базасида ҳайвонлар ҳақидаги маълумотларни доимий равишда янгилаб бориш имконини беради.
Қонун билан ҳайвонлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига оладиган электрон ахборот тизими назарда тутилган.
Унда ҳайвон эгаси, ҳайвоннинг ўзи, идентификация рақами, идентификация воситаси, мамлакатга олиб кирилган сана, ҳисобдан чиқарилган сана ҳамда касалликларнинг профилактикаси, ташхис ва даволашга оид маълумотлар сақланиши мумкин.
Бу эса ҳайвоннинг “тарихи”ни кузатиш имконини беради.
Қонун ҳайвон эгасини ҳам жараённинг фаол иштирокчиси сифатида белгилайди.
Эгаси ўз ҳайвонларини белгиланган муддатларда идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва ҳисобдан чиқариш учун ваколатли давлат органига мурожаат қилиши керак.
Энг муҳими қонунда — идентификация қилинмаган ва рўйхатга олинмаган ҳайвонларни сақлаш ёки кўпайтиришга йўл қўйилмаслиги шартлиги белгиланган.
Ҳайвонни сотиш ёки унинг эгаси ўзгариши билан иш тугамайди.
Қонунда ҳайвон эгаси алмашган тақдирда уни қайта рўйхатга олиш учун ваколатли давлат органига белгиланган муддатларда электрон тарзда ёки тўғридан-тўғри мурожаат қилиш мажбурияти белгиланган.
Бу талаб ҳайвоннинг амалдаги эгаси ҳақидаги маълумотларни аниқ сақлашга хизмат қилади.
Қонун фақат мажбуриятларни белгилаб қўймайди. Ҳайвон эгаси ҳам бир қатор ҳуқуқларга эга.
Жумладан, ҳайвон эгаси электрон ахборот тизимидан ўзига тегишли ҳайвонлар ҳақида маълумот олиши, уларни идентификация қилиш ва рўйхатдан ўтказишни талаб қилиши мумкин.
Шунингдек, идентификация қилинган ҳайвонда ўтказилган ташхис ва даволаш натижалари ҳақида ахборот олиш ҳамда ваколатли давлат органи вакилининг ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилиш ҳуқуқи мавжуд.
Янги қонун талабларига риоя қилиш — ихтиёрий танлов эмас.
Қонуннинг 14-моддасига кўра, ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисидаги қонунчиликни бузган айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади. LexUZда бу масала Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 109 ва 110-моддаларига ҳам ҳавола қилинган.
Ҳайвонларни идентификация қилиш тизими — шунчаки бирка тақиш ёки рақам бериш эмас. У орқали ҳайвоннинг эгаси, келиб чиқиши, ҳаракати ва ветеринария ҳолати ҳақида ягона маълумот шакллантирилади.
Бундай тизим чорвачиликда ҳисоб-китобни тартибга солиш, ветеринария назоратини кучайтириш, ҳайвонларда касалликларнинг тарқалишини назорат қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Феруз Жўраев
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Қандай ҳаракатлар суд ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади? 5 муҳим факт
Айрим тоифадаги ижро ҳужжатларини Мажбурий ижро бюросига тақдим этилгунига қадар уларнинг ижросини таъминламаслик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Кучли иссиқда меҳнат қоидалари қандай?
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, кучли иссиқ шароитида меҳнат қилаётган айрим тоифадаги ходимларга иш куни давомида қўшимча танаффуслар берилиши мумкин. Шунингдек, иш берувчилар дам олиш учун қулай шароит яратиши ва зарур ҳолларда ходимларни масофавий ишга ўтказиши мумкин.