currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларQR-код орқали хизматларни кўрсатишда муҳим 5 саволга жавоб

QR-код орқали хизматларни кўрсатишда муҳим 5 саволга жавоб

#NoComment

calendar

14.05.2026

eye

21

QR-код орқали хизматларни кўрсатишда муҳим 5 саволга жавоб

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг қарори (Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 15 апрелда 3817-сон билан рўйхатга олинган) билан Тўловларни амалга оширишда ягона QR-код орқали тўлов хизматларини кўрсатиш қоидалари тасдиқланди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-246-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган бўлиб, мамлакатда рақамли молиявий маконни тартибга солиш ва яширин иқтисодиётга чек қўйиш йўлидаги муҳим қадамдир.

Қуйида ушбу тарихий ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва бозорга таъсири ҳақидаги батафсил таҳлилий шарҳ келтирилади.

Ягона QR-код тизимининг техник ва ҳуқуқий асослари

Ягона QR-код — бу харидорларга ўз тартиби ва танловига кўра, исталган банк ёки тўлов ташкилотининг мобил иловаси (Click, Payme, Uzum ва ҳ.к.) орқали чекловларсиз тўловни амалга ошириш имконини берувчи универсал ечимдир. Қоидаларга кўра, тизимда QR-кодлар иккита асосий турга ажратилади:

· Статик QR-код: Маълум бир сотувчининг ўзгармас банк реквизитларига боғланган ва олдиндан чоп этиб қўйиладиган код.

· Динамик QR-код: Ҳар бир харид ва транзакция учун алоҳида шакллантириладиган, ичига сотиб олинаётган товар суммаси ва махсус идентификатор жойланган, амал қилиш муддати чекланган код.

Шунингдек, ҳужжат билан илк бор МСС-код (Merchant Category Code) тушунчаси мустаҳкамланди. Бу тўлов қабул қилувчи тадбиркорнинг фаолият турини ифодаловчи 4 хонали рақамли таснифлагич бўлиб, солиқ ва молиявий назоратни автоматлаштиришга хизмат қилади.

Тадбиркорлар (Тўлов қабул қилувчилар) учун мажбуриятлар

Ушбу Қоидалар савдо ва хизмат кўрсатиш субъектлари зиммасига аниқ ваколат ва мажбуриятларни юклайди:

1. Узлуксизликни таъминлаш: Тадбиркор ўз фаолиятида статик ёки динамик QR-код тизимининг тўхтовсиз ишлашини таъминлаши шарт.

2. Шаффофлик: Харидорга генерация қилинган динамик кодни экранда кўрсатиши ёки чоп этилган статик кодни тақдим этиши ҳамда тўлов статуси билан таништириши лозим.

3. Маълумотларни янгилаш: Агар тадбиркорлик субъекти ўз фаолият турини (МСС-кодини) ўзгартирса, бу ҳақда 3 банк иш куни ичида экваер (тўловни қабул қилувчини QR-код тизимида рўйхатдан ўтказиш, QR-кодни генерация қилиш, ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва ҳисобварақларни юритиш учун масъул бўлган банк)га хабар бериши керак. Банк эса 1 иш кунида маълумотларни янгилаши шарт.

Муҳим муддат: Ўзбекистон Республикаси Пезидентининг ПФ-246-сонли Фармонга мувофиқ, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги барча юридик шахслар учун ягона QR-коддан мажбурий фойдаланиш тартиби 2026 йил 1 июлдан кучга киради. Ушбу санадан кейин ягона QR-коддан фойдаланмаслик савдо қоидаларини бузиш деб баҳоланади ва ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлади.

Илова ишлаб чиқувчилар ва банклар (Инициаторлар) учун талаблар

Мижозларга хизмат кўрсатувчи банклар ва тўлов ташкилотлари ўз мобил иловаларида фойдаланувчиларга қуйидаги минимал қулайликларни яратиб бериши қонунан мажбурий этиб қўйилди:

· QR-кодни тезкор сканерлаш ва тўлов қабул қилувчининг реквизитларини экранда аниқ кўрсатиш.

· Агар транзакция учун комиссия мавжуд бўлса, уни тўлов тасдиқлангунига қадар аниқ ва тушунарли шаклда кўрсатиш.

· Ҳар бир транзакция бўйича реал вақтда онлайн-маълумотнома (чек) бериш ва тўловлар тарихини сақлаш.

· Илова ичида мижозларни қўллаб-қувватлаш хизмати ва шикоятлар юбориб, уларнинг ҳолатини кузатиш (трекинг) тизимини жорий этиш.

Таҳлилий хулоса: Интеграция кимга ва нима беради?

Илгари Ўзбекистон бозорида “фрагментация” (тарқоқлик) кузатилар эди: муайян дўконда фақат битта тўлов тизимининг (масалан, фақат Payme ёки фақат Click) QR-коди турарди, бу эса бошқа иловадан фойдаланувчи харидорларга ноқулайлик туғдирарди. Савдо нуқталари касса пештахтасини турли операторларнинг QR-код қоғозлари билан тўлдиришга мажбур эди.

Мазкур Қоиданинг жорий этилиши қуйидаги ижобий натижаларни беради:

· Истеъмолчилар учун бозор эркинлиги: Харидор қайси банк ёки финтех иловасининг содиқлик (кешбэк, бонус) дастури фойдалироқ бўлса, ўша илова орқали битта QR-кодни сканерлаб тўлайверади.

· Рақобатнинг кучайиши: Тўлов ташкилотлари энди тадбиркорларни «монопол» қилиб олиш устида эмас, балки мижозларга кўпроқ кешбэк ва қулай интерфейс тақдим этиш устида рақобатлашади.

· Иқтисодиётнинг соядан чиқиши: Тўловлар тўлиқ рақамлашиб, ягона оператор клиринг тизими орқали ўтгани сабабли, яширин айланмалар улуши сезиларли даражада камаяди.

Ягона QR-код экотизими Ўзбекистон молиявий технологиялар (FinTech) соҳасини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқувчи ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар кўламини тубдан кенгайтирувчи муҳим ислоҳотдир.

Фазлиддин Насруллаев,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: