currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларРақамли далиллар халқаро арбитражда қандай аҳамиятга эга?

Рақамли далиллар халқаро арбитражда қандай аҳамиятга эга?

Life Style

calendar

16.04.2026

eye

94

Рақамли далиллар халқаро арбитражда қандай аҳамиятга эга?

Сўнгги йилларда халқаро иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши, трансчегаравий тижорат битимлари сонининг ортиши ва масофавий мулоқот шаклларининг оммалашиши натижасида халқаро арбитраж низоларни ҳал этишнинг энг муҳим механизмларидан бирига айланди. Бундай муносабатларда тарафлар ўртасидаги алоқа кўпинча электрон почта, мессенжерлар, электрон платформалар, булутли сақлаш тизимлари ва видеоконференсия воситалари орқали амалга оширилади.

Шу боис низо келиб чиққан тақдирда айнан рақамли муҳитда яратилган ёки сақланган маълумотлар ишнинг асосий далили сифатида намоён бўлади. Амалда электрон ёзишмалар, сервер маълумотлари, лог-файллар, метадата ва электрон имзо билан тасдиқланган ҳужжатлар шартнома тузилганлигини, мажбурият бажарилган ёки бузилганлигини, тарафларнинг ҳақиқий иродасини ҳамда вақт кетма-кетлигини аниқлашда катта аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга, рақамли далиллардан фойдаланиш уларнинг ҳуқуқий мақоми, қабул қилиниши, ишончлилиги ва исбот қийматини белгилаш масаласини янада долзарб қилди. Халқаро манбаларда ҳам айни шу жиҳатга урғу берилиб, рақамли маълумотнинг мавжудлиги унинг автоматик тарзда ишончли далил эканини англатмаслиги, балки унинг манбаси, бутунлиги ва қонуний олингани алоҳида баҳоланиши лозимлиги қайд этилади.

 

Рақамли далиллар нима?

Рақамли далиллар — бу электрон шаклда яратилган, узатилган, қабул қилинган, қайта ишланган ёки сақланган ва низони ҳал этишда аҳамиятга эга бўлган маълумотлардир. Уларнинг асосий хусусияти шундаки, бундай маълумотлар анъанавий қоғоз ҳужжатлардан фарқли равишда электрон тизимда мавжуд бўлади ва кўпинча техник излар, вақт белгиси, муаллиф ҳақидаги маълумот ва файл тарихи каби қўшимча ахборотни ҳам ўз ичига олади. Халқаро адабиётларда электрон далиллар тижорат муносабатларининг ҳақиқий динамикасини кўрсатувчи манба сифатида баҳоланади.

Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

• электрон почта ёзишмалари;

• мессенжер хабарлари (WhatsApp, Telegram, Signal, WeChat ва бошқалар);

• электрон имзо билан тасдиқланган ҳужжатлар;

• видеоконференсия ёзувлари;

• метадата, яъни файлнинг яратилган вақти, таҳрирланган вақти, муаллифи, жойлашуви каби техник маълумотлар;

• сервер ва платформаларда сақланган лог-файллар;

• булутли хизматлардаги ҳужжатлар тарихи;

• блокчейн асосида тасдиқланган ёзувлар;

• аудио, фото ва видеофайллар;

• электрон тижорат платформалари, CRM ёки ERP тизимларидан олинган маълумотлар.

Қандай асослар мавжуд?

Халқаро арбитражда рақамли далиллар алоҳида битта ягона кодекс билан эмас, балки турли халқаро қоидалар, институтционал регламентлар ва процессуал йўриқномалар орқали тартибга солинади. Биринчи навбатда, IBA Rules on the Taking of Evidence in International Arbitration далилларни тақдим этиш, сўраш, рад этиш ва баҳолаш бўйича энг кўп қўлланиладиган манбалардан бири ҳисобланади. Ушбу қоидаларга кўра, трибунал далилнинг дахлдорлиги, аҳамияти ва исбот қийматини баҳолайди, айрим ҳолларда эса далилни қабул қилмаслик ҳуқуқига ҳам эга.

Шунингдек, UNCITRAL Model Law ва UNCITRAL Arbitration Rules арбитрларга процессни бошқаришда кенг ихтиёр беради ва далилларни қабул қилиш ҳамда баҳолашда мослашувчан ёндашувни қўллашга имкон яратади. UNCITRAL Notes on Organizing Arbitral Proceedings эса ишни ташкил этиш босқичида далилларни тақдим этиш усули, махфийлик, техник формат ва эшитувларни ўтказиш тартиби каби масалаларни олдиндан белгилаб олишни тавсия этади. Бу эса рақамли далиллар билан ишлашда кейинги баҳсларни камайтиришга хизмат қилади.

Қандай қулайликлар ва натижалар бор?

Рақамли далиллар бир қатор афзалликларни тақдим этади:

• ишни тезроқ кўриб чиқиш имконини беради

• харажатларни камайтиради

• низонинг ҳолатини аниқроқ кўрсатади

• масофадан туриб далилларни тақдим этиш имконини беради

• замонавий технологиялар орқали исбот жараёнини соддалаштиради

Қандай имкониятлар беради?

Рақамли далиллар билан ишлаш халқаро арбитражда янги процессуал ва технологик имкониятларни яратади. Биринчидан, электрон ҳужжатларни тезкор алмашиш ва марказлашган тарзда сақлаш имкони пайдо бўлади. Бу кўп томонлама, турли юрисдикциялардаги тарафлар иштирок этадиган ишларда айниқса муҳим. Иккинчидан, видеоконференсия ва онлайн платформалар орқали далилларни тақдим этиш, гувоҳларни масофадан сўроқ қилиш ва электрон материалларни реал вақтда кўриб чиқиш имконияти кенгайди.

Учинчидан, метадата ва лог маълумотлари орқали оддий матндан кўра кўпроқ ахборот олиш мумкин. Бу тарафлардан бири маълумотни инкор этган ҳолатларда жуда муҳим. Тўртинчидан, блокчейн каби технологиялар ҳужжатнинг муайян вақтда мавжуд бўлганини ва кейинчалик ўзгармаганини тасдиқлаш воситаси сифатида қаралмоқда, гарчи бу технология ҳали барча арбитражларда стандарт воситага айланиб улгурмаган бўлса-да. Бешинчидан, сунъий интеллект ва document review воситалари катта ҳажмдаги электрон маълумотларни саралаш, дубликатларни ажратиш, муҳим калит сўзларни топиш ва низога алоқадор ҳужжатларни тез танлашда катта ёрдам бермоқда.

Шу билан бирга, бу имкониятлар янги масъулиятларни ҳам келтириб чиқаради. Тарафлар электрон маълумотларни сақлаш, уларни йўқотмаслик, ўз вақтида ошкор қилиш, махфий маълумотларни ҳимоя қилиш ва киберхавфсизлик чораларини таъминлашга жиддий ёндашиши керак. Акс ҳолда рақамли далилнинг мавжудлиги эмас, балки у билан боғлиқ тартиб бузилиши низонинг натижасига таъсир қилиши мумкин.

Рақамли далиллар халқаро арбитражда муҳим ўрин эгалламоқда, бироқ уларни баҳолашда бир қатор муаммолар мавжуд. Энг асосий масалалар далилнинг ҳақиқийлиги, сақлаш занжири ва қонуний йўл билан олинганлигини аниқлашдир. Шу сабабли келажакда рақамли далиллар билан ишлашда аниқ стандартлар жорий этиш, замонавий технологияларни кенг қўллаш ва халқаро амалиётни уйғунлаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Севарахон Фатхуллаева,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Қонунчиликни таҳлил қилиш ва
тартибга солиш таъсирини
баҳолаш институти маъсул ходими

Улашиш:

Бошқалар

26-март 2026, 03:37
1 449

Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?

Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.


26-март 2026, 10:45
1 448

Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш

Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.


27-март 2026, 07:04
1 086

Меҳнат дафтарчасининг ҳуқуқий аҳамияти қандай?

Меҳнат дафтарчаси — бу ходимнинг меҳнат фаолияти ва иш стажини тасдиқловчи асосий восита.


18-март 2026, 09:11
1 026

Кўп қаватли уйларда яшашнинг айрим қоидалари

Қўшнилар подездларда ёки зинапояларда ўзларининг шахсий буюмларини (шкаф, эски мебел, қурилиш чиқиндилари) сақлашга ҳақли эмаслар. Бу ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид.