currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларРиэлторлик фаолияти қандай тартибга солинади? Риэлторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат?

Риэлторлик фаолияти қандай тартибга солинади? Риэлторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат?

Ҳуқуқ

calendar

20.11.2026

eye

82

Риэлторлик фаолияти қандай тартибга солинади? Риэлторларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат?

Кўчмас мулкни сотиб олиш, сотиш, ижарага бериш ёки ижарага олиш жараёнида риэлторлар хизматидан фойдаланиш тобора оммалашмоқда.

Риэлторлик фаолиятида қонунийлик, шаффофлик ва профессионал масъулиятни таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда махсус ҳуқуқий тартиб жорий этилди. Хусусан, 2026 йил 7 августдаги ЎРҚ-1163-сон «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун билан ушбу соҳанинг ташкилий, ҳуқуқий ва касбий асослари белгиланди. Мазкур Қонун 2026 йил 8 ноябрдан кучга кирган бўлиб, риэлторлик хизматларини кўрсатиш, риэлторлар ва кўчмас мулк бўйича агентларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, буюртмачиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини қамраб олади.

Риэлторлик фаолияти ким томонидан тартибга солинади?

Қонунга кўра, риэлторлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ваколатли давлат органи ҳисобланади. Агентлик риэлторлик фаолиятига оид давлат сиёсатини амалга оширади, соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва миллий стандартларни ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди, риэлторлар ва риэлторлик ташкилотлари Ягона реестрини юритади.

Риэлтор бўлиш учун қандай талаблар мавжуд?

Қонунда риэлторлик фаолияти билан шуғулланиш учун муайян касбий талаблар белгиланган. Жумладан, риэлтор тегишли профессионал жамоат бирлашмаси томонидан берилган малака сертификатига эга бўлиши ва риэлторлик ташкилоти таркибида фаолият юритиши керак.

Риэлтор бир вақтнинг ўзида фақат битта риэлторлик ташкилоти таркибида меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартнома асосида ишлаши мумкин.

Риэлторлик ташкилоти ҳам белгиланган талабларга жавоб бериши шарт. Хусусан, унинг раҳбари малака сертификатига эга бўлиши, ташкилот штатида эса камида икки нафар сертификатланган риэлтор ишлаши лозим.

Риэлторнинг асосий мажбуриятлари нималардан иборат?

Қонуннинг 22-моддаси риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентларнинг мажбуриятларини белгилайди. Бу мажбуриятлар, энг аввало, буюртмачиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Жумладан, улар риэлторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ва профессионал одоб-ахлоқ кодекси талабларига риоя этиши, тегишли профессионал жамоат бирлашмасига аъзо бўлиши, риэлторларнинг малакасини ҳар уч йилда камида бир марта оширишни таъминлаши шарт.

Буюртмачи талаб қилган тақдирда риэлторнинг малака сертификати, профессионал жамоат бирлашмасига аъзолик гувоҳномаси ҳамда фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш полиси кўрсатилиши лозим. Бундан ташқари, риэлторлик ташкилоти ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилдириши шарт.

Энг муҳим талаблардан бири — риэлторлик хизматлари фақат буюртмачи билан тузилган шартнома асосида кўрсатилиши керак. Риэлтор мижознинг манфаатларини ифодалаши, ундан олинган ҳужжатларнинг бут сақланишини таъминлаши ва хизмат кўрсатиш жараёнида олинган махфий маълумотларни ошкор қилмаслиги шарт.

Риэлторлик хизматларини кўрсатишда шартнома тузиш мажбурийми?

Бу риэлторлик фаолиятидаги энг муҳим ҳуқуқий кафолатлардан биридир.

Қонуннинг 35-моддасига мувофиқ, риэлторлик хизматларини кўрсатиш шартномаси буюртмачи билан ёзма ёки электрон шаклда тузилади. Демак, оғзаки келишувнинг ўзи риэлторлик хизматларини қонун талабларига мувофиқ расмийлаштириш ўрнини босмайди.

Шартномада кўрсатиладиган хизмат тури, риэлторнинг малака сертификати мавжудлиги, профессионал жамоат бирлашмасига аъзолиги, суғурта полиси ҳақидаги маълумотлар, хизмат кўрсатиш муддати ва хизмат ҳақининг миқдори аниқ кўрсатилиши керак.

Бундан ташқари, шартномада тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мажбуриятларни бажармаганлик учун жавобгарлик, шартномани бекор қилиш шартлари ҳамда хизматлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда маблағларни қайтариш тартиби акс эттирилиши лозим.

Фуқаролар риэлтор танлашда нималарга эътибор бериши керак?

Фуқаролар кўчмас мулк билан боғлиқ битимларда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун, биринчи навбатда, риэлторлик ташкилоти ёки кўчмас мулк бўйича агентнинг қонуний фаолият юритаётганини текшириши зарур.

Бунинг учун улардан Ягона реестрга киритилганлиги ҳақидаги маълумотни сўраш мумкин. Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, мазкур реестр электрон шаклда юритилади ва очиқ ҳисобланади.

Шунингдек, риэлторнинг малака сертификати, ташкилотнинг профессионал жамоат бирлашмасига аъзолиги ва суғурта полиси билан танишиш мақсадга мувофиқ.

Кўчмас мулкни сотиб олишдан олдин объектнинг ҳуқуқий ҳолати, мулкдор ким эканлиги, мулкка нисбатан мавжуд чекловлар ва бошқа муҳим ҳолатлар ҳақида ишончли маълумот олиш лозим. Фақат рекламадаги маълумотларга ёки риэлторнинг оғзаки ваъдаларига таяниб қарор қабул қилиш тавсия этилмайди.

Риэлтор мажбуриятларини бажармаса, қандай жавобгарликка тортилади?

Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, риэлторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузган риэлторлик ташкилоти ва кўчмас мулк бўйича агент белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Бунда жавобгарликнинг тури ва ҳажми содир этилган ҳуқуқбузарликнинг хусусияти, етказилган зарар ва амалдаги қонунчилик талабларига боғлиқ бўлади.

Масалан, риэлтор шартномада белгиланган хизматларни бажармаса, кўчмас мулк ҳақида нотўғри маълумот берса ёки мижознинг махфий маълумотларини рухсатсиз ошкор қилса, бунинг ҳуқуқий оқибатлари юзага келиши мумкин.

Фуқаролар ўз ҳуқуқлари бузилганда қаерга мурожаат қилиши мумкин?

Агар риэлтор ёки риэлторлик ташкилоти томонидан фуқаронинг ҳуқуқлари бузилса, муаммони ҳал қилиш учун бир нечта ҳуқуқий механизмдан фойдаланиш мумкин.

Аввало, фуқаро риэлторлик ташкилоти ёки кўчмас мулк бўйича агентга ёзма равишда мурожаат қилиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишни, тўланган маблағларни қайтаришни ёки етказилган зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин. Қонуннинг 22-моддасига мувофиқ, буюртмачининг ёзма мурожаатига ёзма шаклда жавоб берилиши шарт.

Агар муаммо ҳал этилмаса, риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи — Давлат активларини бошқариш агентлигига мурожаат қилиш мумкин. Агентлик соҳадаги ваколатли орган сифатида қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш ва ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўриш вазифасини амалга оширади.

Янги қонун фуқаролар учун қандай кафолатлар яратади?

Янги қонуннинг аҳамияти шундаки, у риэлторлик фаолиятини оддий воситачилик хизматидан профессионал ва масъулиятли фаолият даражасига олиб чиқишга қаратилган.

Малака сертификати, Ягона реестр, профессионал жамоат бирлашмаларига аъзолик, фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш, хизмат кўрсатишнинг мажбурий шартномавий тартиби каби талаблар риэлторлик бозорида шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.

Айниқса, фуқаролар учун риэлторнинг малакасини текшириш, хизмат ҳақини олдиндан келишиб олиш, кўрсатиладиган хизматларни аниқ белгилаш ва ҳуқуқлари бузилган тақдирда зарарни қоплашни талаб қилиш имкониятининг яратилиши муҳимдир.

Феруз Жўраев, 
"Адолат" МҲАМ масъул ходими

Улашиш: