Суд очерклари
30.05.2024
518
Шаҳрихонлик Мухтор Зарипов(исм-фамилиялар ўзгартирилган)нинг 3 нафар вояга етмаган набираларига бундан роппа-роса 5 ой аввал бўлиб ўтган янги йил байрами татимади. Чунки болажонларнинг отаси Элдор Зарипов 2023 йилнинг 7 август куни қамоққа олинганди.
Хўш, сабаб?
Гап шундаки, Элдор тумандаги «Дилбар ун» савдо марказида ун маҳсулотларини сотиш билан шуғулланарди. Бундоқ олиб қараганда, топиш-тутиши ёмон эмасди. Аммо борган сари нафс ўпқон отиб, тадбиркорни савдо айланмаси қаноатлантирмай қўяди. Оқибатда ҳалол савдога фирибгарлик ва ғирромлик аралашади.
Дастлаб Э. Зарипов 2022 йил декабрь ойида фуқаро Ф. Мамажоновдан қарз сўрайди.
– Пул бериб турсангиз, «оптом» нархда ун олиб келардим. Кейин бир ҳафтага қолмай, қарзимни узаман.
Ф.Мамажонов эса ваъдага ишониб, бир ой мобайнида – 2023 йил 10 январга қадар 43 минг АҚШ доллари миқдорида қарз беради. Бироқ унфуруш йигит лафзида турмай, савдодан тушган пулларни шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборади.
Кейинги галда Элдор Зарипов қўшни Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида истиқомат қилувчи И. Гулматовнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиради. Аниқроғи, бир ҳафта муддатда сотиб, пулини беришини ваъда қилган ҳолда 200 қоп «Эко маркс» навли, 48 миллион сўмлик ун маҳсулотини олиб кетади. Ҳақдорни ишонтириш учун 10 миллион сўм пул беради, холос. Қолган қарзини эса бир ҳафта тугул бир ойда ҳам қайтармайди. Негаки унни аллақачон сотиб, пулини ҳазм қилишга ҳам улгурганди.
Буни қарангки, Олтинкўл тумани «Меҳнат» маҳалласида яшовчи А.Абдужабборовнинг бошига ҳам худди И.Гулматовнинг куни тушади. Чунки Э.Зарипов уни ҳам аввалги усулда алдаб, 100 қоп уннинг 24 миллион сўм пулини олиб кетадию, лекин қайтаришни «унутиб» қўяди.
Бундан ташқари, фирибгар савдогар ўзининг маҳалладоши Л.Мамажоновдан ун олди-сотдиси учун 10 минг АҚШ доллари миқдорида қарз олади.
Аслида Л.Мамажонов фуқаро Ф.Мамажоновнинг укаси бўлиб, бир маҳаллада яшасада, Элдорнинг устаси фаранг фирибгарга айланиб кетганидан бехабар эди. Шунинг учун 114 миллион 200 минг сўмга тенг 10 минг АҚШ долларини унфуруш йигитнинг қўлига икки қўллаб топширади. Берган пулини эса кейинчалик оёғи билан бориб ҳам қайтариб ололмайди.
Шу тариқа кунлар кетидан кунлар ўтиб, 2023 йил ҳам яримлаб қолади. Аммо Э.Зарипов ҳақдорларга қарзини қайтаришни хаёлига ҳам келтирмайди. Аксинча, 2023 йил 15 июнь қувалик таниши, тадбиркор У.Эшматовни лақиллатиб, 200 қоп – 49 миллион сўмлик унни олиб кетади. Маҳсулот пулини бўлса….
Шундан кейин А.Абдужабборов ва Л.Мамажоновлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилишади. Оқибатда тилга олинган ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман суди эса Элдор Зариповни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан айбдор деб топиб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Шу билан бирга, суд ҳукмида судланувчидан жабрланувчилар – Л.Мамажоновга 123 миллион 451 минг сўм, Ф.Мамажоновга 269 миллион 740 минг сўм, И.Гулматовга 38 миллион сўм, У.Эшматовга 49 миллион сўм миқдоридаги моддий зарарни ундириш ҳам белгиланди.
Султонмақсуд ХОЛБОТИРОВ,
жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман судининг судьяси
Улашиш:
Бошқалар
2025 йил 1 апрелдан айрим йўналишларда фаолият юритувчи хўжалик субъектларга берилган эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади
“ЎзИнжиниринг” лойиҳа институтининг инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.
Жамоавий меҳнат низоларини медиатор иштирокида ҳал этиш тартиби қандай?
Медиатор жамоавий меҳнат низосининг тарафларидан ушбу низога тааллуқли зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўрашга ҳамда олишга ҳақлидир.
Ҳар бир ҳудудда реновация жамғармалари ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни шаҳарсозлик реновациясининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Кимошди савдосини ташкил этиш ва уни ўтказиш тартиби қандай?
Аукционлар ва танловлар очиқ ва ёпиқ бўлиши мумкин. Очиқ аукционда ва очиқ танловда хоҳлаган шахс қатнашиши мумкин.