Ўзбекистон
27.08.2024
1 438
Шарқ гавҳари, ер юзининг сайқали Самарқанд байрамлар оғушида. Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги ва “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалига кўрилган тайёргарлик шаҳарга янада файз ва чирой бахш этган. Кўча ва хиёбонлар, майдонларда экилган турли туман гуллар, йўллар четидаги ранго ранг байроқлар кишига завқ беради. Сўлим боғ ва хиёбонлар таровати ўзгача.
Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган, Ғарб ва Шарқни боғлайдиган Самарқанд азалдан наинки савдо-сотиқ ва иқтисодий муносабатлар, балки маърифат маркази ҳам бўлган. Шунинг учун ҳам ҳамма давр ва замонларда одамлар Самарқандга талпинган, унинг гўзаллигидан, илм-маърифатидан баҳраманд бўлишни истаган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу муаззам шаҳарга меҳри, юксак эътибори туфайли Самарқанд бугун Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозасига айланмоқда ва бу қадимий кент жаҳон туризм бизнеси марказлари қаторига қўшилмоқда. Халқаро дипломатияда эса “Самарқанд руҳи” деган тушунча пайдо бўлди ва бу давлатлар, халқлар ўртасидаги дўстлик, бағрикенглик, аҳилликни ифода этмоқда.
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали эса ана шу руҳ, эзгу мақсадларни ифода этиши билан бугун Самарқандгагина хос қадрият даражасига кўтарилди ва қисқа танаффусдан сўнг яна азим шаҳарга қайтди.
Ташкил этилганига 27 йилдан ошаётган ва шу пайтгача ўн икки марта ўтказилган санъат фестивали жаҳон аҳлининг ўзаро маданий мулоқотга бўлган ҳаётий эҳтиёжини рўёбга чиқарувчи восита бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги мураккаб даврда инсонларни тинчлик, ҳамкорликка чорловчи ва буни амалда намоён этувчи эзгулик минбарига айланмоқда. Фестиваль ЮНЕСКО ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотларнинг асосий тадбирлари дастуридан ўрин олгани, улар томонидан фаол қўллаб-қувватланаётгани ҳам унинг даражаси қанчалик юқорилигидан далолат беради.
Президентимиз ташаббуси билан бу йил “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивалини ўтказишга қарор қилинди ва мазкур санъат байрамига ҳар қачонгидан ҳам юксак даражада тайёргарлик кўрилди. Дунёнинг саксонга яқин давлати вакиллари фестивалда қатнашиш истагини билдирди. Шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли маданият ва санъат арбоблари айни пайтда Самарқандда бўлиб турибди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
– Ўн учинчи бор ўтказилаётган ушбу анжуман гарчи “Шарқ тароналари” деб аталса-да, бугунги кунда у моҳият эътиборига кўра, “Жаҳон тароналари” фестивалига айланганига барчамиз гувоҳмиз. Бу ҳақиқатни биринчи фестивалда 31 та мамлакат вакиллари қатнашган бўлса, бу йил барча қитъалардаги 80 га яқин давлатдан 400 нафардан зиёд санъаткор ва олимлар иштирок этаётгани ҳам тасдиқлайди, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу билан бирга, юртимизда шаклланган ижобий тажрибадан келиб чиққан ҳолда, ушбу анжуманнинг кўлами ва жозибасини янада ошириш мақсадида, “Шарқ тароналари” фестивалининг халқаро “Дўстлар клуби”ни ташкил этиш, шунингдек, фестиваль ғолиб ва совриндорлари иштирокида дунё мамлакатларининг нуфузли саҳналарида катта концерт дастурларини намойиш қилиш таклифларини билдирди.
Фестивалнинг нуфузи ва қамрови йил сайин ошиб бормоқда. Кўплаб мамлакатлар, халқаро маданият ташкилотлари, машҳур санъат намояндалари унда қатнашиш истагини билдирмоқда. Айни пайтгача “Шарқ тароналари”да дунёнинг 120 дан ортиқ давлатидан вакиллар қатнашган.
27-29 август кунлари халқаро мусиқа фестивали иштирокчиларининг кўрик-танловда чиқишлари намойиш этилади. Уларнинг дастурлари халқаро ҳайъат томонидан профессионал (классик) даражадаги халқ мусиқаси ва қўшиқ йўналиши ҳамда замонавий мусиқа ва қўшиқ йўналиши бўйича баҳоланади. 30 август куни фестиваль ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими ва улар иштирокида концерт дастури намойиш этилади.
Улашиш:
Бошқалар
Хориждан келаётганда бож тўламасдан қанча товар олиб ўтиш мумкин?
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараларининг темир йўл ва дарё божхона чегаралари ўтиш пунктлари орқали олиб ўтишда — 1 000 (бир минг) АҚШ доллари олиб ўтиш мумкин.
Айрим тадбиркор ва юридик шахслар давлат божини тўлашдан озод этилади
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-1018-сон, 13.01.2025 й.) билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга қўшимчалар ва ўзгартириш киритилди.
Иқтисодий процессуал қонунчилик бўйича судда кимлар вакил бўла олмайди?
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 61-моддасида вакил орқали иш юритиш тартиби белгилаб берилган.
Ўзбекистондан қатор халқаро йўналишларга автобус қўйилиши режалаштирилмоқда
Транспорт вазирлиги республиканинг турли ҳудудларидан халқаро йўналишларда автобус қатновларини ташкил этиш режалаштирилаётганини маълум қилди.