Содда талқин
10.08.2024
678
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон қурувчиларини касб байрами билан табриклади.
Қуйида Президентнинг табриги тўлиқлигича тақдим этилади.
Ҳурматли дўстлар!
Аввало, ўз ҳаётини дунёдаги энг шарафли касблардан бири бўлган қурилиш соҳасига бағишлаган сиз, азизларни қутлуғ касб байрамингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ҳеч шубҳасиз, бугун биз кўп миллатли халқимиз билан биргаликда барпо этаётган Янги Ўзбекистонда юз бераётган энг муҳим ўзгаришлар ҳақида сўз юритганда, барча минтақа ва ҳудудларимизни қамраб олган кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳақида алоҳида фикр юритишимиз табиийдир.
Чиндан ҳам, сўнгги йилларда юртимиз улкан қурилиш ва бунёдкорлик мамлакатига айланди. Халқимизнинг кўз ўнгида қад ростлаётган замонавий турар-жойлар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, муҳандислик-коммуникация, йўл ва транспорт тармоқлари, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт муассасалари, боғ ва хиёбонлар, обод шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасида сизларнинг беқиёс куч-ғайратингиз, юксак салоҳият ва маҳоратингиз мужассам эканини эътироф этган ҳолда, барчангизни янги ҳаёт бунёдкорлари дея эъзозлаб, фидокорона меҳнатингиз учун чин дилдан ташаккур билдирамиз.
Қадрли бунёдкорлар!
Маълумки, ҳозирги кунда қурилиш соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч тармоқларидан бирига айланмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида қурилиш ишлари ҳажми 2023 йилга нисбатан 10 фоиздан зиёд ортиб, салкам 80 триллион сўмга етгани, соҳанинг ялпи ички маҳсулотимиздаги улуши 6 фоиздан кўпроқни ташкил этаётгани бунинг яққол тасдиғидир.
Энг асосийси, барча соҳалар қатори қурилиш тармоғидаги улкан ишларимиз ҳам инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлашга қаратилмоқда. Ўтган йили биргина инвестиция дастури доирасида 2 минг 526 та ижтимоий ва инфратузилма объектларида қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилгани, “Ташаббусли бюджет” тизими асосида маҳаллаларимиздаги 4 мингдан ортиқ объектда 4,5 триллион сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилгани ҳам шундан далолат беради.
Айниқса, кейинги йилларда халқимиз учун замонавий уй-жойлар барпо этиш бўйича мисли кўрилмаган натижалар қўлга киритилаётганини таъкидлаш лозим. Охирги етти ярим йилда жами 412 мингта квартирадан иборат ёки 26 миллион квадрат метрлик қарийб 10 мингта уй-жойлар барпо этилгани мисолида бунга тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Бу ишларимизнинг давоми сифатида жорий йилда 52 та ҳудудда “Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилмоқда. “Янги Тошкент” ва Олимпия шаҳарчаси каби мега объектларимизда ҳам бунёдкорлик ишлари юқори суръатлар билан олиб борилмоқда. Соҳада “яшил” стандартлар, энергияни тежайдиган янги технологиялар, “ақлли шаҳар”, “ақлли уй” тамойиллари фаол қўлланмоқда.
Қурилиш соҳасида биринчи марта юқори малакали кадрлар, мустаҳкам материаллар, машина ва механизмлар базаси ҳамда мезонларни ўзида ифода этадиган ресурслар миллий классификатори шаклланди, мутахассисларни сертификатлаш тизими жорий қилиниб, Компетенцияни ривожлантириш институти ташкил этилди.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Қурилиш соҳасини бугунги шиддатли замон талабларига мос ҳолда ривожлантириш, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда жамоатчилик фикрини ўрганиш ва уларнинг ижроси бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш бугунги кунда ғоят долзарб аҳамиятга эга.
Шунингдек, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш, қурилиш материаллари бозорини тартибга солиш, рақамлаштириш ишларини чуқурлаштириш, бино ва иншоотларда қулай ва экологик хавфсиз яшаш шароитларини яратиш, энергия самарадорлигини ошириш, қурилиш ишлари жараёнида хавфсизлик ва таъсирчан назоратни таъминлаш бўйича олдимизда катта вазифалар турганини сиз – соҳада катта билим ва тажрибага эга бўлган ишчи ва қурувчи, меъмор
ва муҳандислар, олим ва мутахассислар яхши биласиз.
Ишончим комил, сизлар ана шундай мураккаб ва масъулиятли вазифаларни муваффақиятли адо этишда янада жонбозлик кўрсатиб, қурилиш соҳаси равнақини янги босқичга олиб чиқасизлар.
Албатта, соҳа вакилларининг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш, иш ва турмуш шароитларини яхшилаш масалаларига биз бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратамиз.
Сиз, азизларни касб байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, туганмас куч-ғайрат, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака тилайман.
Жонажон Ватанимизни ҳар томонлама гўзал ва обод этишда сизларга янги зафар ва омадлар ёр бўлсин!
Улашиш:
Бошқалар
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентни ёд этди
Бугун, 2 сентябрь куни давлат ташкилотлари вакиллари, Тошкент шаҳри жамоатчилиги Ислом Каримовни ёд этиш учун йиғилди.
Президент телефон орқали Асадхўжа Мўйдинхўжаев ва Лазизбек Муллажоновни Олимпиададаги ғалабаси билан табриклади
“Юртимиз ўғлонлари нималарга қодир эканликларини бутун дунё ҳамжамияти кўриб турди ва мен сизлардан ғурурланаман”, деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Дональд Трампга суиқасд уюштирилганини қоралади
Ўзбекистон Президенти Дональд Трампга сайловолди учрашувда нутқ сўзлаётган чоғида суиқасд уюштирилганини чуқур хавотир билан қабул қилди ва кескин қоралади.
Шавкат Мирзиёев Масъуд Пезешкиённи Эрон Президенти бўлгани билан табриклади
Ўзбекистон Президенти янги сайланган Президентга мактуб йўллади.