currencies image

11 797,92 UZS

15,29

usd

currencies image

13 739,86 UZS

20,00

eur

currencies image

138,00 UZS

1,29

ru



АсосийЯнгиликларСолиқ мажбуриятини қандай тартибда ва қайси муддатларда бажариш керак?

Солиқ мажбуриятини қандай тартибда ва қайси муддатларда бажариш керак?

Ҳуқуқ

calendar

10.09.2026

eye

34

Солиқ мажбуриятини қандай тартибда ва қайси муддатларда бажариш керак?

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 86-моддаси солиқ мажбуриятини бажариш тартиби ва муддатларини белгилайди. Ушбу модда солиқ тўловчининг солиқларни ким, қачон ва қандай тартибда тўлаши кераклигини, шунингдек, мажбурият бажарилмаган тақдирда қандай чоралар кўрилишини тартибга солади.

 

Солиқ мажбурияти мустақил равишда бажарилади

Умумий қоида бўйича, ҳар бир солиқ тўловчи ўзининг солиқ мажбуриятини мустақил равишда бажариши керак. Яъни солиқ тўловчи қонунчиликда белгиланган солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш бўйича ўз мажбуриятларини ўзи бажаради.

Бироқ якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланмайдиган жисмоний шахснинг солиқ мажбурияти бошқа жисмоний шахс томонидан ҳам бажарилиши мумкин. Масалан, фуқаронинг солиғини унинг яқин қариндоши ёки бошқа шахс тўлаб бериши мумкин.

Бундай ҳолатда солиқ тўловчи бошқа шахс томонидан унинг учун тўланган солиқ суммасини моддий наф ёки даромад сифатида ҳисобга олмайди. Шу билан бирга, солиқни бошқа шахс учун тўлаган фуқаро кейинчалик ушбу суммани солиқ органидан қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.

 

Солиқ мажбурияти белгиланган муддатда бажарилиши шарт

Солиқ мажбурияти солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатларда бажарилиши керак. Ушбу муддатлар қуйидаги шаклларда белгиланиши мумкин:

  • аниқ календарь сана;
  • йил;
  • чорак;
  • ой;
  • ўн кунлик;
  • кун.

Муддатнинг ўтиши, қоида тариқасида, календарь санадан ёки мажбуриятнинг бошланишига сабаб бўлган воқеа юз берганидан кейинги кундан бошланади.

Солиқ мажбурияти уни бажариш учун белгиланган муддатнинг сўнгги куни соат 24:00 га қадар бажарилиши лозим.

 

Дам олиш кунига тўғри келган муддат қандай ҳисобланади?

Агар солиқ мажбуриятини бажаришнинг охирги куни дам олиш ёки ишланмайдиган кунга тўғри келса, муддат ундан кейинги биринчи иш кунига кўчирилади.

Бу қоида солиқ тўловчининг дам олиш кунида солиқ мажбуриятини бажариш имконияти бўлмаган ҳолатларда унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

 

Солиқни муддатидан олдин тўлаш мумкинми?

Ҳа, солиқ тўловчи ўз солиқ мажбуриятини белгиланган муддат келишидан олдин ҳам бажаришга ҳақли.

Яъни қонунчиликда белгиланган охирги муддатни кутмасдан, солиқни олдиндан тўлаш мумкин.

Шунингдек, айрим ҳолатларда Солиқ кодексининг 97–102-моддаларида белгиланган тартибда солиқ мажбуриятини бажариш муддати ўзгартирилиши мумкин.

 

Солиқ мажбурияти бажарилмаса нима бўлади?

Агар солиқ тўловчи ўз солиқ мажбуриятини умуман бажармаса ёки уни лозим даражада бажармаса, солиқ органи унга солиқ қарзини тўлаш тўғрисида талабнома юбориши мумкин.

Агар шундан кейин ҳам солиқ мажбурияти бажарилмаса, солиқ органлари Солиқ кодексида белгиланган тартибда:

— солиқ мажбуриятини мажбурий тартибда бажариш чораларини кўриши;
 

— солиқ мажбуриятининг бажарилишини таъминлаш чораларини қўллаши мумкин.

Зиёвуддин Намозов,
журналист

Улашиш: