Ҳуқуқ
14.12.2024
182
Жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳеч бўлмаганда битта ҳолат мавжуд бўлганда, жарима миқдори Cолиқ кодексидаги миқдорга нисбатан икки марта камайтирилади.
1. Шахс 16 ёшдан солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилади
Юридик ва жисмоний шахслар солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгар бўлади. Жисмоний шахслар солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун 16 ёшдан жавобгарликка тортилиши мумкин.
Ҳеч ким солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун Солиқ кодексда назарда тутилганидан бошқа асослар бўйича ва тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким солиққа оид содир этилган айни бир ҳуқуқбузарлик учун такроран жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
Юридик шахснинг солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлиги учун жавобгарликка тортилишига ҳуқуқбузарлик факти солиқ органининг кучга кирган қарорида аниқланганлиги асос бўлади.
2. Шахс ўзининг солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор эмаслигини исботлаши шарт эмас
Юридик шахснинг солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жавобгарликка тортилиши тегишли асослар мавжуд бўлганда унинг мансабдор шахсларини маъмурий, жиноий ёки бошқа жавобгарликдан озод этмайди.
Шахснинг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилиши уни тўланиши керак бўлган солиқлар (йиғимлар) ва пеняларнинг суммаларини тўлаш (ўтказиш) мажбуриятидан озод этмайди.
Шахснинг айби исботланмагунига қадар у солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор деб ҳисобланмайди. Жавобгарликка тортилаётган шахс ўзининг солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор эмаслигини исботлаши шарт эмас.
Солиққа оид ҳуқуқбузарлик факти ва шахснинг уни содир этишда айбдорлиги тўғрисида далолат берувчи ҳолатларни исботлаш мажбурияти солиқ органларининг зиммасига юклатилади.
3. Муддат ўтиб кетганида жавобгарликка тортиш мумкин эмас
Шахс солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун қуйидаги ҳолатларда жавобгарликка тортилиши мумкин эмас:
— солиққа оид ҳуқуқбузарлик ҳолатининг мавжуд эмаслиги;
— солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этишда шахснинг айби мавжуд эмаслиги;
— солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жавобгарликка тортиш муддатлари ўтиб кетганда.
4. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик табиий офат натижасида содир этилса, жавобгарлик истисно қилинади
Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганликдаги айбни истисно қиладиган ҳолатлар қуйидагилар:
солиққа оид ҳуқуқбузарлик табиий офат ёки бошқа фавқулодда ва бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар оқибатида содир этилганлиги;
солиққа оид ҳуқуқбузарлик касаллик оқибатида ўз ҳаракатларини ўзи идора этолмайдиган ёки бошқара олмайдиган ҳолатда бўлган солиқ тўловчи томонидан содир этилганда;
солиқ органининг ёзма тушунтиришлари солиқ тўловчи томонидан бажарилганда;
солиқ мониторинги даврида солиқ органининг солиқ тўловчига (йиғим тўловчига, солиқ агентига) юборилган асослантирилган фикри солиқ тўловчи (йиғим тўловчи, солиқ агенти) томонидан бажарилганда.
5. Оилавий шароит оғирлиги учун содир этилган ҳуқуқбузарлик жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобланади
Солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар:
— шахсий ёки оилавий шароитлар оғир кечиши оқибатида солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этиш;
— таҳдид ёки мажбурлаш таъсирида ёхуд моддий, хизмат ёки бошқа жиҳатдан қарамлик сабабли солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этиш;
— суд ёки ишни кўраётган солиқ органи томонидан жавобгарликни енгиллаштирувчи деб топилиши мумкин бўлган бошқа ҳолатлар.
Солиққа оид ҳуқуқбузарликнинг илгари худди шундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилган шахс томонидан содир этилганлиги жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат деб эътироф этилади.
Солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ёки оғирлаштирувчи ҳолатлар суд ёки ишни кўраётган солиқ органи томонидан белгиланади ва молиявий санкциялар қўлланилганда инобатга олинади.
6. Жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларда жарима миқдори икки марта камайтирилади
Cолиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан уч йил ўтган бўлса, шахс солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
Cолиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликка тортилаётган шахс солиқ текширувини ўтказишга фаол қаршилик кўрсатган бўлса ва ушбу солиқ текширувини ўтказиш ҳамда бюджет тизимига тўланиши лозим бўлган солиқ суммаларини солиқ органлари томонидан аниқлаш учун бартараф этиб бўлмайдиган тўсиққа айланган бўлса, жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиши тўхтатилади.
Молиявий санкциялар солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарлик чорасидир.
Жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳеч бўлмаганда битта ҳолат мавжуд бўлганда, жарима миқдори Cолиқ кодексидаги миқдорга нисбатан икки марта камайтирилади.
Hudud24.uz колумнисти
Дилмурод Ражабоев
Улашиш:
Бошқалар
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилади
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-999-сон, 15.11.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг айрим моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари рағбатлантирилади
Қонунга кўра, юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқлар бўйича (бундан ҚҚС мустасно) ортиқча тўланган суммани қайтариш 3 кунлик муддатда амалга оширилади.
Ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмлари такомиллаштирилади
Шунингдек, Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилди.