Life Style
17.10.2026
49

Кундалик ҳаётда харид қилинган товар кутилганидек чиқмаслиги, ўлчами ёки ранги тўғри келмаслиги кўп учрайдиган ҳолат. Бундай вазиятда харидорнинг ҳуқуқлари қонунчилик билан ҳимоя қилинади. Аммо бу қоида барча товарларга бирдек тааллуқли эмас.
Товарни алмаштириш ва қайтариш ҳуқуқи
Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига кўра, харидор ноозиқ-овқат товари унга берилган кундан бошлаб 10 кун ичида (агар сотувчи узоқроқ муддат эълон қилмаган бўлса) уни айнан шундай ўлчам, шакл, габарит, фасон, рангдаги ёки комплектациядаги бошқа товарга алмаштиришга ҳақли. Нархда фарқ бўлса, сотувчи билан тегишли ҳисоб-китоб қилинади.
Агар алмаштириш учун сотувчида керакли товар бўлмаса, харидор товарни қайтариб, унинг учун тўланган пулни қайтариб олишга ҳақли (Қоидаларнинг 27-банди).
Бунинг учун қуйидаги шартлар бажарилиши лозим (28-банд):
товар ишлатилмаган бўлиши;
товар кўриниши, истеъмол хоссалари, пломбаси ва ёрлиқлари сақланган бўлиши;
товар айнан шу сотувчидан сотиб олинганини тасдиқловчи ҳужжат (чек ва ҳ.к.) мавжуд бўлиши.
Аммо айрим товарлар қайтариб олинмайди
Қоидалар бу ҳуқуқдан истисноларни ҳам белгилаган. Зарур сифатга эга бўлган, лекин қайтариб олинмайдиган ёки шунга ўхшаш товарга алмаштирилмайдиган ноозиқ-овқат товарлари алоҳида рўйхатда кўрсатилган.
Мазкур рўйхатга кўра, атторлик-пардоз товарлари сифатли бўлса, қайтариб олинмайди ва бошқасига алмаштириб берилмайди. Яъни крем, лаб бўёғи, упа, атир, тирноқ лаки каби маҳсулотни сотиб олгач, «ранги ёқмади», «ҳиди менга тўғри келмади» ёки «фикримдан қайтдим» деган сабаб билан дўконга қайтариб бериш ёки бошқасига алмаштириш талаб қилинмайди. Бундай чекловнинг сабаби тушунарли: пардоз буюмлари бевосита тана ва тери билан алоқада бўлади, гигиена ва хавфсизлик нуқтаи назаридан очилган ёки ишлатилган маҳсулотни қайта сотиш мумкин эмас.
Сифатсиз пардоз буюми сотилса-чи?
Юқоридаги чеклов фақат сифатли товарларга тааллуқли. Агар сотиб олинган пардоз буюмида нуқсон аниқланса (масалан, яроқлилик муддати ўтган, таркиби бузилган ва ҳ.к.), харидорнинг ҳуқуқлари сақланиб қолади. Қоидаларнинг 29-бандига кўра, пардоз-андоз буюмлари каби товарларда нуқсон аниқланса, харидор ўз танловига кўра:
— товарни сифатлисига алмаштиришни;
— харид нархини мутаносиб равишда камайтиришни;
— ёки товардан воз кечиб, тўланган пулни қайтаришни талаб қилишга ҳақли.
Бундан ташқари, сифатсиз товар туфайли етказилган зарарни тўлиқ қоплашни ҳам талаб қилиш мумкин. Нуқсон сабаби юзасидан низо келиб чиқса, сотувчи ўз ҳисобидан мустақил экспертиза ўтказиши шарт (30-банд).
Хулоса ўрнида
Пардоз буюмларини харид қилишда шошилмаслик, маҳсулотнинг таркиби, яроқлилик муддати ва ўрами бутунлигини дўконнинг ўзида текшириш, имкон бўлса намунасини синаб кўриш тавсия этилади. Чунки сифатли пардоз буюмини кейинчалик қайтариш ёки алмаштириш имкони бўлмайди.
Жасур ТОЖИБОЕВ,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?
МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар белгиланган.