Ҳуқуқ
25.11.2025
57

Адолатни таъминлаш учун суд мустақил бўлиши шарт. Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган фармон билан соҳада муҳим янгиликлар жорий этилмоқда. Қуйида уйлардан айримларига тўхталамиз.
1. Судьялар дастлаб 5 йил, кейинчалик муддатсиз даврга тайинланади
Фармонга кўра, энди судьялар аввал 5 йил ишлайди, сўнг фаолияти натижасига қараб муддатсиз даврга тайинланади (сайланади).
Илгариги тартиб қандай эди? Судьялар белгиланган муддатга – аввал беш, кейин ўн йилга тайинланарди. Муддат тугагач, уларни қайта тайинлаш ёки лавозимни янгилаш керак бўларди.
Эндиликда ушбу тартиб янгича шакллантирилади. Судьялар олдинига беш йиллик муддатга тайинланади (сайланади). Бу вақт давомида улар ўз вазифасини бажаради, тажриба тўплайди. Кейинчалик фаолияти натижалари асосида муддатсиз даврга лавозимга сайланади (тайинланади).
Янги тартиб судьянинг мустақил фаолиятига қўшимча куч беради. У ўз вазифасини хотиржам бажаради, фуқароларда эса суд қарорларининг қонунга асосланганига ишонч ортади. Адолат ана шундай изчил ишлаш орқали мустаҳкамланади.
Кўпгина ривожланган давлатларда бор бу тизим. Масалан, Германия, Франция, Япония каби мамлакатларда судьялар умрбод тайинланади. Venice Commission (Европа Кенгашининг ҳуқуқий маслаҳат органи) ҳам судьяларнинг лавозимда барқарорлиги, муддатсиз тайинланишини суд мустақиллигининг энг муҳим кафолати сифатида қайд этади.
2. Судьялар очиқ танлов асосида танланади
Судьялар олий кенгаши расмий веб-сайтида суд тизимидаги бўш лавозимлар ҳақидаги маълумотлар, уларни эгаллаш учун талаблар ва танлов тартиби очиқ эълон қилиб борилади. Жорий этилаётган бу амалиёт орқали фуқаролар ва ҳуқуқшунослар танлов жараёнини эркин кузатиш имконига эга бўлади.
Суд тизимида очиқлик фақат судьяларни танлашда эмас, балки улар ҳақида қарор қабул қиладиган органларни шакллантиришда ҳам таъминланади. Фармонига кўра, эндиликда Судьялар олий кенгаши таркиби ҳам судьялар ҳамжамияти ва жамоатчилик иштирокида шакллантирилади.
Яъни Кенгашда доимий ишлайдиган судьялар лавозимига номзодларни энди тегишли судлар ҳузуридаги малака ҳайъатлари тавсия этади. Бу лавозимга, қоида тариқасида, кемида 7 йиллик тажрибага эга судьялар номзоди кўрсатилади. Шу билан бирга, Кенгашнинг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи аъзолари ҳам бўлади. Уларни ҳуқуқ соҳасидаги илмий муассасалар, олий таълим ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари тавсия этади.
Бу ўзгариш Кенгаш фаолиятини янада очиқ ва ишончли тизимга айлантиради. Энди судьялар ҳақидаги муҳим қарорларни қабул қиладиган органнинг таркиби ҳам фақат маъмурий йўл билан эмас, балки касбий тажриба ва жамоатчилик ишончи асосида шаклланади.
3. Соҳада аёллар улуши 30 фоизга етказилади
Фармон билан суд тизимида жорий этилаётган муҳим янгиликлардан бири судьялар корпусида аёллар улуши камида 30 фоизга етказилишидан иборат.
Аввалги йилларда суд тизимида аёллар сони нисбатан кам бўлган. Бу ҳолат баъзан айрим ижтимоий ва оилавий масалаларда турли нуқтаи назарларнинг етишмаслигига сабаб бўларди. Эндиликда аёллар сони ошиши суд мажлисларида турли фикрларни тинглаш, вазиятни ҳар томонлама баҳолаш имконини кенгайтиради.
Аёл судьялар сонини кўпайтириш учун амалий чоралар кўрилади. Энди ҳар йили заруратга қараб, аёллар учун Одил судлов академияси курсларига қабулда махсус квота ажратилади. Бу орқали хотин-қизлар судьялик соҳасида билим ва малакасини ошириш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, “Ўзбекистон аёл судьялар ассоциацияси” ташкил этилиши назарда тутилган. Бу таклиф ташаббускор судьялар гуруҳи томонидан илгари сурилмоқда.
Халқаро тажриба ҳам бу йўналишда аниқ натижаларни кўрсатмоқда. Масалан, International Association of Women Judges маълумотларига кўра, Европа мамлакатларида судьялар орасида аёлларнинг улуши 2012 йилда тахминан 54 фоиз бўлган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 60 фоизга яқинлашган. Канадада эса федерал даражада тайинланган судьялар орасида аёлларнинг улуши 2021 йилда 43,8 фоиз, 2023 йилда эса 46,7 фоизга етган.
Ўзбекистонда бу ислоҳот суд тизимининг табиий ривожи бўлиб, уни янада очиқ ва инсонпарвар йўналишга олиб чиқади. Аёл судьялар сонининг кўпайиши эса ана шу қимматли сифатларни янада бойитади.
4. Судьялар фаолиятини баҳолашда сунъий интеллект жорий этилади
Навбатдаги янгилик соҳага замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш билан боғлиқ. Эндиликда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш, уларнинг фаолиятини баҳолаш ва Кенгаш мажлисларида қарор қабул қилиш жараёнлари электрон ахборот тизимлари ҳамда сунъий интеллект (AI) ёрдамида амалга оширилади.
Фармонга мувофиқ, “Рақамли ҳукумат” тизими Судьялар олий кенгашининг ахборот базаси билан тўлиқ интеграция қилинади. Бу орқали номзодлардан ортиқча ҳужжат сўраш амалиёти тугатилади, маълумотлар ягона электрон базада тўпланади ва кадрлар танлови жараёни шаффоф бўлади.
Шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда сунъий интеллект таҳлил тизими ишга туширилади. Ўзбекистонда бу ислоҳотлар билан судьялар ва номзодларнинг психологик портретини баҳоловчи электрон дастур ҳам такомиллаштирилади. Кенгаш мажлисларидаги овоз бериш ва қарор қабул қилиш жараёнлари ҳам рақамлаштирилади.
Рақамлаштириш нега муҳим?
Биринчидан, рақамли тизимлар инсон омилини қисқартиради. Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) таҳлилларида қайд этилганидек, сунъий интеллект хизматлари суд тизимида самарадорликни оширади, қарорлар ўртасидаги номувофиқликларни аниқлайди ва маъмурий ёки сиёсий босим хавфини пасайтиради.
Иккинчидан, рақамли технологиялар суд жараёнларини фуқаролар учун янада очиқ ва тушунарли қилади. Маълумотлар ягона электрон базада жамланиши натижасида қоғозбозлик йўқолади, маълумотлар йўқотилиши ёки субъектив таҳрирларга учраш эҳтимоли камаяди.
Учинчидан, суд тизимида самарадорлик билан бирга шаффофлик ва ишонч ҳам кучаяди. UNESCO маълумотларига кўра, бугун 96 та мамлакат суд тизимида сунъий интеллектдан фойдаланиб, ходимларнинг қарийб 44 фоизи ишини AI ёрдамида бажаради.
Шу боис Ўзбекистонда ушбу технологияларни жорий этиш орқали:
– суд қарорлари тезроқ чиқади, кечикишлар камаяди;
– судьялар фаолиятида холислик ва объектив баҳолаш кучаяди;
– фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончи мустаҳкамланади.
Бу янгиланишлар суд фаолиятини замонавий, холис, жамият манфаати йўлида самарали ишлайдиган ва ҳар бир фуқаро ишонч билан мурожаат қиладиган даражага кўтаради. Шубҳа йўқ.
Улашиш:
Бошқалар
Банк сирига нималар киради ва қачон ошкор қилиниши мумкин? Муҳим 5 саволга жавоб
Банк, унинг мижози (вакили) ва Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.
Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати
Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.
Қандай ҳолатларда жазони нисбатан енгилроқ жазога алмаштириш мумкин?
Жиноят кодексининг 74-моддасида Озодликдан маҳрум етилган, озодлиги чекланган ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан суд жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириши мумкин дея белгилаб қўйилган.
Вояга етмаган ва муомала лаёқати чекланган шахслар иштирокида битимларни тасдиқлашнинг ҳуқуқий асослари
Фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институтларидан бири бу — муомала лаёқати тушунчасидир.