currencies image

11 797,46 UZS

22,54

usd

currencies image

13 608,37 UZS

20,11

eur

currencies image

139,77 UZS

0,60

ru



АсосийЯнгиликларТабиий ҳодиса туфайли автомобилга зарар етса ким жавобгар бўлади?

Табиий ҳодиса туфайли автомобилга зарар етса ким жавобгар бўлади?

Ҳуқуқ

calendar

17.09.2026

eye

32

Табиий ҳодиса туфайли автомобилга зарар етса ким жавобгар бўлади?

Дўл ёғиши, кучли шамол, дарахт йиқилиши, сел ёки тошқин натижасида автомобилга зарар етиши тез-тез учрайдиган ҳолатлардан бири ҳисобланади. Кўпчилик бундай вазиятда дарҳол “зарарни қоплашни кимдан талаб қилсам бўлади?”, деган саволга жавоб излайди. Табиий офат ҳеч кимнинг айби билан боғлиқ бўлмаган ҳодиса бўлгани учун, қонунчиликка кўра, жавобгар томон бўлмайди ва зарар мулкдорнинг ўзи зиммасида қолади.


Хавфни мулкдор ўз зиммасига олади

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 175-моддаси “Мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиш ёки бузилиш хавфи” деб номланади. Ушбу моддага кўра, агар қонун ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, мулкка тасодифан (яъни ҳеч кимнинг айбисиз) етган зарар хавфини ўша мулкнинг мулкдори ўз зиммасига олади.

Табиий офат (дўл, момақалдироқ, кучли шамол, сел, қор кўчкиси ва ҳ.к.) айнан “тасодифий”, яъни ҳеч кимнинг ноқонуний хатти-ҳаракати билан боғлиқ бўлмаган ҳолат ҳисобланади. Шу сабабли автомобилга дўл уриб, кузов шикастланса, кучли шамолда дарахт ёки унинг шохи йиқилиб машинага тушса, сув тошқини автомобильни ювиб кетса ёки ичига сув кирса – бундай ҳолларда, агар учинчи шахснинг айби (масалан, йўл хизматининг дарахтни ўз вақтида кесиб олмаслиги) исботланмаса, жавобгар бўладиган аниқ шахс ёки ташкилот бўлмайди. Зарар автомобиль эгасининг ўзи томонидан қопланади.


Мажбурий суғурта (ОСАГО) табиий офат зарарини қоплайдими?

Кўпчилик “менда мажбурий суғурта бор-ку” деб ўйлайди, лекин бу ерда муҳим нуқта бор: Ўзбекистондаги автотранспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизими фақат ҳайдовчининг бошқа шахслар (учинчи шахслар)нинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига етказган зарари учун жавобгарлигини қоплайди. Яъни, бу суғурта тури:

— йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) содир бўлишини;

— ва айбдор томоннинг бўлишини талаб қилади.

Табиий офат ёки бахтсиз ҳодиса (масалан, дарахт қулаши) натижасида етган зарарда ЙТҲ рўй бермайди ва айбдор тараф мавжуд эмас – демак, мажбурий суғурта компанияси бундай мурожаатни қонуний асосда рад этишга ҳақли.


Ихтиёрий (КАСКО) суғурта – ягона амалий ечим

Агар автомобиль эгаси табиий офатлардан реал ҳимояланишни истаса, қонунчилик доирасида қўлланиладиган асосий восита – ихтиёрий транспорт воситасини суғурта қилиш (КАСКО) шартномасидир. Фуқаролик кодексининг суғурта шартномаларига бағишланган бобларига (жумладан, суғурта ҳодисаси, суғурта товонини тўлаш тартиби ва суғурталовчини жавобгарликдан озод қилиш асосларини белгиловчи моддаларга) мувофиқ, тарафлар шартномада айнан қандай хавфлар (табиий офат, ўғирлик, ёнғин ва ҳ.к.) суғурта қопламига киритилишини ўзаро келишиб белгилайдилар. Агар шартномада “табиий офат” алоҳида хавф тури сифатида кўрсатилган бўлса, суғурта компанияси зарарни қоплаши шарт.


Истисно, агар учинчи шахснинг айби ёки эътиборсизлиги бўлса

Зарар соф табиий кучлар эмас, балки инсон фаолияти (ёки унинг етарли даражада бажарилмаслиги) билан боғлиқ бўлса, вазият ўзгаради. Масалан, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунга кўра, йўлларни бошқарувчи ташкилотлар зиммасидаги мажбуриятлар (йўл ҳолатини назорат қилиш, хавфли дарахтларни ўз вақтида кесиш, музлаш пайтида йўлни тозалаш ва ҳ.к.) бажарилмагани сабабли юзага келган зарар – шу ташкилотлар томонидан қонунда белгиланган тартибда қопланиши лозим.

Бундай ҳолларда автомобиль эгаси зарар соф табиий ҳодиса эмас, балки ташкилотнинг ўз вазифасини бажармагани натижаси эканини судда ёки тегишли орган олдида исботлаши керак бўлади.

Жасур ТОЖИБОЕВ,
журналист

Улашиш: