currencies image

11 797,92 UZS

15,29

usd

currencies image

13 739,86 UZS

20,00

eur

currencies image

138,00 UZS

1,29

ru



АсосийЯнгиликларТадбиркорлар учун янги давр: текширувлар қисқаради, ҳуқуқий кафолатлар кучаяди

Тадбиркорлар учун янги давр: текширувлар қисқаради, ҳуқуқий кафолатлар кучаяди

Ҳуқуқ

calendar

09.09.2026

eye

58

Тадбиркорлар учун янги давр: текширувлар қисқаради, ҳуқуқий кафолатлар кучаяди

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан маъмурий босимни камайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда бизнес юритиш учун янада қулай муҳит яратиш бўйича янги чоралар белгиланди.

Бугунги кунда тадбиркорликни ривожлантириш нафақат иқтисодий ўсиш, балки ҳуқуқий сиёсатнинг ҳам муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Зеро, бизнес қанчалик эркин ва барқарор фаолият юрита олса, янги иш ўринлари, инвестициялар ва иқтисодий фаоллик учун шунчалик кенг имконият пайдо бўлади.

Шу нуқтаи назардан, давлат органлари билан тадбиркорлар ўртасидаги муносабатларда ортиқча маъмурий тўсиқларни камайтириш, текширувларни мақбуллаштириш ва тадбиркорнинг қонуний фаолиятига бўлган ишончни кучайтиришга қаратилган янги механизмлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, Президентнинг 2026 йил 27 августдаги ПФ–175-сон Фармони билан тадбиркорлар учун қатор янги ҳуқуқий кафолатлар белгиланди.

 

Кичик бизнес текширувлардан ҳимоя қилинади

Янги тартибнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар қандай текширишга 3 йил муддатга мораторий жорий этилгани.

Мазкур мораторий тадбиркорлик субъектларининг ортиқча текширувлар билан чалғимасдан, ўз бизнесини ривожлантириши учун қўшимча имконият яратади.

Бироқ мораторий мутлақ характерга эга эмас.

Хусусан, қуйидаги ҳолатларда текширувлар ўтказилиши мумкин:

  • жиноят иши доирасида;
     
  • инсон соғлиғига таъсирни ўрганиш мақсадида;
     
  • меҳнат қонунчилигига риоя этилишини текширишда;
     
  • фуқароларнинг мурожаатлари асосида;
     
  • қўшилган қиймат солиғини қоплаш (қайтариш) билан боғлиқ ҳолатларда;
     
  • тадбиркорлик субъекти тугатилиши муносабати билан.

Демак, мораторийнинг асосий мақсади назоратни бутунлай бекор қилиш эмас, балки тадбиркорлик фаолиятига асоссиз ва ортиқча аралашувларни чеклашдан иборат.


Ноқонуний текширув ўтказилса, жавобгарлик бор

Мораторий амал қилган даврда кичик тадбиркорлик субъекти фаолиятини белгиланган истиснолардан ташқари текшириш ноқонуний ҳисобланади.

Бундай ҳуқуқбузарликка йўл қўйган мансабдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин.

Шу билан бирга, тадбиркорларнинг аввал ўтказилган текширувлар жараёнида бузилган ҳуқуқларини тиклашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.


«Самарали назорат»: аввалги текширувлар ҳам қайта кўриб чиқилади

Мораторий даврида Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — Бизнес-омбудсман томонидан «Самарали назорат» тадбири амалга оширилади.

Унинг доирасида назорат қилувчи органларнинг сўнгги 3 йилдаги текширув материаллари жойига чиққан ҳолда ўрганилади.

Агар текширув ўтказиш тартиби бузилгани ёки ноқонуний текширув ўтказилгани аниқланса, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилади.

Бу эса назорат тизимида муҳим ёндашувни — «текширишнинг ўзи эмас, унинг қонунийлиги муҳим» деган тамойилни кучайтиради.


Тадбиркорнинг «ҳақлиги презумпцияси» нимани англатади?

Яна бир муҳим янгилик — тадбиркорнинг ҳақлиги презумпцияси тамойилини жорий этишдир.

Унга кўра, тадбиркорга нисбатан айблов ёки ҳуқуқий чора қўллашнинг қонунийлигини исботлаш мажбурияти давлат органлари зиммасига юкланади.

Қонунчиликда бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва шубҳалар эса тадбиркор фойдасига талқин қилиниши назарда тутилмоқда.

Бу ёндашув давлат органи ва тадбиркор ўртасидаги муносабатларда муҳим ўзгаришни англатади.

Яъни тадбиркор ўзининг айбсизлигини доимий равишда исботлашга мажбур бўладиган эмас, балки давлат органи ўз талабининг қонуний ва асосли эканини далиллаши лозим бўлган субъект сифатида қаралади.


Ташаббусли аудит: тадбиркорга хатосини тузатиш имконияти

2027–2028 йилларда ҳуқуқий эксперимент сифатида ўрта ва йирик бизнес субъектлари учун ташаббусли аудит механизмини жорий этиш режалаштирилган.

Унга кўра, тадбиркор аудиторлик ташкилотини жалб қилган ҳолда солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисоблангани ҳамда тўланганини мустақил равишда текширтириши мумкин бўлади.

Аудиторлик хулосаси солиқ органи томонидан тан олинган ҳолларда тадбиркор учун қўшимча ҳуқуқий кафолатлар яратилади.

Энг муҳим жиҳати — ушбу даврда солиқ аудити ўтказилмайди ва аниқланган хатолар 30 кун ичида бартараф этилса, жарималардан озод қилиш механизми қўлланилади.

Шу тариқа назоратнинг жазолашга эмас, хатони аниқлаш ва уни бартараф этишга қаратилган профилактик модели шакллантирилмоқда.


Бир йилда такрорий текширувга ҳам чеклов

Янги механизмлардан яна бири — тадбиркорлик субъекти фаолиятини бир йил давомида такрорий текширишга чеклов қўйилиши.

Камерал солиқ текширувидан ташқари, бир йил ичида такрорий текширув ўтказиш учун Бизнес-омбудсманнинг рухсати талаб этилади.

Бу норма тадбиркорнинг бир хил масала юзасидан қайта-қайта текширилиши, турли назорат органларининг такрорий аралашуви каби ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.


Асосий мақсад — назоратни эмас, ортиқча босимни қисқартириш

Янги чораларнинг моҳиятини битта жумла билан ифодалаш мумкин: бизнес устидан назоратни бекор қилиш эмас, балки қонуний, асосли ва адолатли назорат тизимини шакллантириш.

Тадбиркорлик субъекти ҳам қонун талабларига риоя қилиши шарт. Бироқ давлат органларининг ҳар қандай аралашуви аниқ ҳуқуқий асосга, белгиланган тартибга ва қонуний мақсадга эга бўлиши керак.

Шу маънода, 3 йиллик мораторий, «тадбиркорнинг ҳақлиги презумпцияси», «Самарали назорат», ташаббусли аудит ва такрорий текширувларга қўйилган чекловлар бизнес ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг янги ҳуқуқий моделига ўтишни англатади.

Эндиликда тадбиркор учун асосий мезон — текширувлар сони эмас, қонунийлик, ҳуқуқий аниқлик ва давлат томонидан берилган кафолатларнинг амалда таъминланишидир.

Бекжон Исмаилов,
журналист

Улашиш: