Ҳуқуқ
27.12.2023
1 081
© Фото: Hudud24.uzОТМларда 20 декабрдан қишки ўқишни кўчириш учун аризалар қабули бошланди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. https://t.me/eduuz/18635 Ўқишни кўчириш тартиби қандай? Ўзаро мос бўлмаган йўналишлар бўйича ўқишни кўчириш мумкинми? Аризалар қачондан ва кимга берилади? Кимлар грант асосида ўқишни кўчиради? Хорижий ОТМдан ўқишни кўчирганда имтиҳон борми? Hudud24.uz ушбу масалаларга батафсил тўхталади.
1. Талабалар ўқишини кўчириш ким томонидан амалга оширилади?
Талабалар мос ва турдош йўналишлар ҳамда мутахассисликлар ёки турдош бўлмаган йўналишларига ва мос бўлмаган мутахассисликларга ўқишни кўчириши мумкин.
Бир ОТМ доирасида ўзаро мос ва турдош йўналишлар бўйича ўқишни кўчириш ректор буйруғи билан амалга оширилади.
Қуйидаги ҳолларда ўқишни кўчириш ОТМ бўйсунадиган вазирлик қарори билан амалга оширилади:
мос ва турдош йўналишлар бўйича бир вазирликка қарашли бошқа ОТМга (масалан, Миллий университетдан Техника университетига кўчириш, ҳар иккала университет Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига қарашли);
мос ва турдош йўналишлар бўйича турли вазирлик доирасида бир ОТМдан бошқа ОТМга (масалан, Адлия вазирлигига қарашли Тошкент давлат юридик университетидан Ташқи ишлар вазирлигига қарашли Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетига).
Қуйидаги ҳолларда ўқишни кўчириш Давлат комиссияси қарори билан амалга оширилади (комиссия таркиби бу ерда):
хорижий ОТМлардан Ўзбекистон ОТМларига;
ҳар қандай ҳолатда турдош бўлмаган таълим йўналишларига ва мос бўлмаган мутахассисликларига.
2. Аризалар қачон берилади?
Умумий қоидага кўра, ўқишни кўчириш бўйича аризалар ҳар йили 15 июлдан 5 августгача берилади.
Аризалар ҳар йили 5 августдан 30 августгача кўриб чиқилади.
Талабанинг доимий яшаш манзили ўзгарганда ўқишини кўчириш бўйича ариза ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январигача берилади.
Бунда аризалар ҳар йили 25 январдан 15 февралгача кўриб чиқилади.
3. Аризалар кимга берилади?
Ўқишни кўчириш бир ОТМ ичида бўлганида ариза шу ОТМга берилади, қолган барча ҳолатларда ариза Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ташкил қилинадиган Ҳудудий ишчи гуруҳга берилади.
Ҳудудий ишчи гуруҳлар қабул қилинган ҳужжатларни умумлаштириб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади.
Ўқишни кўчириш бепул амалга оширилади.
4. Қандай ҳужжатлар тақдим қилинади?
Ўқишини кўчириш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:
кўчиришни истаган таълим йўналиши, ўқув тили ва шакли кўрсатилган ҳолдаги ариза;
рейтинг дафтарчаси ёки академик маълумотнома нусхалари;
паспорт ёки ID нусхаси.
Ариза кўриб чиқилиб ўқишни кўчиришга рухсат берилганда ОТМ ректори буйруғи билан талаба дарсларга қўйилади ҳамда ушбу ОТМ томонидан талаба илгари ўқиган ОТМга унинг шахсий йиғма жилдини жўнатиш учун сўровнома юборилади.
ОТМ томонидан 3 кунда талабанинг шахсий йиғма жилди юборилади ёки талабанинг ўзига берилади.
Грант асосида ўқишни кўчириш учун фақат грантда ўқиётган талабалар ариза бериши мумкин ҳамда ариза берилган ОТМнинг жорий йилдаги қабул квотасида грант ўринлар мавжуд бўлиши керак.
Кўзи ожизлар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга ажратилган квотада грант асосида ўқиётганлар ўқиши грант асосида кўчирилади.
Хорижий ОТМдан ўқишни Ўзбекистон ОТМларига кўчирмоқчи бўлганлар махсус синов (тест ёки ёзма иш ёки касбий (ижодий) имтиҳон шаклида) топширади.
Талабанинг махсус синов натижаси Давлат комиссиясига берилади. Натижадан келиб чиқиб, талабанинг ўқиши Давлат комиссияси қарори билан контракт асосида кўчирилади.
5. Ариза қандай ҳолатларда рад этилиши мумкин?
Қуйидаги ҳолатларда ўқишни кўчириш аризалари рад этилиши мумкин:
аккредитацияга эга бўлмаган хорижий ОТМда ёки уларнинг филиалларида ўқиганларга;
мавжуд таълим шаклидан бошқа таълим шаклида ўқиганларга;
ОТМнинг марказлари, бўлимлари, ўқув-маслаҳат пунктлари ва бошқаларда ўқиганларга;
1-курс 1-семестрни тугатмасдан ўқишни кўчирмоқчи бўлганларга;
ОТМда мос таълим йўналиши ёки шакли бўлмаганида, фанлар бўйича фарқлар 4 тадан ошганда;
контракт асосида ўқиётганлар тўловни ўз муддатида тўламаганда;
талабанинг шахсий йиғма жилди ўз муддатида берилмаганда;
грант билан кўчириш учун бўш ўринлар бўлмаганида;
ОТМ моддий-техника базаси имконияти чекланганда;
мақсадли қабул қилинганлар бошқа таълим йўналишига, бошқа олий таълим муассасасига кўчирмоқчи бўлганда;
кечки таълимдан сиртқи таълимга ҳамда кечки таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчи таълим соҳасига кўчирмоқчи бўлганда;
сиртқи таълимдан кундузги таълимга ҳамда сиртқи таълимнинг бир таълим соҳасидан иккинчи таълим соҳасига кўчирмоқчи бўлганда;
бир таълим шаклидан махсус сиртқи таълим шаклига ҳамда махсус сиртқи таълим шаклидан бошқа таълим шаклига кўчирмоқчи бўлганда;
талаба Ўзбекистон ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўзаро келишуви асосида қабул қилиниб қўшма таълим дастурлари асосида таҳсил олган ёки таҳсил олаётган бўлса.
Дилмурод Ражабоев,
Hudud24.uz колумнисти
Улашиш:
Бошқалар
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?
Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.
Уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш тартибини биласизми?
Уй-жой субсидияси – бу даромади юқори бўлмаган шахсларга уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида давлат бюджетидан қайтариб берилмаслик шарти билан ажратиладиган маблағдир.
Кўп қаватли уйларда яшашнинг айрим қоидалари
Қўшнилар подездларда ёки зинапояларда ўзларининг шахсий буюмларини (шкаф, эски мебел, қурилиш чиқиндилари) сақлашга ҳақли эмаслар. Бу ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид.