Ҳуқуқ
28.08.2025
686

1. Талабалар мактабда неча соат дарс бериши мумкин?
Магистрантнинг асосий вазифаси таълим олиш ҳисобланади. Шу туфайли магистрант фақат дарсдан бўш вақтларидагина ишлашга ҳақли. Анъанавий ёки масофавий шаклда ўқишнинг аҳамияти йўқ. Ҳар икки ҳолатда ҳам асосий вазифа ўқиш.
Меҳнат кодексининг 184-моддасига мувофиқ иши юқори даражадаги руҳий, ақлий ва асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлган, яъни алоҳида хусусиятга эга бўлган тиббиёт ходимлари, педагоглар ва бошқа тоифадаги ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига кўпи билан ўттиз олти соат қилиб белгиланади.
Шунга кўра барча педагог ходимлар учун ҳафталик иш соати 36 соатдан ошмайди, бунда қонун чиқарувчи 1 ставка учун мазкур меъёрни белгилайди.
Мана шу қоидага кўра магистрант таълим олиш вақтида бу соатларни бажара олмайди, шу туфайли у мактабда тўлиқ ставкада ишлай олмайди.
Бунда магистрант ОТМдаги дарслари қўйилган соатларга қараб 0.50дан 0.75 ставкагача ишлаши мумкин. Ҳафталик иш юкламасини бажариш учун бир кунда 7 соат вақт сарфланади. Магистратурада бир кунда камида 2 пара дарс ўтилганда ҳам магистрант деярли уч соат вақт кетади. Ёки ҳафтасига 2 кун ўқиш бўлганда ҳам Меҳнат Кодекси 184-моддасидаги меъёрни бажариб бўлмайди.
Шунга кўра магистрант тўлиқ ставкада ишлай олмайди. Бу вазиятда у бўш вақтига қараб 0.5 ёки 0.75 ставкада ишлашга ҳақли.
2. Директор ва унинг ўринбосарлари дарс бериши мумкинми?
Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом 14-бандига кўра халқ таълими муассасасининг раҳбар ходими томонидан унинг эгаллаб турган штат бирлигидан қатъи назар, асосий лавозимнинг бир ҳафтада 10 соатгача ҳажмда ўқитувчи лавозими билан қўшиб олиб борилишига (ўқув юкламаси юритилишига) йўл қўйилади.
Шу қоидага кўра директор ва унинг ўринбосарлари ўз мутахассислиги бўйича 10 соатгача дарс олиши мумкин.
Ушбу низомнинг 12-бандига мувофиқ педагог ходимлар меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш ўрнини босиш тартибида умумтаълим муассасалари раҳбарлари томонидан ўтилган ўқув соатлари учун ҳақ тўлашда қўлланилади.
Бунда қоида бўйича 10 соат вакант сифатида ҳудудий меҳнат органига чиқариши шарт. Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги низом (рўйхат рақами 3271) 15-бандида мазкур масала янада аниқ тартибга солинган.
Унга кўра, олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунига қадар умумтаълим муассасасининг тегишли мутахассислиги бўйича раҳбар ходимларига дарс бериш мумкин.
Эътибор берган бўлсангиз, раҳбар ходимлар олий маълумотли ўқитувчилар билан таъминлангунга қадар дарс беришлари мумкин.
Шунга кўра директор ва ўринбосарлар барча ходимлар дарс билан таъминлангандан кейин соатлар ортиб қолсагина, 10 соатгача дарс бериши мумкин.
Бунда уларга ажратилган дарс соатлари вакант сифатида ҳар ойда бандлик бўлимига чиқарилади. Агар ушбу вакант дарс соатлари учун ўқитувчи келса, раҳбар ходимлар дарсларини мазкур ўқитувчига бериши шарт.
3. Пенсионер ўқитувчилар неча соат дарс олишга ҳақли?
Пенсия ёшига етган ўқитувчиларни ишдан бўшатиш мумкин эмас. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 161-моддасига кўра, иш берувчи ходимнинг пенсия ёшига етгани сабабли у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Пенсионер ўқитувчиларга дарс соатларини тақсимлашда “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида”ги низомга (рўйхат рақами 3271) асосланилади. Ушбу низомга кўра, дарс соатларини тақсимлашда ўқитувчининг малака тоифаси, маълумоти, ўқувчиларининг олимпиада ва танловлардаги ютуқлари каби кўрсаткичлари инобатга олинади. Демак, пенсионер ўқитувчилар ҳам ўз натижаларига қараб дарс олиши мумкин.
4. Директор ўринбосари неча соатгача дарс олишга ҳақли?
Вазирлар Маҳкамасининг 275-сонли қарори билан тасдиқланган “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида”ги низомнинг 14-бандида халқ таълими муассасасининг раҳбар ходими томонидан унинг эгаллаб турган штат бирлигидан қатъи назар, асосий лавозимнинг бир ҳафтада 10 соатгача ҳажмда ўқитувчи лавозими билан қўшиб олиб борилишига (ўқув юкламаси юритилишига) йўл қўйилади.
Эътибор берган бўлсангиз, қоидада раҳбар ходимлар дарс соатларини ўқитувчи лавозими билан қўшиб олиб борилишига рухсат берилган. Бу дегани улар айнан раҳбар лавозимларидан бирида ишлаётгани сабабли уларга 10 соатгача дарс ўтиш ҳуқуқи берилади. Бунда улар билан алоҳида шартнома асосида ишланмайди. Уларнинг амалдаги меҳнат шартномаси ва эгаллаб турган лавозими мазкур дарс соатларини ўтиш учун асос бўлади.
5. Сиртқи 4-курс талабасига мактабда синф раҳбарлигини бериш мумкинми?
Агар талаба синф раҳбарлигини сўраётган бўлса, бунга рухсат берилмайди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 27.06.2023 йилдаги 190-сонли буйруғига кўра, синф раҳбари қуйидаги мезонларга мос келиши шарт:
▪️Камида 3 йиллик педагогик иш стажига эга бўлиш;
▪️мактабда асосий ишчи сифатида фаолият олиб бораётган (умумтаълим муассасаларида меҳнатини соатбай (шу жумладан ўриндошлик) асосда фаолият олиб борувчи ўқитувчиларнинг синфга раҳбарлик қилишига йўл қўйилмайди) ;
▪️ Бошқарувчанлик қобилиятига эга бўлиш;
▪️ўқувчилар билан ишлаш жараёнида масъулият билан ёндаша оладиган;
▪️бошланғич синфларда синф раҳбарлиги бошланғич синфга бириктирилган ўқитувчиларга юклатилади.
Юқоридаги қоидаларга кўра, синф раҳбарлиги учун олий маълумот талаби қўйилмаган, аммо стаж ва асосий ходим сифатида ишлаш шартлари талаб этилади. Шу сабабли, сиртқи 4-курс талабасига синф раҳбарлиги бериш мумкин эмас.
Улашиш:
Бошқалар
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?
Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.
Меҳнат дафтарчасининг ҳуқуқий аҳамияти қандай?
Меҳнат дафтарчаси — бу ходимнинг меҳнат фаолияти ва иш стажини тасдиқловчи асосий восита.
Кўп қаватли уйларда яшашнинг айрим қоидалари
Қўшнилар подездларда ёки зинапояларда ўзларининг шахсий буюмларини (шкаф, эски мебел, қурилиш чиқиндилари) сақлашга ҳақли эмаслар. Бу ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид.