Ўзбекистон
04.02.2026
25

Сўнгги йилларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда олий юридик таълимда битирувчиларнинг амалий тайёргарлиги масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Битирувчи нафақат қонун нормаларини билиши, балки уларни реал вазиятларда тўғри қўллай олиши ва амалий муаммолар юзасидан ҳуқуқий асосланган ечимлар таклиф қила олиши лозим. Мавжуд муаммоларнинг асосий сабаби таълим, тадқиқот ва амалиёт ўртасидаги узвий боғлиқликнинг етарли даражада таъминланмаганидадир: таълим кўпинча назария доирасида қолиб кетади, тадқиқотлар реал эҳтиёжлардан узилиб қолади, амалиёт эса қисқа муддатли танишув билан чекланади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-232-сон Фармони ва унинг ижроси доирасида белгиланган чора-тадбирлар юридик таълим ва илм-фанни тубдан янгилашни кўзлайди. Бу янгиланишларнинг марказий ғояси “Таълим – тадқиқот – амалиёт интеграцияси”дир.
Фармон билан интерграция атамаси марказий ўринга қўйилади. Интеграция бу аслида уч йўналишнинг ёнма-ён мавжудлиги эмас. Уларни бирлаштириш деганда, уларнинг бир-бирини доимий равишда озиқлантириши тушунилади. Яъни Фармон мазмуни таҳлил этилганда, амалиётдаги реал муаммо – суд, прокуратура, адвокатура, нотариат, давлат идораси ёки хусусий сектор – тадқиқот учун манба эканлиги англанади.
Айнан шу концептуал ёндашув доирасида 2026 йил 1 январдан эътиборан Тошкент давлат юридик университетида таълим жараёнини такомиллаштириш ҳамда таълим – тадқиқот – амалиёт интеграциясини кучайтиришга қаратилган тузилмавий ўзгаришлар жорий этилди. Фармон билан мазкур тузилмаларнинг фаолият соҳаси белгилаб берилди.
Тадқиқот марказлари ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги мавжуд бўшлиқлар ва муаммоларни илмий-назарий жиҳатдан таҳлил этиб, ушбу соҳадаги хорижий давлатлар тажрибаси ўрганиб тегишли таклиф ва ечимларни ишлаб чиқади. Ушбу илмий-амалийечим таълим мазмунига киритилиб, Академик департаментлар орқали дарслар янгиланади. Янгиланган таълим эса яна амалиётда кучлироқ тайёргарликка эга талабани шакллантиради.
Таълим амалиётга яқинлашган сари талабанинг ўқиш жараёнида эгаллайдиган натижалари ҳам амалий йўналишга кўпроқ мослашади. Юридик касбда муваффақият кўп жиҳатдан қонун матнини ёд олиш билан эмас, балкимуайянвазиятга ҳуқуқий ечим топиш қобилияти билан белгиланади. Шу маънода, қуйидаги кўникмалар алоҳида аҳамият касб этади:
Муаммони тўғри қўйиш. Вазиятга қайси норма татбиқ этилишини аниқлаш, қайси фактлар ҳуқуқий жиҳатдан аҳамиятли эканини ажратиш, қайси ҳолатлар иккинчи даражали эканини белгилаш талаб этилади.
Процессуал фикрлаш. Далилларни қачон, қаерда ва қандай тартибда тақдим этиш, процессуал муддатларнинг бошланиши ҳамда тугашини тўғри ҳисоблаш, тегишли процессуал ҳаракатларни ўз вақтида амалга ошириш кўникмаси шаклланади.
Ҳужжатлар билан ишлаш. Ариза, даъво аризаси, шикоят, илтимоснома, эътироз ва хулоса каби ҳужжатларнинг ҳар бири амалиётда аниқ талаблар ва аниқ техника асосида тузилишини ҳисобга олган ҳолда, уларни расмийлаштириш ва асослаш малакаси ривожланади.
Коммуникация. Мижоз билан мулоқот қилиш, суд мажлисида нутқ сўзлаш, музокара олиб бориш, профессионал этикага риоя этиш каби жиҳатлар фақат назарий баён билан чекланмай, амалий машғулотлар орқали мустаҳкамланади.
Масъулият ва ҳалоллик. Юристнинг хатоси инсон тақдири, мулкий манфаатлари, эркинлиги ёки обрў-эътиборига бевосита таъсир кўрсатиши мумкинлиги сабабли, касбий масъулият ва ҳалоллик тамойиллари эрта босқичдан сингдирилади.
Интеграция модели айнан шу турдаги кўникмаларни таълимнинг дастлабки босқичларидан бошлаб шакллантиришни кўзлайди. Шу боис ўқув жараёнида problem-based learning, case-study, moot court ёндашувларини кенг қўллаш, шунингдек клиник ва дуал таълим амалиётларини кенгайтириш таклифи илгари сурилади.
Клиник таълим нимаси билан муҳим?
Клиник таълимда талаба юридик клиникада реал мурожаатлар билан ишлайди ва оддий фуқарога тушунарли тил билан маслаҳат бериш, ҳужжат тайёрлаш, муаммо илдизини аниқлаш кўникмаси шаклланиб боради. Энг муҳими – талаба “кодексдаги модда”ни эмас, инсон ҳаётидаги вазиятни кўради. Шу орқали юридик таълимнинг ижтимоий масъулияти ҳам кучаяди.
Дуал таълим нимани беради?
Дуал таълим эса ўқиш билан амалий ишни уйғунлаштиради: талаба ҳафтанинг маълум кунларида суд, прокуратура, адвокатура, нотариат ёки бошқа юридик ташкилотда амалий тажриба олади. Натижа эса талабага амалиёт бошқа дунё эмаслигини, назария билан бир тизим бўлиши кераклигини тушунишига хизмат қилади.
Факултетларнинг уч бўғинли модели бу вазифаларни тақсимлаш ва унинг натижаларини бирлаштиришдир.
Интеграция шиор бўлиб қолмаслиги учун у институционал тузилма билан мустаҳкамланиши лозим. Шу мақсадда, тегишли ҳужжатлар доирасида юридик олийгоҳларда, хусусан соҳа университетларида уч бўғинли модель концепцияси муҳим ўрин тутади:
Академик департамент – таълим сифатига масъул. Ўқув дастури, фан силлабуси, методика, баҳолаш мезонлари ва ўқитиш услублари шу ерда шаклланади.
Тадқиқот маркази – Илмий таҳлил ва экспертизанинг ядроси. У амалиётдаги муаммоларни ўрганади, таклифлар ишлаб чиқади, норматив ҳужжатлар бўйича илмий хулосалар тайёрлайди.
Амалиёт ва карера маркази – талабанинг амалиётини тизимли ташкил қилади, клиник ва дуал таълимни бошқаради, битирувчининг ишга жойлашуви ва карера йўналишига кўмаклашади.
Бу тузилма бир нарсани аниқ қилиб беради: интеграция “ҳамма ҳамма ишни қилади” дегани эмас. Аксинча, ҳар ким ўз вазифасини профессионал бажаради, аммо натижа ягона мақсадга хизмат қилади.
Тадқиқот энди фақат мақола учун мавзу эмас, балкианиқ муаммоларга ечим ишлаб чиқишга қаратилган фаолиятдир. Амалий эҳтиёждан узилиб қолган тадқиқотлар самарадорликни пасайтиради, интеграциялашган модель эса тадқиқотнинг асосий мезони сифатида унинг амалий қийматини белгилайди. Шу нуқтаи назардан тадқиқот марказлари фаолияти ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги муаммоларни аниқлаш, норматив-ҳуқуқий база, суд ва идоравий амалиёт ҳамда статистик маълумотларни таҳлил қилиш, қиёсий-ҳуқуқий ва халқаро тажриба асосида ечимлар ишлаб чиқишга йўналтирилади. Мазкур фаолият доирасида қонун лойиҳалари ва норматив ҳужжатларга илмий экспертиза ва таклифлар тайёрланади, шунингдек таълим жараёни учун амалий кейслар ва методик материаллар ишлаб чиқиш ташкиллаштитрилади. Энг муҳим тамойил шундан иборатки, тадқиқот натижалари амалий муҳокамадан ўтказилади: таклифлар парламент, ижро ҳокимияти, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида синовдан ўтиб, мос бўлса татбиқ этилади, акс ҳолда қайта такомиллаштирилади.
Профессор-ўқитувчи ва докторант амалиётдан узилмаслиги нега зарур?
Ҳуқуқ соҳаси доимий ривожланишда бўлиб, рақамлаштириш, электрон ҳужжат айланиши, янги протсессцуал тартиблар, инсон ҳуқуқлари стандартлари ва замонавий шартномавий амалиётлар билан бойиб бормоқда. Шу сабабли профессор-ўқитувчи ва докторантнинг амалиётдан узилиб қолиши таълим мазмунининг замондан ортда қолишига олиб келиши мумкин. Интеграция моделида ўқитувчи фақат маъруза берувчи эмас, балки амалиётда юзага келган муаммоларни талаба билан биргаликда таҳлил қилувчи мураббий сифатида намоён бўлади. Докторант эса диссертациясини реал амалий муаммоларни ҳал этишга қаратади. Бундай ёндашув таълим сифатини ошириб, ўқув жараёнида назария билан бир қаторда реал иш материаллари, вазиятлар ва процессуал ҳужжатлар қўлланилишини кенгайтиради.
Профессорлар кенгаши академик фикрни бошқарув жараёнига олиб киради. Интеграциянинг барқарор ишлаши учун университетда илмий сиёсат ва таълим сифати бўйича академик марказ ҳам бўлиши керак. Шу маънода Профессорлар кенгаши (Senate of Professors) каби институтлар муҳим бўлиб, уларустувор тадқиқот йўналишларини белгилаш, академик ҳалоллик стандартларини мустаҳкамлаш, илмий ва таълим ташаббусларини муҳокама қилишда роль ўйнайди.
Таълим – тадқиқот – амалиёт интеграцияси кўплаб чет давлатларда олий таълимнинг муҳим модели сифатида қўлланади. Масалан, АҚШ ва Буюк Британияда клиник таълим, case-study ҳамда амалиётга йўналтирилган курслар кенг тарқалган. Германияда дуал таълим ва иш берувчилар билан ҳамкорлик орқали назария амалиёт билан боғланади. Хитойда университет – саноат ҳамкорлиги кучли бўлиб, тадқиқот натижалари реал эҳтиёжларга йўналтирилади. Франция ва бошқа Европа давлатларида ҳам университетлар тадқиқот ва амалий лойиҳаларни бир занжирда олиб боришга интилади. Натижада битирувчининг касбий тайёргарлиги, муаммо ечиш ва ҳужжат билан ишлаш кўникмалари тизимли шаклланади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-232-сон Фармони юридик олий таълим ҳамда илм-фанни мазмунан янгилашга қаратилган комплекс ҳужжатдир. “Таълим – тадқиқот – амалиёт интеграцияси” ёндашувининг аҳамияти шундаки, биринчидан, таълим жараёни реал амалий эҳтиёжлар билан бевосита боғланиб, битирувчида зарур касбий кўникма ва компетенциялар тизимли шаклланади; иккинчидан, таълим ва илмий салоҳиятнинг амалиётга сингдирилиши суд-ҳуқуқ тизимида турлича ёндашувларнинг олди олинишини, барқарорликни ҳамда қарорлар сифатини таъминлайди; учинчидан, энг асосийси, юридик хизматлар сифати юксалиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Фозил Назаров,
Тошкент давлат юридик университети
Оммавий ҳуқуқ факултети
Тадқиқот маркази илмий ходими
Улашиш:
Бошқалар
Дорихоналарда тез-тез учрайдиган ёзув: “сотиб олинган дори воситалари қайтариб олинмайди”
Бироқ сифатсиз дори воситалари, шунингдек шифокор томонидан берилган рецептга номутаносиб тарзда дорихона томонидан реализация қилинган дори воситалари мазкур Низомга мувофиқ қайтарилиши лозим.
Никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартиби белгиланди
Низомга кўра, нотариуслар томонидан никоҳ шартномаси нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали ёки мурожаат қилувчиларнинг хоҳишига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилади.
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа орқали ўтказса бўладими?
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш «E-notarius.uz» электрон портали ва «Notarius» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тартибга солинади.
Давлат органлари ва ташкилотлари функцияларининг мазмун-моҳиятига бағишланган янги услубий қўлланма
Қўлланмада давлат органлари ва ташкилотларининг вазифа ва функциялари ўзаро боғлиқ тушунчалар экани тушунтирилади.