#NoComment
11.04.2026
77

Ёнилғи қуйиш шохобчасига кирган Эшмат касса олдига бориб, “икки юз минглик қуйинг”, дея қўлидаги нақд пулни касса операторига узатди. Оператор панжасини тикка қилиб, “узр, нақдга бензин қуёлмаймиз, карта беринг”, деди. Эшматнинг илтимосу илмоқ гаплари ҳам ўтмади. Танишларига телефон қилиб, хижолатдалигини айтиб, картасига пул ташлаб туришни сўради...
Шохобчага Тошмат кириб келди. Уни кўрган оператор қўлларини бир-бирига ишқади. Касса олдига келган Тошмат пластик картасини ойнадан узатди-да, “икки юз”, деди. Оператор картани Тошматга қайтариб, номард, ҳеч бўлмаса сен нақд бергин, нотанишдан-ку ололмаймиз, деб ёзғирди. Тошмат бор чўнтагини ковлаб, икки юз минг қилиб, операторнинг қўлига тутди.
***
Эшмат вино сотадиган дўконга келиб, сотувчи билан сўрашди-да, икки яшик “яхшиси”дан бер, дея пластик карта узатди. Дўкон соҳиби атрофга олазарак қараб, Эшматга “бунингни бошқа жойда ишлатасан, нақдини сана”, деди. Эшмат ёнида нақд пули йўқлиги сабаб яқин орадаги банкоматдан пул ечиб келди...
Дўконга Тошмат кириб келди. Ўзига керагини олгач сотувчига нақд пул узатди. Сотувчи: “ака, янги тартиб бўйича пластик карта билан тўлайсиз”, деди. Харидор пластик картаси йўқлигини тушунтиргандай бўлди. Сотувчи сўзида қатъий туриб олди. “Сизни танимасам, солиқданмисиз, нақд олиб, каттагина жаримага тушишни хоҳламайман...”
***
Тамаки маҳсулотларининг “ишқибоз”лари ҳам иккига бўлинган: Пластик карта орқали харид қилувчилар расмий рухсатномага эга бўлган дўконларда.
Нақд пулга олувчилар кўча-кўйда ёки бозорларда сотаётган сотувчиларнинг харидорига айланган.
Дарвоқе, дўконда савдо қилаётганларга нақд пулли таниш-билишлар ҳам бемалол келаверади.
Юқоридаги ҳолатларни нега келтирдим? 1 апрелдан айрим савдо-сотиқларнинг нақд пулдан воз кечилиб, онлайн тўловга ўтилиши кўп тушунмовчиликларни келтириб чиқарди. Балки, масъулларнинг янги тартиб-қоида бўйича коммуникация тизимини тўғри ва аниқ қилиб йўлга қўймагани сабабдир.
Яна бир ҳолат борки, айрим тўлов тизимлари карта тўлдиришда ёки тўлов қилишда ўз билганича комиссиялар жорий қилиб олгани кўпчиликка ёқмаётгани табиий.
Хуллас, янги тартиб-қоида бўйича қилиниши керак бўлган ишлар анчагина. Бу тўғри йўлга қўйилмас экан, Эшмат ва Тошматларнинг ҳам бирда иши битса, бирда битмай фиғони фалак бўлаверади.
Ёрбек ИСКАНДАРОВ,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?
Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.
Уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш тартибини биласизми?
Уй-жой субсидияси – бу даромади юқори бўлмаган шахсларга уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида давлат бюджетидан қайтариб берилмаслик шарти билан ажратиладиган маблағдир.
Кўп қаватли уйларда яшашнинг айрим қоидалари
Қўшнилар подездларда ёки зинапояларда ўзларининг шахсий буюмларини (шкаф, эски мебел, қурилиш чиқиндилари) сақлашга ҳақли эмаслар. Бу ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид.