Ҳуқуқ
10.12.2024
639

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга ўз Мурожаатномасида “Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак”, дея алоҳида таькидлаб ўтдилар.
Дарҳақиқат, жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, коррупцияга оид жиноятларга тайинланаётган жазолар қанчалар қаттиқ бўлсада, бу иллатни йўқотиб бўлмаяпти. Шундай экан, коррупцияга қарши курашиш унинг барвақт аниқланиши ва олди олиниши энг мақбул йўли бўлиб ҳисобланади.
Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги ПҚ-240-сон “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қонунига асосан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий аниқлаш ва баҳолаш тизими йўлга қўйилиши муҳим ўрин тутади.
Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш ташкилотнинг коррупциявий хавф-хатарга энг кўп дуч келадиган вазифа ва функцияларини аниқлаш, коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган лавозимлар рўйхатини шакллантириш ҳамда коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишни назарда тутади.
Бугунги кунда, мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш, ташкилотларда жорий этилган коррупцияга қарши ички (комплаенс) назорат тузилмаларининг асосий фаолияти қаторида белгиланган.
Ташкилотнинг махсус бўлинмаларининг бундай фаолияти Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг 2022 йил 31 августдаги 2-сон, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирилигининг 2022 йил 31 августдаги 5-сон қарори тасдиқланган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти”га мувофиқ амалга оширилади.
Услубиётда ташкилотдаги коррупциявий-хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашнинг мақсади, тартиби, муддатлари ва ишлаб чиқилиши керак бўлган ҳужжатлар ҳамда уни амалга оширишда коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси вазифалари келтирилган. Хусусан, услубиётга асосан, ташкилот махсус бўлинмалари томонидан ҳар йили 1 мартга қадар ташкилий тузилмалар функцияларининг хусусияти, жамият ва бошқа шахслар билан ўзаро муносабатлари таҳлил этилади ва коррупциявий хавф-хатарлар баҳоланади.
Коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ҳақида гапиришдан олдин, хавф-хатарлар тушунчаси моҳияти ва таснифини англаш мақсадга мувофиқдир.
Услубиётга мувофиқ, коррупциявий хавф-хатар деганда, шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда мавжуд сабаб ва шароитларда коррупциявий хатти-ҳаракатларни содир этиш эҳтимоли тушунилади. Демак, коррупциявий хавф-хатар бу ҳали содир этилмаган, лекин содир этилиши мумкин бўлган ҳолатга айтилади.
Услубиётига мувофиқ, ташкилот фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ички ва ташқи ахборот манбалари асосида амалга оширилади.
Бунда, ички ахборот манбалари сифатида, масалан, ташкилот ходимларининг мансаб йўриқномалари, ички хизмат текшируви материаллари, аттестация комиссияси қарорлари, одоб-ахлоқ комиссияси мажлисларининг йиғилиш баённомалари, ташкилот ходимлари орасида ўтказилган сўровномалар, ташқи ахборот манбалари сифатида эса ташкилот фаолияти тўғрисидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатлар (хабарлар), ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тақдим этилган материаллар, фуқаролардан келиб тушган шикоятлар ва мурожаатлар, оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Интернет тармоқларидаги нашрлар ва бошқалар эътироф этилиши мумкин. Бинобарин, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлашда, масъул бўлинма ходими ташкилот ходимлари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик содир этиши, жисмоний ва юридик шахслар учун сунъий тўсиқлар яратиши, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиши ва бошқа ҳолатларнинг мавжудлигини таҳлил қилиши лозим.
Ташкилот фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарларнинг даражаси паст, ўрта ва юқори ўлчовларда ва услубиёт билан белгиланган мезонлар асосида баҳоланади. Коррупциявий хавф-хатар даражаси юқори деб топишнинг мезонлари бевосита услубиётда келтирилади. Коррупциявий хавф-хатарларнинг даражасини (юқори, ўрта, паст) белгилаш давлат ташкилоти раҳбари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш натижалари ташкилотнинг тузилмасига кирувчи ташкилотлар ва унинг ҳудудий бўлинмаларидаги махсус бўлинма масъул шахслари томонидан ишлаб чиқиладиган “Ташкилотнинг коррупциявий хавф-хатарлар харитаси” ва “Ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича дастури”да ўз аксини топади. Мазкур ҳужжатларнинг лойиҳалари, умумлаштириш учун ташкилотнинг марказий аппаратининг (вазирлик, кўмита, агентлик, инспекция) махсус бўлинмасига (ишчи гуруҳига) тақдим этилади.
Сўнг, ташкилотнинг марказий аппаратининг махсус бўлинмаси (ишчи гуруҳи) томонидан ташкилотининг умумлаштирилган коррупциявий хавф-хатарлар харитаси шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан йўритилаётган “E-anticor.uz” электрон платформаси маълумотлар базасига ҳар йили 1 февралга қадар киритилади. Унинг асосида автоматик тарзда “Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри” шакллантирилади.
Ниҳоят, “Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри”дан келиб чиқиб, ташкилот марказий аппаратининг махсус бўлинмаси (ишчи гуруҳи) томонидан “Ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича дастури” ва “Ташкилотининг коррупциявий хавф-хатари юқори бўлган лавозимлари рўйхати” оҳирги кўриниши шаклланади.
Ташкилотнинг масъул бўлинмаси “Ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича дастури”да белгиланган муддатда ижро учун масъуллар томонидан коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш чора-тадбирларини амалга оширилиши назорат қилинади.
Коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш чораларининг турлари услубиётда келтирилган бўлиб, уларга, жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда ички идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, давлат бошқарувида “инсон омили”ни қисқартириш ва давлат ташкилоти фаолиятини (вазифа ва функцияларини) рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, ташкилот ходимлари ва жисмоний шахслар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани максимал даражада чеклаш, ходимларга коррупцияга қарши курашишга қаратилган тушунтириш ишларини амалга ошириш, профилактик суҳбатлар ўтказиш киради.
Услубиёт талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Хусусан, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ташкилотнинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиниши, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни кўлга киритилиши, ҳокимиятни ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ёҳуд ваколат доирасидан четга чиқиши, ташкилот ходимлари ёки фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига зарар ёхуд жиддий зиён етказиши каби коррупциявий хавф-хатарларга йўл қуйганлик, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жавобгарликка тортиш учун асос бўлади. Чунончи, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг мансабдор шахси ёки ходими томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги ҳақида хабар бермаслиги ёки мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўрмаслиги Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1934-моддаси (“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаслик”) бўйича маъмурий жавобгарлик учун асос бўлади.
Рафик Шакуров
Юристлар малакасини ошириш маркази
ю.ф.н., доцент
Улашиш:
Бошқалар
Мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш кафолатлари
Бу жараёнда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва амалдаги қонунлар талабларига қатъий риоя этилиши лозим.
Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари: муҳим 5 саволга жавоб
Электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабаларга қандай таълим имтиёзлари бор?
Талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза бериш 1 августдан бошлаб ўқув йили якунига қадар давом этади.
Ижарачилик сарсонгарчиликми ёки қулайлик?!
Ижарачиларнинг ҳам елкасига шамол тегадиган бўлибди, деб қўйдим.