currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларТашвиш тугмалари қандай ишлайди? Аҳоли осойишталиги қандай таъминланмоқда?

Ташвиш тугмалари қандай ишлайди? Аҳоли осойишталиги қандай таъминланмоқда?

Ҳуқуқ

calendar

26.11.2026

eye

22

Ташвиш тугмалари қандай ишлайди? Аҳоли осойишталиги қандай таъминланмоқда?

Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва фавқулодда вазиятларда тезкор ёрдам кўрсатиш мақсадида айрим маҳаллаларда «ташвиш» тугмаларини ўрнатиш амалиёти жорий этилмоқда. Бу қурилмалар хавф остида қолган инсоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тезкор хабар бериш имкониятини кенгайтиради. Хўш, ушбу тугмаларнинг вазифаси нимадан иборат, улардан қайси ҳолатларда фойдаланиш керак ва бу тизим аҳоли осойишталигини таъминлашда қандай аҳамиятга эга?

 

«Ташвиш» тугмалари нима учун керак?

Кўчада, кўп қаватли уйлар ҳовлисида ёки аҳоли гавжум жойларда кутилмаган хавфли вазиятлар юзага келиши мумкин. Масалан, фуқарога нисбатан тажовуз содир этилиши, безорилик, жанжал, талончилик ёки бошқа ҳуқуқбузарликлар юз бериши эҳтимоли бор. Бундай вазиятларда жабрланувчи ҳар доим ҳам телефон орқали тегишли идораларга қўнғироқ қилиш имкониятига эга бўлмайди.

«Ташвиш» тугмаларининг асосий вазифаси ана шундай пайтларда инсонга тезкор ёрдам чақиришнинг қулай ва тезкор усулини тақдим этишдан иборат. Яъни фуқаро хавфни сезганида ёки ҳуқуқбузарликка дуч келганида махсус қурилмани ишга тушириш орқали ёрдам сўраши мумкин.

 

«Ташвиш» тугмаси қандай ҳолатларда ўрнатилади?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги ПҚ-1-сон қарори билан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланган.

Мазкур қарорда криминоген вазияти мураккаб маҳаллалардаги жамоат жойлари, кўп қаватли тураржойлар ва уйлар олдидаги йўлакларда «ташвиш» тугмаларини ўрнатиш белгиланган. Қарорнинг 5-иловасидаги концепция ва 8-иловасидаги намунавий талаблардан келиб чиқиб, «ташвиш» тугмаларини ўрнатишда ҳудуднинг криминоген ҳолати, жиноят содир этилиши эҳтимоли инобатга олинади.

Хусусан, қуйидаги жойларда уларни ўрнатиш назарда тутилган:

маҳалланинг аҳоли гавжум бўладиган жамоат жойларида;

кўп қаватли тураржой бинолари ҳовлисида;

уйлар олдидаги йўлакларда;

жиноят содир этилиши эҳтимоли юқори бўлган жойларда;

хавфсизликни кучайтириш зарур бўлган бошқа ҳудудларда.

 

Тугма босилганда қандай жараён юз беради?

«Ташвиш» тугмасининг ишлаш принципи оддий: фуқаро хавфли вазиятга дуч келганда қурилмани босиш орқали ёрдам сўраш сигналини юборади. Бундай сигнал тегишли тезкор хизматга етиб бориши ва вазиятга қараб масъул ходимларнинг ҳодиса жойига етиб келиши учун асос бўлиши керак.

Бунда энг муҳим жиҳат — сигналнинг тезкор қабул қилиниши, унинг манбаси ва жойлашган ҳудудни аниқлаш ҳамда зарур куч ва воситаларни воқеа жойига йўналтиришдир.

 

Қайси ҳолатларда «ташвиш» тугмасидан фойдаланиш зарур?

Ушбу қурилмадан фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига хавф туғилганда фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Жумладан:

— кўчада ёки уй ҳовлисида жанжал, муштлашув ва безорилик содир бўлаётганда;

— фуқарога нисбатан жисмоний тажовуз ёки таҳдид бўлганда;

— талончилик, ўғрилик ёки бошқа жиноят содир этилаётганини кўрганда;

— шубҳали шахсларнинг хатти-ҳаракатлари натижасида реал хавф юзага келганда;

— инсон ўзини ҳимоя қилиш ёки мустақил равишда телефон орқали ёрдам чақириш имкониятига эга бўлмаган вазиятларда.

Масалан, кечки вақтда кўп қаватли уй ҳовлисида фуқаролар ўртасида жанжал келиб чиқди. Вазият кескинлашиб, бир шахс бошқасига жисмоний тажовуз қила бошлади. Бундай ҳолатда атрофдагилар «ташвиш» тугмасидан фойдаланиб, масъул хизматларни хабардор қилиши мумкин. Бу ҳуқуқбузарликнинг давом этишига йўл қўймаслик ва жабрланувчига ўз вақтида ёрдам кўрсатиш имкониятини оширади.

Шуни унутмаслик керакки, тугмадан атайлаб ёлғон сигнал бериш ёки уни ҳазил тариқасида босиш мумкин эмас. Ушбу қурилма ҳақиқий хавф ва ёрдамга эҳтиёж туғилган ҳолатлар учун мўлжалланган.

 

Тугмалар очиқ ва яширин кўринишда ҳам бўлиши мумкин

«Ташвиш» тугмаларининг очиқ ва яширин турлари мавжудлиги амалиётда ҳам назарда тутилган.

Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 ноябрдаги 791-сон қарори билан тасдиқланган йирик бозорларда жамоат тартибини сақлаш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги низомда очиқ ва яширин турдаги «ташвиш» тугмаларини ўрнатиш тартиби белгиланган.

Очиқ турдаги тугмалар фуқаролар кириши мумкин бўлган бинолар, савдо ва овқатланиш жойлари, зинапоялар ҳамда савдо расталари орасида ўрнатилади. Яширин турдаги тугмалар эса хавф юзага келганда бошқаларга билдирмасдан сигнал бериш имконини яратишга қаратилган.

Мазкур низомда ташвиш-чақирув сигнализацияси ишлаб кетганлиги тўғрисидаги сигналлар ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг ҳудудий бўлинмаларида такрорланиши ҳам белгиланган. Бу эса сигналнинг масъул хизматларга етиб бориши ва тезкор чора кўриш учун муҳим механизм ҳисобланади.

«Намунали хавфсиз кўча» ва «намунали хавфсиз уй» нима?

Қарорнинг 8-бандига мувофиқ, ҳар бир туман (шаҳар)нинг криминоген вазияти мураккаб ва оғир маҳаллаларида камида иккитадан «намунали хавфсиз кўча» ва «намунали хавфсиз уй» ташкил этиш чоралари назарда тутилган.

 

Уларни ташкил этишга оид асосий талаблар қуйидагилар этиб белгиланган:

тунги вақтда кўчанинг аҳоли истиқомат қиладиган ва ҳаракатланадиган қисми тўлиқ ёритилиши;

берк кўчалар, ички йўлаклар ва аҳоли кам юрадиган, жиноят содир этилиши эҳтимоли бўлган қоронғу ҳудудларнинг қисман ёритилиши;

транспорт воситалари учун автотураргоҳларнинг техник кузатув талабларига жавоб бериши;

кўчаларда ноқонуний (ёйма) савдо расталари фаолияти тартибга солиниши;

қаровсиз ертўла, чордоқ ва чиқиндихоналар мавжуд бўлмаслиги.

 

Хавфсизлик фақат битта тугма билан таъминланмайди

«Ташвиш» тугмалари аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чораларнинг бир қисми ҳисобланади. ПҚ-1-сон қарорда уларни бошқа замонавий техник воситалар билан биргаликда қўллашга алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, маҳаллаларда тунги ёритиш чироқлари ва кузатув камераларини ўрнатиш, сунъий интеллект асосида ишловчи дастурий таъминотдан фойдаланиш, маҳалла кириш-чиқиш жойларини интеллектуал видеокамералар билан жиҳозлаш, кўп қаватли уйларга домофонлар ўрнатиш каби вазифалар белгиланган.

Бундан ташқари, жиноят содир этилиши эҳтимоли юқори бўлган овлоқ жойларни техник жиҳатдан тартибга келтириш, кўчаларни ёритиш ва патруль йўналишларини ташкил этиш ҳам хавфсиз муҳитнинг муҳим таркибий қисмларидир.

 

Тизим самарадорлиги нималарга боғлиқ?

«Ташвиш» тугмаларини ўрнатишнинг ўзи аҳоли хавфсизлигини тўлиқ таъминламайди. Энг муҳим масала — қурилманинг доимий ишчи ҳолатда бўлиши, сигналнинг масъул хизматларга узлуксиз етиб бориши ва чақирувга ўз вақтида муносабат билдирилишидир.

Шу сабабли бундай қурилмалар мунтазам техник текширувдан ўтказилиши, ишламай қолганлари тезкор таъмирланиши, аҳоли улардан фойдаланиш тартибини билиши зарур. Шунингдек, сигнал қабул қилинганидан кейин масъул хизматларнинг ҳаракатланиш алгоритми ва тезкорлик кўрсаткичлари ҳам аниқ белгиланиши лозим.

Яна бир муҳим жиҳат — фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш. Аҳоли хавфли вазиятда қандай ҳаракат қилишни, қайси воситадан фойдаланишни ва ёрдамни қаердан сўрашни билиши керак. Чунки хавфсизликни таъминлашда техник имкониятлар билан бир қаторда инсонларнинг огоҳлиги ҳам катта аҳамиятга эга.

 

Хулоса: хавфсиз маҳалла — умумий масъулият натижаси

«Ташвиш» тугмалари аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва хавфли вазиятларда тезкор ёрдам чақириш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади. Уларнинг жамоат жойлари, кўп қаватли уйлар ва аҳоли гавжум ҳудудларда ўрнатилиши фуқароларда шахсий хавфсизлик ҳиссини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Зеро, хавфсиз маҳалла — бу фақат камералар, патруллар ёки «ташвиш» тугмалари ўрнатилган ҳудуд эмас. Бу ҳар бир фуқаро ўзини ҳимояланган ҳис қиладиган, ҳуқуқбузарликларга бефарқ бўлинмайдиган ва давлат органлари билан жамоатчилик ҳамжиҳатликда ҳаракат қиладиган муҳитдир.

Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими

Улашиш: