#NoComment
09.02.2026
60

Утилизация йиғими — бу нима?
Утилизация йиғими — бу истеъмолчи ёки корхона томонидан мавжуд техника, автомобил ёки бошқа маҳсулотларни утилизация қилиш (тўғри йўқ қилиш) харажатларини қоплаш учун тўланадиган тўловдир.
Утилизация йиғимига оид муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги, Қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 июндаги 347-сон қарори билан тартибга солинади.
Уларга кўра транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва ускуналар ёки уларнинг бутловчи қисмлари утилизация йиғими ундириладиган объектлар ҳисобланади. Транспорт воситаларини импорт божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиладиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларини ишлаб чиқарадиган, йиғадиган ёки тайёрлайдиган жисмоний ва юридик шахслар утилизация йиғими тўловчилари ҳисобланади.
Шу билан бирга қуйидаги транспорт воситаларига утилизация йиғими тўланмайди:
— умумеътироф этилган принципларга ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ имтиёз ва иммунитетлардан фойдаланадиган дипломатик ваколатхоналарга ёки консуллик муассасаларига, халқаро ташкилотларга, шунингдек, бундай ваколатхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги бўлмаган, дипломатик мақомга эга бўлган ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига тегишли транспорт воситаларига;
— ишлаб чиқарилган йилидан бошлаб 30 ва ундан ортиқ йил ўтган Л ва М1 тоифали, шунингдек, ишлаб чиқарилган йилидан бошлаб 50 ва ундан ортиқ йил ўтган, йўловчилар ва юкларни тижорат мақсадида ташиш учун мўлжалланмаган, асл двигатели ва кузови билан асл ҳолатида сақланган ёки асл ҳолати тикланган М2, М3 ва Н тоифали транспорт воситаларига;
— давлатлараро, ҳукуматлараро, халқаро ташкилотлар йўналишлари бўйича хайрия ёрдами мақсадларида, шу жумладан техник кўмак (грант) маблағлари ҳисобига олиб кириладиган транспорт воситаларига;
— Ўзбекистон Республикасига олиб кирилиб, “вақтинчалик олиб кириш” божхона режимига расмийлаштирилган транспорт воситаларига;
— халқаро молия институтларидан ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан жалб қилинган ҳамда жалб қилинадиган давлат ташқи қарзи ҳисобидан Ўзбекистон Республикасида амалга ошириладиган лойиҳалар доирасида юридик шахслар томонидан олиб кириладиган транспорт воситаларига.
Бунда мазкур имтиёзларни қўллаш учун лойиҳа ташаббускори томонидан божхона органларига лойиҳани молиялаштириш манбалари тўғрисида тасдиқнома тақдим этиши шарт.
Оддий қилиб айтганда, Сиз янги машина ёки техника олганингизда, унинг эскисини ёки ундан чиқадиган чиқиндиларни атроф-муҳитга зарар етказмасдан йўқ қилиш учун пул тўлайсиз.
Табиий савол туғилади утилизация йиғими нима учун зарур?
Бу масалада фуқаролар ва мутахасислар ўртасида турли қарашлар мавжуд. Баъзилар буни йиғимни фойдали деб ҳисобласа, баъзилар шунчаки ортиқча тўлов сифатида кўради. Лекин бугунги кунда моддият билан боғлиқ бўлмаган бир қанча табиий муаммолар мавжуд бўлиб, уларни фақатгина ҳуқуқий тартибга солиш йўли билан бартараф этиш ёки қисман олдини олиш мумкин. Шу жиҳатдан утилизация йиғими:
1) атроф-муҳитни ҳимоя қилиш;
2) хавфсизликни таъминлаш учун зарур ҳисобланади.
Эскирган машина ёки техника нотўғри утилизация қилинса, тупроқ, сув ва ҳаво ифлосланиши мумкин. Масалан, автомобиль аккумулятори ёки мойлар токсик моддалар чиқариб табиатни, ҳавони ифлослаши мумкин. Утилизация йиғими фақат экологик хавфсизликни таъминламайди, балки хавфсизликни ҳам кафолатлайди. Бошқа тарафдан, ҳозирда ички ёнув двигетили аккумулятор ёрдамида ҳаракатланадиган машиналар оммалашган. Ушбу электр техникалари, аккумуляторлар ёки автомобилларни нотўғри йўқ қилиш портлаш, заҳарли моддалар чиқиши ва бошқа хавфли ҳолатларни юзага келтириши мумкин.
Утилизация йиғими мажбурий тўлов сифатида қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинган, унинг миқдори, тўланиш тартиби ва фойдаланиш мақсади аниқ белгиланган. Шу билан бирга, бу механизм фуқаролар ва давлат ўртасидаги масъулиятни мувозанатлайди: Сиз тўлайсиз, давлат эса маблағни эскини хавфсиз йўқ қилиш ва қайта ишлаш тизимига йўналтиради.
Хулоса қилиб айтиш мумкунки, утилизация йиғими нафақат молиявий мажбурият, балки ҳуқуқий, экологик ва ижтимоий зарурат ҳисобланади. Ҳар бир янги техника ёки автомобил сотиб олганимизда, эски нарсанинг хавфсиз йўқ қилинишига ҳисса қўшасиз. Лекин ўқувчи сифатида сизга савол: сизнинг ҳудудингизда ушбу механизм амалда ишлаяптими, ёки фақат тўлов қилиш билан масъулият тугади деб ўйлайсизми? Агар тизим самарали ишласа, у келажак авлодга барқарор ва хавфсиз муҳит қолдиришга хизмат қиладими?
Улуғбек Уролов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа орқали ўтказса бўладими?
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш «E-notarius.uz» электрон портали ва «Notarius» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тартибга солинади.
Аҳолини рўйхатга олиш бошланди
Аҳолини рўйхатга олиш ўзи нима, унинг ҳуқуқий асоси борми?
Нега хавфсиз муҳит айнан маҳалладан бошланиши керак?
Ҳуқуқий назарияга кўра, хавфсиз муҳитни шакллантиришда энг муҳим масала – муаммони имкон қадар эрта аниқлаш ва унга эрта муносабат билдиришдир.
Сунъий интеллект ёрдамида шахсга доир маълумотларни ўзгартириш жиноят ҳисобланадими?
"Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш киритилди.