Ўзбекистон
26.04.2025
1 137

– Ходимга унинг аризасига биноан 2 ой муддатга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилди. Таътил бошлангандан кейин бир ой ўтгач, у ўзини муддатидан олдин чақириб олишларини талаб қилмоқда. Ходимнинг талаби қонунийми? Иш берувчи ходимнинг талабини қаноатлантириши, уни ишга чақириб олишни расмийлаштириши шартми?
– Меҳнат кодексининг 241-моддасига асосан ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил (ёки уни норасмий номлашлари бўйича – “ўз ҳисобидан таътил”) берилиши мумкин. Бундай таътилнинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Лекин у бир йил мобайнида жами 3 ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Таътилнинг ушбу тури мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳар қандай корхонанинг ходимига унинг ўз аризаси ва иш берувчининг розилиги билан берилиши мумкин (Меҳнат кодексининг 241-моддаси), бундан иш берувчи бундай таътилни ходимнинг хоҳишига кўра расмийлаштириши шарт бўлган ҳоллар мустасно.
Тегишинча, агар “иш ҳақи сақланмайдиган таътил” умумий қоидага биноан иш берувчининг розилиги билан расмийлаштирилса, чақириб олиш ҳам худди шу тартибда амалга оширилади. Яъни, иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилда бўлган ходим чақириб олиш ҳақида буйруқ чиқарилишини бир томонлама тартибда талаб қилишга ҳақли эмас.
Агар ходимни чақириб олишдан иш берувчи манфаатдор бўлса, ходим чақириб олишга рози бўлган тақдирда, қоидага кўра, билдиришномада ёки лавозим хатида ёхуд ўзининг аризасида чақириб олишга қарши эмаслигини кўрсатади. Агарда чақириб олишдан ходимнинг ўзи манфаатдор бўлса, у иш берувчига тахминан қуйидаги мазмундаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин: “... шу санадан бошлаб иш ҳақи сақланмаган ҳолда берилган таътилдан чақириб олишингизни сўрайман”.
Шу тариқа, 2 ой муддатга “ўз ҳисобидан” таътил берилган ходим бир ойдан кейин ишга чиқиши мумкин, бироқ фақат иш берувчининг розилиги билан.
Иш берувчининг розилиги ходимнинг ёзма равишдаги аризасида тегишли муносабат белгиси қўйиш билан расмийлаштирилади.
Шундай таътил тури ҳам мавжудки, бундай таътилда бўлган ходим ишга иш берувчининг розилигисиз чиқишга ҳақли.
Жумладан, Меҳнат кодексининг 405-моддасига асосан болани парваришлаш учун бериладиган таътил вақтида аёллар ёки бошқа шахслар (боланинг отаси, бувиси, буваси ёки болани амалда парваришлаётган бошқа қариндошлари) хоҳишларига биноан тўлиқсиз иш вақти шартларида ёки иш берувчи билан келишган ҳолда уйда ишлашлари мумкин. Мазкур ҳолатда ходимнинг ишга чиқиши учун иш берувчининг розилиги талаб қилинмайди.
Саволга Тошлоқ туман адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи
Шерзод ТОЛИБОВ жавоб берди
Улашиш:
Бошқалар
Қандай тоифа шахсларга санатория учун бепул йўлланма берилади?
Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган оила аъзоларига бир марталик бепул йўлланма берилади.
Нотариус томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш
Қонунчиликка кўра, нотариус қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда кредиторга топшириш учун қарздордан депозитга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиши мумкин.
Мукофотни ошкора ваъда қилиш: тўлаш ва бекор қилиш тартиби
Фуқаролик кодексининг 981-моддасига мувофиқ, агар бир шахс муайян ҳаракатни бажарган шахсга мукофот ваъда қилса, ва эълондаги шартларга мувофиқ ҳаракат амалга оширилса, у ҳолда мукофотни тўлаш мажбурияти юзага келади.
Жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилганда уй-жой билан таъминлашнинг ҳуқуқий асоси
Фуқаролар уй-жойга эгалик ҳуқуқини олиш орқали ўз маблағларини кўчмас мулкка самарали сарфлаш, ўз уй-жойига эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ишончини мустаҳкамлайди.