currencies image

12 837,10 UZS

24,06

usd

currencies image

13 516,18 UZS

58,64

eur

currencies image

124,62 UZS

2,02

ru



АсосийЯнгиликлар“Ўзбекфильм киностудиясида суратга олинган”: миллий меросга айланган 20 киноасар

“Ўзбекфильм киностудиясида суратга олинган”: миллий меросга айланган 20 киноасар

Life Style

calendar

21.03.2024

eye

759

“Ўзбекфильм киностудиясида суратга олинган”: миллий меросга айланган 20 киноасар

Улар бизни Ҳолливуднинг ўнлаб “Оскар” олган фильмларидан ҳам кўпроқ мафтун этган. Улар бизники – ўзимиз ҳақимизда ҳикоя қилади. Қайта-қайта томоша қилсанг ҳам зерикмайдиган ўзбек дурдона фильмлари борки, аллақачон миллий меросимизга айланган. Hudud24.uz Наврўз байрамида оилавий томоша қилиш учун тавсия этиладиган ўзбек киносининг 20 та дурдонасини эслатиб ўтади.

1.  “Тоҳир ва Зуҳра”

1945 йилда режиссёр Наби Ғаниев томонидан суратга олинган. Сценарий муаллифлари Собир Абдулла, Алексей Спешнев, оператор Михаил Краснянский, бастакор Алексей Козловский.

Тарихий драма жанридаги кинокартина. Фильм XV асрдаги шарқ халқ эртак-афсонасига асосланган бўлиб, оддий жангчи Тоҳирнинг хон қизи Зуҳрага муҳаббати ҳақида ҳикоя қилади. Фильмда бош ролларни Юлдуз Ризаева, Ғулом Ағлаев, Раззоқ Ҳамроев каби актёрлар ижро этишган. Айниқса Моҳим ролида кўриниш берган уруш қаҳрамони Зебо Ғаниеванинг ижроси алоҳида эътирофга сазовор. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, снайпер Зебо Ғаниева суратга олиш пайти урушда орттирилган жиддий жароҳатлардан энди тузала бошлаган эди, шу сабабли у Моҳим образини фақат ўтирган ҳолатда ижро этган.

2. “Алишер Навоий”

1947 йили Комил Ёрматов томонидан суратга олинган буюк мутафаккир, шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий ҳақидаги тарихий драма. Урушдан кейинги тикланиш даврида халқнинг ўзлиги ва буюк тарихини ёдга солиб, музаффар миллат сифатида қаддини кўтариши учун рағбат берадиган қатор фильмлар суратга олинди. Шулардан бири Алишер Навоий фильми бўлиб, унга драматург Иззат Султоннинг “Алишер Навоий” драмаси асос қилиб олинган.

Фильмда воқеалар шоҳ Султон Бойқаро ва вазир Алишер Навоийнинг зиддияти асосига қурилади. Ойбекнинг “Навоий” романида эса бу зиддиятлар анча юмшоқ тасвирланган. Урушдан кейинг кескин муросасизлик кайфиятга мос яратилган ушбу фильм ўз вақтида юксак давлат мукофоти билан тақдирланган. Картинада буюк актёрлар Раззоқ Ҳамроев, Асад Исматов, Обид Жалиловлар яратган образлар ёрқин чиққан.

3. “Мафтунингман”

1958 йили таниқли ўзбек режиссёри Йўлдош Аъзамов яратган оқ-қора кинотасмага олинган мусиқий кинокомедия. Фильм биринчи ўзбек кинокомедияси бўлиб, унда ўзбек маданиятининг қизиқарли жиҳатлари ҳамда совет колхозларидаги ҳаёт тасвирланган.

Кўпчилик филмда айтилган қўшиқларни ёддан билади: “Дўппи тикдим“ (сўзи Туроб Тўла қаламига мансуб), “Гўзал Тошкент“, “Мафтун бўлдим“ ва “Сартарош“ каби композициялар халқнинг севимли қўшиқларига айланган.

4. “Маҳаллада дув-дув гап”

1960 йил оқ-қора кинотасмага олинган ўзбек кинокомедияси. Фильмга Юрий Степчук режиссёрлик, Шуҳрат Аббосов продюсерлик қилган.

Сценарий бошида рус тилида ёзилган эди. Аммо Шуҳрат Аббосов уни ўзбек тилида суратга олишни истаган.

Тасвирга олиш бошланишидан бир кун аввал Аббосов машҳур ўзбек ёзувчиси Абдулла Қаҳҳордан сценарийни ўзбек тилига таржима қилиб беришини илтимос қилган. Абдулла Қаҳҳор ўша пайтда шифохонада даволанаётган эди. У шифохона ҳовлисида ўтириб матнни икки соатда таржима қилиб берган. Абдулла Қаҳҳор фильмнинг титрларида таржимон сифатида қайд этилган. Аммо халқимиз тилида ўрнашиб қолган, унинг руҳиятига яқин машҳур ибораларни айнан Абдулла Қаҳҳор ўйлаб топиб фильмга киритган. Масалан, “Ана сурпризу мана сурприз, ана кир ювадиғон машинаю мана дилбизор”.

5. “Сен етим эмассан”

1962 йилда суратга олинган киноқисса. Ўзбек киносининг дурдоналаридан бири ҳисобланади. Раҳмат Файзийнинг шу номли қиссаси асосида суратга олинган. Ёзувчи 1970 йилда ушбу киноқисса устидаги ижодий ишини давом эттириб, уруш йилларида 14 етим болани ўз бағрига олган ва уларга меҳр-мурувват кўрсатган кишилар жасоратига бағишланган “Ҳазрати инсон” романини яратган.

Фильм ҳаётий воқеаларга асосланган бўлиб, тошкентлик темирчи Шомаҳмуд Шоаҳмедов ва унинг турмуш ўртоғи Бахри Акрамоваларнинг Иккинчи жаҳон уруши йиллари Иттифоқнинг турли ҳудудларидан Тошкентга келтирилган ҳар хил миллатга мансуб 14 нафар болани боқиб олганликлари ҳақида ҳикоя қилади.

Картина 1963 йилда Франкфуртдаги Халқаро кино фестивали мукофоти соҳиби бўлган.

1964 йилда Ленинградда ўтказилган биринчи Бутуниттифоқ кинофестивалида ёзувчи Раҳмат Файзий “Энг яхши сценарий” учун мукофот соҳиби бўлган. 1974 йилда “Сен етим эмассан” ва “Абу Райҳон Беруний” фильмлари учун режиссёр Шуҳрат Аббосов Ҳамза номидаги Ўзбекистон ССР давлат мукофотига сазовор бўлган.

6. “Ёр-ёр”

1964 йили режиссёр Али Ҳамроев томонидан суратга олинган ўзбек кинокомедияси.

Фильмда телеэкаран орқали кўрган қизини яхши кўриб қолиб, уни излаб йўлга чиққан йигит ва унинг отаси сргузаштлари ҳикоя қилинади. Ўғил – янгилик, ўзгариш тарафдорлари, ота эса эски қарашлар ва муҳофазакор қатламнинг тимсолидир. Фильм давомида отанинг дунёқараши ўзгариб бориб, сўнгги эпизодларда ўзининг қотиб қолган догматик қарашларидан воз кечади. Ушбу жараён миллий урф-одатлар, шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг ҳаёти фонида юқори динамикада кечади ва қизиқарли сюжетни ҳосил қилади.

7. “Ўткан кунлар”

1969 йилда ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг шу номли романи асосида режиссёр Йўлдош Аъзамов томонидан тасвирга олинган. Абдулла Қодирийдан “Ўткан кунлар”нинг кино варианти ҳақида сўрашганида, у Отабек ролини ўзи ўйнашини орзу қилганини айтгани адабиёт тарихидан маълум.

Йўлдош Аъзамовнинг картинасида Отабек ролини Ўлмас Алихўжаев, Кумуш ролини Гулчеҳра Жамилова, Зайнаб ролини Гулчеҳра Саъдуллаева маҳорат билан ижро этиб, ўзбек киносида ўзига хос ёрқин из қолдиришди. Бу образлар ўзбек ёшларининг, хусусан, севишган, оташин қалбли ва иродали ўзбек йигит-қизларининг миллий тимсолига айланди. Фильм намойиш этилгач, минг-минглаб чақалоқларга Отабек, Кумуш деб исм қўйилди.

8. Учрашув

1971 йили режиссёр Шавкат Жунайдуллаев томонидан суратга олинган комедия. Аслида бу қисқа миниатюралар жанрида ишланган сюжетлар жамланмасидан иборт йиғма калейдоскоп. Унда жамиятдаги турли иллатлар енгил юмор, ўрни келганда ўткир сатира тиғи билан фош этилади.

Ғани Аъзамов, Сойиб Хўжаев, Бахтиёр Ихтиёров, Эргаш Каримов, Рауф Болтаев, Ҳусан Шарипов, Саидмурод Зияутдинов, Омина Фаёзова, Роза Каримова, Тургун Зоҳидов, Абдураҳмон Аҳмедов каби буюк санъаткорларни бир ерга жамлаган – ҳақиқий юлдузлар ёмғири. Фильмдаги иборалар, қочиримлар ва ҳолатлар (“Н-у-у-уч”, “Мураббо”, “Тошкент пиёласи”, “Замбаракнинг ўқи” ва ҳк) халқ орасида кенг тарқалиб, ўзбек ҳажви ва бадиий тафаккурининг ажралмас қисмига айланган.

9. Шум бола

1977 йили режисёр Дамир Салимов томонидан адиб Ғафур Ғуломнинг шу номли қиссаси асосида суратга олинган картина.

Фильмда уйидан қочиб кетган эрксевар ўсмирнинг сагузаштлари ҳикоя қилинади. Шу аснода 1900-1910 йиллар ўзбек шаҳарлари ва қишлоқларининг ҳолати, халқнинг турмуш тарзи, муаммолари сатира воситасида кўрсатиб берилади. Фильм 1978 йили Ереванда бўлиб ўтган Бутуниттифоқ болалар ва ўсмирлар фильмлари фестивалининг махсус мукофоти билан тақдирланган.

10. Тўйлар муборак

1978 йили режиссёр Эдуард Хачатуров яратган ўзбек кинокомедияси. Бош ролда Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусовни ёш ва навқирон пайтини кўрасиз. Филмда кўнгилчанлиги туфайли ўз тўйи куни кўп одамларга ёрдам бераман деб, тўйига зўрға етиб келадиган куёв ҳақида ҳикоя қилинади.

Обид Юнусов суратга олиш жараёнларини хотирлар экан, қизиқ ҳолатни ҳикоя қилади: “У фильмни суратга олишга қийналганмиз. Суратга олиш ишлари сентябр ойида бошланганди. Кун салқин бўлиб қолганди. Яъни ўша йил куз анча совуқ келганди. Репетиция пайтида ҳалиги қизни қувиб кетаётиб, дарахтга бошимни урволиб, ағдарилиб тушгандек бўлиб, ётган еримдан нимадир тишлаб отгандек бўлсам, режиссёр, “Нимани тишладинг?”, деб сўраб қолди. Чунки дарахтда ҳеч нарса йўқ эди. Мен, “Дарахтга бошим урилиб кетувди, олма тушди, ўшани”, дедим. Ростдан ҳам олма дарахти бўлса-да, дарахтда олма йўқ эди. Бир пайт режиссёр, “Яблоки, немедленно!”, деди. Суратга олиш ишлари тўхтатилди. Кимдир машина билан бозорга кетди, олма олиб келди. Дарахтнинг шохларига олмаларни боғлаб қўйилди, дарахтга бошим урилди, олма тушди, олмани олиб, чайнадим,...Кинони кўрганлар билади, ўша олма бозордан олиб келинган”.

11. Чинор остидаги дуэл

1979 йили режиссёр Мелис Абзалов томонидан суратга олинган. Фильмда 1970-йиллар ёшларининг орзулари, интилишлари ва кундалик ҳаёти тасвирланган: ўқишга кириш (кира олмаслик), биринчи муҳаббат, оталар ва болалар зиддияти, урф-одатлар ва замонавийлик тўқнашуви лирик-романтик тарзда тасвирланган.

Фильмга саундтрек сифатида хонанда Козим Қаюмов томонидан куйланган “Энг гуллаган ёшлик чоғимда” (Ҳамид Олимжон сўзи) қўшиғи нафақат ўз замонасида, балки кейин ҳам хит бўлиб, Нилуфар Усмонова, Самандар Ҳамроқулов, Шуҳрат Дарё каби хонандалар томонидан кавер версиялар ижро этилди.

12. “Суюнчи”

1982 йил таниқли ўзбек режиссёри Мелис Абзалов томонидан яратилган драма. Фильмда кичик қишлоқда ўғли, келини ва 10 нафар ўғил невараси билан яшовчи Анзират она ҳақида ҳикоя қилинади (Анзират она ролини Зайнаб Садриева ўйнаган). Анзиратнинг қаттиққўллиги сабаб ҳамқишлоқлари уни “Генерал Буви” деб атайди. 1930-йилларда Анзират она қишлоғининг колхозига бошчилик қилган, кўп қийинчиликларни кўрган. Ёши улғайгач ҳам дам олиш ўрнига баъзи ҳамқишлоқларининг ялқовлиги, очкўзлиги ва эътиборсизлигига чидай олмайди, ўз оиласида тартиб ўрнатишга ҳаракат қилади.

Анзират онанинг ўғли эса ҳомиладор аёлига уй ишларида ёрдам бериш ўрнига вақтини фарзандлари билан оилавий футбол командаси тузишга сарфлайди. Анзират онанинг вафотидан кейин қишлоқ аҳолиси усиз қишлоқнинг ҳувиллаб қолганини сезади. Улар Анзират она қишлоқларининг виждони бўлганини англаб етишади. Фильм инсонлараро самимий ва ҳалол муносабатлар, меҳнаткашлик, дахлдорлик туйғуси ва жонкуярлик ҳақида.

13. “Келинлар қўзғолони”

1984 йил таниқли ўзбек режиссёри Мелис Абзалов яратган кинокомедия. Комедия Саид Аҳмаднинг шу номли асари асосида олинган. Мелис Абзаловнинг “Суюнчи“ филмидаги каби “Келинлар қўзғолони“да ҳам қаттиққўл буви ҳақида сўз боради. Фақат ушбу буви келинларига талабчан, оилада ўзи истаган тартиб бўлишига интилади.

Фармон биби (Турсунхон Жаъфарова ижро этган) меҳрибон, бироқ қаттиққўл она бўлиб, ўзининг етти ўғли ва уларнинг оилалари билан бир ҳовлида яшайди. Энг кенжа ўғлига тушган келин Нигора Фармон бибига қарши “қўзғолон” кўтаради, бошқа келинлар эса уни қўллаб-қувватлайди. Фармон биби келинларига ён беришга ва уларнинг талабларини бажаришга мажбур бўлади.

Сотти – итоаткор, лаганбардор ва ҳайбаракаллачи ижрочи, Нигора – жўшқин, журъатли ва ташаббускор ёшлар, Фармон биби – ушбу икки қутб ўртасида тартибни ушлаб турувчи қаттиққўл тизим. Картинада жамиятнинг кичик модели – оила тимсолида шахс эрки ва умумий тартиблар ўртасидаги мувозанат нақадар муҳимлиги очиб берилган.

14. “Армон”

1986 йили Мелис Абзалов яратган драма. Фильмда Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбек аёллари, қариялари ва ёшларининг машаққатли ҳаёти ва меҳнати тасвирланган.

1920-йилларда Бўри отасидан айрилади. (Отасининг ҳам исми Бўри бўлади. Отаси ролини Ёдгор Саъдиев ўйнаган.) Улғайгач, у шаҳарга бориб ўқийди ва электрик бўлиб етишади. Сўнгра туғилган қишлоғига қайтади. Қишлоқдаги барча қизлар унга мафтун бўлишига қарамай, Бўри аллақачон бошқа йигитга унаштирилган Хуморни севиб қолади. Уруш бошлангач Бўри ҳамқишлоқлари билан урушга отланади. Аммо урушдан қайтмайди.

Фильмда Нигора Эгамбердиева ва Бахтиёр Зокиров ижросидаги чиройли романтик жуфтликни кўрасиз. “Шестница деса ҳам бўлади, суббота деса ҳам” деган машҳур ибора ҳам айнан “Армон”да янграган.

15. Темир хотин

Шароф Бошбековнинг шу номли асари бўйича режиссёр Исамат Эргашевнинг 1990 йилда суратга олинган картинаси. Фильм 70-80-филлар қишлоқлардаги қийин ижтимоий-иқтисодий аҳвол ва унинг қишлоқ аёллари ҳаётига аянчли таъсири ҳақида ҳикоя қилади.

Фильм охирида ёниб кетган робот аёл – Аломатхон ўша йилларда қийин турмуш тарзи ва турли ижтимоий босимлар туфайли ўзига ўт қўяётган қишлоқ аёллари тимсоли. Қишлоқ аҳли фақат ҳинд фильмларидан ва уларга уйқаш тушларидан таскин опиб яшайди. Ўткир сатира орқали чуқур фожиаларни очиб берган картина қайта қуриш йиллари ошкоралигининг меваси эди. 

16. “Абдуллажон”

1991 йил режиссёр Зулфиқор Мусоқов томонидан суратга олинган илмий-фантастик кинокомедия. У биринчи ўзбек илмий фантастик филми бўлиб, кўплаб танқидчилар, режиссёрлар ва кино ишқибозлари томонидан постсовет Ўзбекистонида яратилган энг сара фильм деб баҳоланади.

Фильм қишлоқдаги магазин қоровули Сотиболди номидан “Стевен ака Спиелбергга” биринчи шахсда, ўзига хос акцентди рус тилида ҳикоя қилинади. 1980-90-йиллардаги Ўзбекистон ҳаётига ташқаридан, холис (ўзга сайёралик) кўзи билан қараб яратилган ўзига хос аллегорик асар яратилганига 30 йилдан ошса ҳам ҳамон севимли фильмлар қаторида такрор-такрор томоша қилинади. У ўзбек тафаккурида “кетмони учмади” деган машҳур иборани тақдим этгани билан ҳам тарихда қолишга арзийдиган асар.

17. Масхарабоз

1995 йили ёзувчи ва режиссёр Шароф Бошбеков суратга олган фильм. Картинада бош қаҳрамон ота-онасидан эрта айрилади, тоғлардек армони бўлса ҳам, ҳаммасини кулгу ва шодлик билан енгиб ўтадиган инсон. Тезкор, илғор фикрлари, креатив шахс, бироқ ғайриоддий кашфиётлари ҳар доим ҳам омадли чиқавермайди. Инсонларга қўлидан келганча яхшилик улашади. Ҳатто кўнгил қўйган инсони ўзга одамга турмушга чиқаётганини билганда ҳам матонат ва сабр билан унга бахт тилайди.

Фильм ўткир ва манзилга урилган юмори ҳамда мафтункор ва дилтортар қўшиқлари билан ёдда қолади. Хусусан, бугунги кунда халқаро хит даражасига чиққан “Атиргуллар очди чирой” номли қўшиқ айнан “Масхарабоз” фильми учун ишланган саундтрек эди.

18. Чимилдиқ

2000 йили яратилган режиссёр Мелис Абзаловнинг яна бир хит комедияси. Кино тарихида бир кечада дунёга келган муҳаббат ҳақида фильмлар кўп. Улар қаторида “Тақдир ҳазили ёки қушдек енгил бўлинг”, “Тақдир эшиги” каби машҳур фильмларни эслаш кифоя.

Миллий колоритли халқона урф-одатлар ва қадриятлар тарғиботига уйғун тарзда ишланган “Чимилдиқ” улар орасида алоҳида ажралиб туради. Биринчи муҳаббатининг хиёнати туфайли қалби зада бўлиб 35 ёшигача уйланмай юрган йигитга 18 яшар навниҳол қизни олиб беришади. Қиз ва йигит тўйдан кейин чимилдиқда юз кўришади ва ўзаро муносабат бошланиб кетади. Кеча адоғига келиб ўртада меҳр ва муҳаббат ришталари пайдо бўлади. Драматург Эркин Хушвақтовнинг шу номли пьесаси ўз вақтида театрларда аншлаг бўлган эди. Фильм муваффақияти ҳам ундан кам эмас, қайта-қайта томоша қилса арзийди.

19. Осмондаги болалар (3 та фильм)

2002 йилдан 2022 йилгача Зулфиқор Мусоқов томонидан суратга олинган кинотрилогия, комедияли драма жанрида ишланган. 20 йил давомида қаҳрамонлари ҳаётини кўрсатган ушбу киноасар мустақиллик даври ўзбек кинематографиясининг дурдоналаридан саналади.

Фильм тўрт дўст ҳаёти, орзу умидлари ва қийинчиликлари ҳақида. Ҳамдам, Хуршид, Жавоҳир ва Бахтиёр ҳар хил бўлишса-да, болаликдан бирга ўсган дўстлардир. Кунларнинг бирида уларнинг синфига янги бир ўқувчи қиз қўшилади — Лола, бош қаҳрамонларнинг ҳаммаси уни севиб қолади.

20. Ватан

2006 йилда режиссёр Зулфиқор Мусоқов томонидан ишланган драма. Фильм Иккинчи жаҳон уруши йиллари Ўзбекистондан кетиб қолган ўзбекистонликлар ҳаётидан ҳикоя қилади.

АҚШда яшаб келаётган Қурбон Иккинчи жаҳон урушида қатнашган. Она қишлоғининг соғинчи тинчлик бермай, Тошкентга келади. Бу ердан такси орқали қишлоғига йўл олади. Мақсад – она Ватанининг дийдорига тўйиш ва мансаб учун ўзини сотган душманидан қасос олишдир.

 

 

Улашиш:

Бошқалар

26-ноябр 2024, 12:47
2 289

Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилади

Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-999-сон, 15.11.2024 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг  айрим моддаларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.


18-ноябр 2024, 05:34
1 958

Юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари рағбатлантирилади

Қонунга кўра, юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқлар бўйича (бундан ҚҚС мустасно) ортиқча тўланган суммани қайтариш 3 кунлик муддатда амалга оширилади.


19-ноябр 2024, 12:35
1 953

Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб

Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.


13-ноябр 2024, 12:35
1 779

Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб

Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.