Суд очерклари
22.09.2025
310

Бош қомусимизнинг 62-моддасига мувофиқ, фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар.
Аммо Поп туманида яшовчи ҳамюртимиз Фозилжон Маюсупов зиммасидаги ана шу фуқаролик бурчини “унутиб” қўйди.
Гап шундаки, Наманган вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг тегишли буйруғига асосан Поп туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 9 декабрдаги “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни ижроси ўрганилганда Ф.Маюсуповнинг Поп ихтисослаштирилган ўрмон хўжалиги Парда Турсин участкасига қарашли ер майдонидан 10 туп терак дарахтларини ўзбошимчалик билан кесиб ташлагани аниқланади. Бу ҳаракати билан Фозилжон Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 16 апрелдаги “Ўрмон тўғрисида”ги қонуни 34, 39 ва 55-моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрда қабул қилинган “Биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисида”ги қарорининг 37-моддаси талабларини ҳам бузади. Энг ачинарлиси, Она табиатга, ўсимлик дунёсига 14 миллион 817 минг сўм зарар етказган.
Шундан сўнг Фозилжон Маюсупов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима жазосига тортилган. Лекин Фуқаролик кодексининг 985-моддасига биноан, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим. Бинобарин, Наманган вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ҳуқуқбузардан ўсимлик дунёсига етказилган 14 миллион 817 минг сўм зарарни ундиришни сўради.
Конституциямизнинг 68-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир” дея қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси “Ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 15-моддасида эса ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга фақат санитария мақсадларида ҳамда бинолар, иншоотлар ва коммуникациялар қурилиши билан боғлиқ ҳолдагина маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилган қарорига биноан йўл қўйилиши белгиланган. Ана шу асосларга таянган суд даъвони қаноатлантириб, Фозилжон Маюсуповдан ўсимлик дунёсига етказилган зарарни ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилди.
Шу тариқа ўзбошимчалик фуқарога қимматга тушди.
Отамурод СИДДИҚОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг судьяси
Улашиш:
Бошқалар
Имтиёз олган беморларга давлат бюджети ҳисобдан тиббий хизмат қандай тартибда кўрсатилади?
Ҳужжатга кўра, Низом беморларни тиббиёт ташкилотларига қабул қилиш тартибини белгилайди.
Банк сирига нималар киради ва қачон ошкор қилиниши мумкин? Муҳим 5 саволга жавоб
Банк, унинг мижози (вакили) ва Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.
Наркожиноятлар учун жиноий жавобгарлик кескин оғирлаштирилади
Миллий дастурга кўра, Интернетдаги наркожиноятларга қарши курашишга ёшлар кенг жалб қилинади.
Вояга етмаган ва муомала лаёқати чекланган шахслар иштирокида битимларни тасдиқлашнинг ҳуқуқий асослари
Фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институтларидан бири бу — муомала лаёқати тушунчасидир.