currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларВояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Ҳуқуқ

calendar

18.11.2026

eye

47

Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Вояга етмаган шахсларнинг соғлиғи, маънавий камолоти ва хавфсизлигини муҳофаза қилиш қонунчиликнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Хусусан, уларни спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари ва инсоннинг ақл-идрокига таъсир қилувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш қонун билан тақиқланган бўлиб, бундай ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276¹⁰-моддасига мувофиқ, вояга етмаган шахсни спиртли ичимликлар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ёхуд алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар ҳисобланмаган, бироқ инсоннинг ақл-идрокига таъсир кўрсатадиган восита ва моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш, агар шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Бундай ҳуқуқбузарлик учун қуйидаги жазолардан бири белгиланган:

— базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан 250 бараваригача жарима;

— 360 соатдан 400 соатгача мажбурий жамоат ишлари;

— 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;

— 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;

— 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Вояга етмаган шахсни гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш учун эса янада оғирроқ жавобгарлик назарда тутилган.

Хусусан, вояга етмаган шахсни гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари, шунингдек, алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб этганлик учун:

— 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари;

— 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;

— 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Қандай ҳолларда жазо янада оғирлаштирилади?

Қонунчиликка кўра, вояга етмаган шахсни гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари ёхуд алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш қуйидаги ҳолатларда содир этилса, оғирроқ жазо қўлланилади:

Биринчидан, жиноят такроран, хавфли рецидивист ёки илгари гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёхуд кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ жиноят содир этган шахс томонидан амалга оширилса.

Иккинчидан, мазкур ҳаракатлар икки ёки ундан ортиқ вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилса.

Учинчидан, жиноят таълим ташкилотларида, уларнинг ҳудудида, ўқувчилар ва талабалар ётоқхоналарида, болалар соғломлаштириш оромгоҳларида, ўқув, спорт ёки жамоат тадбирлари ўтказиладиган жойларда, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда содир этилса.

Тўртинчидан, ушбу ҳаракатлар одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса.

Юқоридаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлганда, айбдор шахс 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Хулоса қилиб айтганда, вояга етмаган шахсларни спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари ва инсоннинг ақл-идрокига таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш оғир ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин. Қонунчиликда бундай қилмишлар учун қатъий жазолар белгиланиши болаларнинг соғлиғи, хавфсизлиги ва келажагини ҳимоя қилишга қаратилган.

Зиёвуддин Намозов,
журналист

Улашиш: