#NoComment
29.04.2025
118
Ўзбекистонда вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тўғрисидаги қонунлар қабул қилинганлиги болаларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳамда ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасида муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Юридик адабиётларда вояга етмаганларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун жавобгарлиги билан боғлиқ мавзулар жуда долзарб мавзулар ҳисобланади ҳамда мазкур йўналишни ўрганиш муаммолар етарлича эканлигини кўрсатмоқда. Ушбу мавзунинг долзарблиги биринчи галда вояга етмаган шахсларнинг ўзига хос хусусиятлари ва ҳуқуқий мақоми билан белгиланади. Вояга етмаганлар алоҳида тоифадаги шахс сифатида маъмурий қонунчиликда алоҳида ҳуқуқий мақомга эгадир. Ушбу тоифа шахслар бошқалардан бир қатор имтиёзларга эгалиги билан ажралиб туради.
Вояга етмаган шахс ўзи ким?
Вояга етмаган шахс деганда 18 ёшга тўлмаган шахслар тушунилади. Маъмурий жавобгарлик қонунчилигига биноан вояга етмаганлар икки турга бўлинади: маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаганлар ва маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлмаган 16 ёшгача бўлган вояга етмаганлар. Ҳар икки ҳолатда ҳам вояга етмаганларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар улар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши маъмурий ҳуқуқбузарлигини содир этганликлари учун жавобгар бўладилар.
Маъмурий жавобгарликка тортилиш ёши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 13-моддасида 16 ёш деб белгиланган. Бундан тушунишимиз лозимки, маъмурий ҳуқуқбузарликни кўриб чиқаётган мансабдор шахс маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс айнан 16 ёшга тўлган-тўлмаганлигини исботлаши лозим, акс ҳолда, яъни шахс 16 ёшга тўлмаган ҳолларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни бошлаш мумкин эмас, бошланган иш эса тугатилиши лозим.
Вояга етмаганларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун жазо Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқа норматив ҳужжатларда белгилаб қўйилган доирада ва тартибда қўлланилади ҳамда бу тоифа шахсларга жазо қўллаш чоғида содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг шахси инобатга олинади ҳамда унинг ўзи эса айнан вояга етмаган шахс бўлганлиги учун ҳам унинг ҳаракати жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолат бўлади. Агар вояга етмаган шахс бошқа шахслар томонидан ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб этилса, айбдор шахснинг ҳаракати оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланади (МЖтКнинг 32-моддаси).
Вояга етмаган шахсларнинг қонуний вакиллари омонидан етарлича назорат қилинмаслиги, атрофдагилар ва жамоатчиликнинг эътиборсизлиги ҳам уларда ҳуқуқбузарлик содир этишларига сабаб бўлиши мумкин. Мазкур соҳада содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни яшириш, жамоатчилик томонидан ўз холига ташлаб қўйиш ёки уларни жамоадан узр сўраш орқали унтилиши каби салбий оқибатлар ёшлар онгида содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик келтириб чиқармаслик тўғрисида нотўғри тушунчанинг ривожланишига олиб келади. Шунинг учун вояга етмаганлар ўртасида содир этилаётган ҳар бир ҳуқуқбузарликларининг оқибатлари ва уни профилактика қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 29 сентябрида “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги ЎРҚ-263-сонли Қонуни қабул қилинди. Қонуннинг асосий мақсади этиб, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси — вояга етмаганларнинг назоратсизлиги, қаровсизлигига, улар томонидан ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишига имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 14-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга нисбатан Болалар масалалари бўйича комиссиялар тўғрисидаги низомда назарда тутилган чоралар қўлланилиши белгиланган.
Вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарликлари, ўз навбатида, уларнинг ижтимоий муҳити, тарбия, таълим ва психологиясидан келиб чиқиб, уларнинг келажак ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, оила меъёрлари ва қадриятларининг деформацияси вазиятни янада оғирлаштиради.
Дилмурод Маматмуротов,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази
масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
2025 йил 1 апрелдан айрим йўналишларда фаолият юритувчи хўжалик субъектларга берилган эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинади
“ЎзИнжиниринг” лойиҳа институтининг инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинди.
Ҳар бир ҳудудда реновация жамғармалари ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни шаҳарсозлик реновациясининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Жамоавий меҳнат низоларини медиатор иштирокида ҳал этиш тартиби қандай?
Медиатор жамоавий меҳнат низосининг тарафларидан ушбу низога тааллуқли зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўрашга ҳамда олишга ҳақлидир.
Шу йилнинг 1 сентябридан ҳар бир қурилаётган объектнинг QR-кодли паспорти бўлади
Бу орқали шаҳарсозлик субъектлари, қурилиш муддатлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари ва тасдиқланган экспертиза хулосалари ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади.