currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларЖамоат жойларида юзни тўсиб юриш учун жавобгарлик борми?

Жамоат жойларида юзни тўсиб юриш учун жавобгарлик борми?

Ҳуқуқ

calendar

22.10.2026

eye

70

Жамоат жойларида юзни тўсиб юриш учун жавобгарлик борми?

Жамоат жойларида хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда шахсларнинг кимлигини аниқлаш имкониятини яратиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу сабабли қонунчиликда жамоат жойларида шахсни идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзни тўсиб юришга нисбатан муайян чекловлар белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 184⁴-моддасида жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган.

Мазкур моддага мувофиқ, жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Бунда асосий эътибор шахснинг қандай кийим кийганига эмас, балки унинг юзи қай даражада тўсилганига қаратилади. Яъни шахснинг юзи шундай ёпилган бўлсаки, натижада унинг кимлигини аниқлаш имкони бўлмаса, қонунчиликда белгиланган жавобгарлик масаласи юзага келиши мумкин.

Бироқ қонунчиликда юзни тўсиб юришга рухсат этилган айрим истисно ҳолатлар ҳам мавжуд.

Жумладан, тиббий кўрсатмалар асосида юзни тўсишга рухсат этилади. Масалан, муайян касалликлар ёки соғлиқ билан боғлиқ ҳолатларда тиббий зарурат туфайли юзни ёпиш мазкур ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланмайди.

Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махсус бош кийимлардан фойдаланиш ҳам истисно ҳисобланади. Хусусан, мотоцикл ҳайдовчиларининг хавфсизлик шлемини кийиши қонунчилик талабларига зид эмас.

Бундан ташқари, меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолларда ҳам юзни тўсишга рухсат этилади. Масалан, ишлаб чиқариш корхоналарида, қурилиш объектларида ёки хавфли меҳнат шароитларида ишловчи ходимлар ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махсус ҳимоя воситаларидан фойдаланиши мумкин.

Спорт ва маданий тадбирлар вақтида ҳам ушбу тадбирлар иштирокчиларига юзини тўсишга рухсат берилади. Масалан, саҳна кўринишларида ниқоб таққан актёрлар ёки спорт мусобақаларида махсус ҳимоя ниқобидан фойдаланувчи спортчилар мазкур чекловдан мустасно ҳисобланади.

Шу билан бирга, қонунчиликда тўғридан-тўғри рухсат этилган бошқа ҳолатларда ҳам юзни тўсиб юриш ҳуқуқбузарлик деб баҳоланмайди.

Хўш, белгиланган талабларни бузган шахсларга қандай жазо қўлланилади?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184⁴-моддасига асосан, жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солинади.

Бунда маъмурий жавобгарликни қўллашда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, шахснинг юзини тўсиш сабаби ҳамда қонунчиликда назарда тутилган истиснолар мавжудлиги инобатга олиниши лозим. Муҳим жиҳати шундаки, ушбу норма ҳар қандай бош кийим, рўмол ёки ниқобдан фойдаланишни тўлиқ тақиқламайди. Қонунчиликда белгиланган чеклов айнан жамоат жойларида шахснинг кимлигини аниқлаш имконини бермайдиган даражада юзни тўсиш ҳолатларига тааллуқлидир.

Хулоса

Хулоса қилиб айтганда, жамоат жойларида шахсни идентификация қилиш имкониятини таъминлаш жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартиботни сақлашнинг муҳим шартларидан биридир. Қонунчиликда шахснинг юзини тўсиб юришига нисбатан чеклов белгиланган бўлса-да, тиббий зарурат, меҳнат фаолияти, йўл ҳаракати хавфсизлиги, спорт ва маданий тадбирлар билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно қилинган. Шундай экан, фуқаролар жамоат жойларида юзни тўсиш билан боғлиқ қонунчилик талабларини билиши ва уларга риоя қилиши зарур. 

Зиёвуддин Намозов,
журналист

Улашиш: