Ҳуқуқ
15.02.2025
277
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ назоратни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.02.2024 йилдаги 101-сон қарори билан Жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисида низом тасдиқланди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлган ва 18 ёшга тўлган экология назоратчиси бўлиш истагини билдирган жисмоний шахс экология назоратчиси сифатида давлат экологик назоратини амалга оширувчи органларга жамоатчилик асосида ихтиёрий ёрдам беришлари мумкин. Албатта, номзодлар белгиланган тартибда танловлардан ўтгандан сўнг, номзодларга вазирликнинг тегишли ҳудудий органлари томонидан ўн иш кунида сертификат ҳамда вазирнинг электрон рақамли имзоси (QR-код) билан тасдиқланган экология назоратчиси гувоҳномаси берилади ва фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади.
Низомга кўра, Экология назоратчиси қуйидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаганда, ҳуқуқбузарлик бўйича далолатнома расмийлаштиради:
— қаттиқ маиший, саноат, қурилиш ва бошқа чиқиндиларни белгиланмаган жойларга жойлаштириш, ташлаш ва оқизиш;
— чиқиндиларни ёқиб юбориш ва бошқача ҳолатда атмосфера ҳавосини ифлослантириш;
— автотранспорт воситаларини очиқ сув ҳавзалари (канал, коллектор, ариқлар) яқинида ювиш ҳамда оқова сувларни ушбу ҳавзага оқизиш;
— дарёлар, сойлар ва каналларнинг муҳофаза зоналарида қум-шағал материалларини қазиб олиш жараёнини рухсатсиз ёки белгиланмаган жойда амалга ошириш;
— жисмоний ва юридик шахслар фаолиятидан ҳосил бўлган оқова сувларни белгиланмаган жойларга оқизиш;
— овчилик ва балиқчилик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар томонидан ов қилиш қоидалари бузилиши, ов ҳудудидан чиқиб кетилиши, ҳайвонлар рухсатномасиз овланиши, шунингдек, ов қуроли рухсатномаси мавжуд эмаслилиги;
— ерни оқова сувлар ва чиқиндилар билан ифлослантириш;
— дарахтларни ноқонуний кесиш, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни ноқонуний йиғиш ва бошқа турдаги ўсимлик дунёсини йўқ қилишга олиб келадиган ҳолатлар.
Ўз навбатида экология назоратчиси фаолиятини молиялаштириш ва рағбатлантириш масалалари талабгорлар учун қизиқ ва бу ушбу низом билан белгиланган. Экология назоратчиси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги ҳолатларини аниқлаши ва зарур чоралар кўриши натижаларига кўра Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан пул мукофотлари билан қуйидаги тартибда рағбатлантирилади:
— дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича — ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида;
— экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги бошқа ҳуқуқбузарлик бўйича — ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг ўн беш фоизи миқдорида. Бунда ўн беш фоиз жарима миқдорининг беш фоизи Давлат экологик назорат инспекцияси инспекторини рағбатлантириш учун йўналтирилади.
Шунга алоҳида эътибор қаратиш лозимки, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун ундирилган жарима суд қарорига асосан бекор қилинганда, экология назоратчисини ҳамда Давлат экологик назорат инспекцияси инспекторини рағбатлантириш учун йўналтирилган маблағлар Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Бехрўз Жўраев,
“Адолат” миллий ҳуқуқий
ахборот маркази ходими
Улашиш:
Бошқалар
Шахсга доир маълумотлар ҳақида билишингиз керак бўлган 5 та факт
Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш фуқароларга БҲМнинг 7 баравари, мансабдор шахсларга эса – 50 баравари миқдорида маъмурий жарима солишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон транспорт-логистика тизимида янги босқич бошланади
Сўнгги етти йилда маҳаллий ташувчиларни қўллаб-қувватлаш натижасида юк автомобиллари сони 7 карра ошиб, 26 мингга етган. Уларнинг халқаро ташишдаги улуши эса 35 фоиздан 60 фоизга ошган. Ушбу давр мобайнида халқаро юк ташувлари ҳажми деярли 2 баробарга ўсиб, 2024 йилда 59,7 млн тоннани ташкил этган.
Мулкдор бўлмаган шахс кўчмас мол-мулкка эгалик ҳуқуқини олиши мумкинми?
Фуқаролик кодексининг 187-моддасига кўра, мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади.
Уй-жойни ижарага олувчининг қандай муҳим ҳуқуқ ва мажбуриятлари мавжуд?
Уй-жойни ижарага бериш шартномасига биноан ижарага берувчи, яъни уй-жойнинг мулкдори ёки у ваколат берган шахс ижарага олувчига уй-жойда яшаш учун уни ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланишга топшириш мажбуриятини олади.