currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларЗўравонлик шахсий масала эмас...

Зўравонлик шахсий масала эмас...

Ҳуқуқ

calendar

16.11.2026

eye

51

Зўравонлик шахсий масала эмас...

Зўравонлик фақат жисмоний тазйиқ билан чекланмайди. Доимий ҳақорат ва таҳдид, телефон ва ҳаракатни назорат қилиш, пул ва ҳужжатлардан маҳрум қилиш, ишлашга йўл қўймаслик каби ҳолатлар ҳам қонунда руҳий, иқтисодий ва жинсий зўравонлик сифатида эътироф этилган. Бу жабрланувчиларга ҳар қандай кўринишдаги тазйиқдан ҳимояланиш имконини беради. Зўравонликнинг олдини олиш эса нафақат аёллар, балки болалар, яъни келажак авлоднинг соғлом муҳитда улғайиши учун ҳам муҳимдир.

Узоқ йиллар устун бўлиб келган “оиланинг гапи оилада қолсин” деган қараш ўрнини бугун “зўравонлик – шахсий масала эмас, ҳуқуқбузарлик” деган тамойил эгалламоқда.

 

Бугунги кунда зўравонликнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда хавфсиз муҳитни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ўзбекистонда сўнгги йилларда бу борада амалга оширилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Илгари тўрт девор ичида қолиб кетган муаммолар энди очиқ айтилмоқда, ҳар бир мурожаат эса қонун доирасида ўз ечимини топмоқда.

2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 107 167 та ҳимоя ордери расмийлаштирилди. Бу рақам аёлларнинг давлат ҳимоясига бўлган ишончи ортиб бораётганини кўрсатади, албатта.

 

Ҳимоя ордерининг муддати узайтирилади

2019 йилда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши бу масалани биринчи марта давлат сиёсати даражасига кўтарди ва мамлакатимизда ҳимоя ордери институтини жорий этди.

2023 йил 11 апрелдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан оилавий зўравонлик алоҳида ҳуқуқбузарлик ва жиноят сифатида белгиланди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси бўйича 20 БҲМгача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ, такрорий ва оғир ҳолатлар учун эса Жиноят кодексининг 126-1-моддаси бўйича 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилди. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тартиби жорий этилиб, жабрланувчилар хавфсизлиги узоқроқ муддат таъминланадиган бўлди.

Жабрланувчиларга ҳимоя ордери талаб этилмасдан ижтимоий, психологик ва юридик ёрдам кўрсатиш тартиби йўлга қўйилди. Туман шифохоналарида бирламчи ёрдам хоналари ташкил этилди. 1146 қисқа рақами орқали зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш имконияти яратилди.

Профилактика инспекторлари томонидан ҳимоя ордерини ўз ташаббуси билан бериш тартиби жорий этилди. Болаларга нисбатан оилавий зўравонлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланди. Никоҳдан ажратишда эса, жабрланувчининг талабига кўра ярашиш муддати берилмайдиган бўлди.

Президентимизнинг 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги фармони билан ҳимоя механизмлари янада кенгайтирилди. Реабилитация марказларига жабрланувчилар манфаатларини судда ҳимоя қилиш ваколати берилди. Жабрланувчиларга давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатилмоқда, улар махсус марказларда олти ойгача яшаш ҳуқуқига эга бўлди.

Зўравонликка гувоҳ бўлган болаларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларнинг кўрсатувларини видеоёзувга олиш ҳамда хавф остидаги болалар учун профессионал тутинган оила хизматини жорий этиш чоралари кўрилди.

Етти йил ичида ҳуқуқий база тубдан янгиланди ва халқаро стандартларга яқинлашди. Энди жабрланувчи ёлғиз эмас: унинг ёнида қонун, давлат ва жамият турибди.

 

Жиноят жазосиз қолмайди

Қабул қилинган нормалар амалиётда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Биргина 2024 йилнинг 10 ойида оилавий зўравонлик учун 15 826 киши жавобгарликка тортилди. Бу зўравонлик жазосиз қолмаслигини, ҳар бир ҳолатга қонун доирасида муносабат билдирилаётганини кўрсатади.

Суд амалиётидаги ишлар ҳам буни тасдиқлайди. Тошкентнинг Яшнобод туманида хотинини тўйга юбормаслик учун ертўлага қамаб қўйган собиқ ҳарбий суд томонидан 3 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Қарши шаҳрида ҳимоя ордери талабларини бузиб, хотинига яна қўл кўтарган шахсга нисбатан зудлик билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳимоя ордери талабларини бузиш оқибатсиз қолмаслигини кўрсатади.

Энг оғир жиноятларга эса қатъий жазо тайинланмоқда. Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида ҳомиладор хотинини калтаклаб ўлдирган шахс Жиноят кодексининг 126-1-моддаси саккизинчи қисми бўйича 12 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

 

Қонун барчага баробар

Қонун олдида ҳамма тенг. Фарғонада эрига тан жароҳати етказган аёл 8,24 млн сўм жаримага тортилди. Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида эрига оғир тан жароҳати етказган аёл эса, 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ишлар оилавий зўравонликка қарши кураш бутун оила хавфсизлигини таъминлашга қаратилганини тасдиқлайди.

Зўравонлик кимдан содир бўлишидан қатъи назар, жавобгарлик муқаррар – бу қонун устуворлигининг энг аниқ ифодасидир.

 

Ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Президент фармони асосида жабрланувчилар учун “СОС” мобил иловаси амалиётга татбиқ этилмоқда, оилавий зўравонлик ишлари бўйича ихтисослашган терговчи ва судьялар тайёрланмоқда.

Мақсад – жабрланувчига ёрдамни янада тезкор етказиш, зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ва ҳар бир оилада соғлом, хавфсиз муҳитни қарор топтиришдир. Бунда жамиятнинг ҳар бир аъзоси – маҳалла, қўшни, яқинлар ва фуқароларнинг фаоллиги муҳим аҳамиятга эга.

М. НУРМУҲАММЕДОВ,

Адлия вазирлиги масъул ходими

Улашиш: