currencies image

12 314,71 UZS

60,44

usd

currencies image

14 579,39 UZS

62,98

eur

currencies image

148,26 UZS

0,37

ru



АсосийЯнгиликлар16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган фарзанди бор ходимларга меҳнат қонунчилигида қандай имтиёзлар мавжуд?

16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган фарзанди бор ходимларга меҳнат қонунчилигида қандай имтиёзлар мавжуд?

Ҳуқуқ

calendar

07.03.2025

eye

270

16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган фарзанди бор ходимларга меҳнат қонунчилигида қандай имтиёзлар мавжуд?

Меҳнат қонунчилигида айрим тоифадаги ходимларга улар меҳнатининг шарт-шароитлари ва хусусияти, ўзига хосликлари, шунингдек оилавий вазифаларнинг мавжудлигига ҳамда бошқа объектив ҳолатларга асосан имтиёзлар тақдим этилади. Хусусан, ногиронлиги бўлган фарзанди бор шахсларга қўшимча таътиллар, дам олиш кунлари бериш билан боғлиқ бир қанча кафолатлар кўзда тутилган. Қуйида улар билан батафсил танишиб чиқишингиз мумкин:

 1. Тўлиқсиз иш вақти белгиланади

16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирига, шунингдек ота-она ўрнини босувчи шахсга унинг илтимосига кўра тўлиқсиз иш вақти белгиланиши шарт. Улар тўлиқсиз иш вақти белгилаш учун иш берувчига тиббий хулоса тақдим этишлари лозим.

Тўлиқсиз иш вақти ходим учун қулай бўлган муддатга белгиланади. Бироқ мазкур муддат тўлиқсиз иш вақтини мажбурий равишда белгилаш учун асос бўлган ҳолатлар мавжуд бўлган даврдан ортиқ бўлмаслиги лозим. Ходимнинг иш сменаси давомийлиги, ишнинг бошланиш ва тугаш вақти, ишдаги танаффуслар вақти эса ушбу иш берувчидаги ишлаб чиқариш шароитлари ҳисобга олинган ҳолда ходимнинг истакларига мувофиқ белгиланади.

Тўлиқсиз иш вақти шартларида ишлаганда ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш у ишлаб берган вақтга мутаносиб равишда ёки у бажарган ишнинг ҳажмига қараб амалга оширилади.

Тўлиқсиз иш вақти шартларида ишлаш ходимлар учун ҳар йилги асосий меҳнат таътили давомийлигининг, меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришнинг ва бошқа меҳнат ҳуқуқларининг бирор-бир чекланишларига сабаб бўлмайди.

2. Тўрт календарь кун ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади

Мазкур тоифадаги шахсларга ҳар йили давомийлиги камида тўрт календарь кун бўлган ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.

Мазкур таътил йиллик меҳнат таътилига қўшиб берилиши ёки иш берувчи билан келишиб белгиланадиган даврда ушбу таътилдан алоҳида (тўлиқ ёхуд қисмларга бўлиб), лекин фақат тегишли иш йили давомида фойдаланилиши мумкин. Бироқ, ушбу таътилни кейинги иш йилига кўчиришга ёки уни пулли компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди.

3. 14 календарь кунгача иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил олиши мумкин

16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирига ёки ота-она ўрнини босувчи шахсга, уларнинг хоҳишига кўра, ҳар йили иш ҳақи сақланмаган ҳолда давомийлиги ўн тўрт календарь кунгача бўлган таътил берилади.

4. Биринчи иш йили учун меҳнат таътилини олти ой ишламасдан туриб ҳам олиши мумкин

Умумий қоидага кўра, биринчи иш йили учун ҳар йилги меҳнат таътилидан фойдаланиш ҳуқуқи ходимда у ушбу иш берувчида узлуксиз ишлаган олти ой ўтганидан кейин юзага келади. Бироқ, ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган шахсларга, ходимнинг хоҳишига кўра, олти ой ўтгунига қадар ҳам ҳар йилги меҳнат таътили берилади. Кейинги иш йиллари учун ҳам ҳар йилги меҳнат таътили уларга қулай бўлган вақтда берилиши лозим.

5. Ҳар ой қўшимча дам олиш куни берилади

16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани тарбиялаётган ота-онадан бирига ёки ота-она ўрнини босувчи шахсга ойига қўшимча бир дам олиш куни берилади. Мазкур дам олиш куни учун давлат ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан бир кунлик иш ҳақи миқдорида нафақа тўланади.

6. Тунги ишларга фақат ёзма розилиги асосида жалб этилиши мумкин

Мазкур шахслар тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга, хизмат сафарига фақат ўз ёзма розилиги билан жалб қилиниши мумкин.

Бунда иш берувчи мазкур ходимларни тунги ишлардан, иш вақтидан ташқари ишлардан, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишлардан ёки хизмат сафаридан воз кечиш борасидаги ҳуқуқи тўғрисида хабардор қилиши шарт.

 

Наргиза Шарипова,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот
маркази масъул ходими

Улашиш: