currencies image

11 802,19 UZS

7,63

usd

currencies image

13 527,67 UZS

41,81

eur

currencies image

139,87 UZS

0,81

ru



АсосийЯнгиликлар5 йил — таълим, 1 йил — амалиёт: шифокорлар тайёрлашда янги тизим

5 йил — таълим, 1 йил — амалиёт: шифокорлар тайёрлашда янги тизим

Ҳуқуқ

calendar

22.09.2026

eye

43

5 йил — таълим, 1 йил — амалиёт: шифокорлар тайёрлашда янги тизим

Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими тубдан ўзгармоқда. Президентнинг 2026 йил 10 сентябрдаги ПФ-191-сон Фармони билан назарий билим билан бир қаторда амалий кўникмаларга эга, замонавий талабларга жавоб берадиган тиббиёт кадрларини тайёрлашга қаратилган янги тизим белгиланди.

Унга кўра, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб «Даволаш иши» йўналиши бўйича «Умумий тиббиёт» бакалавриатининг олти йиллик таълим дастури жорий этилади. Бунда дастлабки беш йилда талабалар асосий назарий ва амалий билимларни эгалласа, олтинчи йилни тўлиқ амалиётда ўтказади. Кейинчалик «5+1» тамойили бакалавриатнинг бошқа тиббиёт йўналишларига ҳам босқичма-босқич татбиқ этилади.

Янги тизимда «Умумий тиббиёт» бакалавриатини тамомлаган битирувчиларга умумий амалиёт шифокори малакаси берилади. Бу уларга оилавий шифокор сифатида фаолият юритиш имконини беради.

Тор мутахассисликдаги шифокорларни тайёрлаш тизими ҳам ўзгаради. 2026/2027 ўқув йилидан оилавий тиббиёт бўйича резидентура ташкил этилади. 2027/2028 ўқув йилидан эса тор ихтисосликдаги шифокорларни тайёрлаш тўлиқ резидентура орқали амалга оширилади. Шу билан клиник ординатурада ўқитиш амалиёти бекор қилинади.

Давлат резидентурасида грант асосида таҳсил олаётганларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,15 баравари миқдорида стипендия тўланади. Резидентура дастурини муваффақиятли якунлаганларга Миллий малака рамкасининг 7-даражасига мос келадиган давлат дипломи берилади.

Тиббиёт магистратурасида ҳам йўналиш ўзгаради. Энди магистратура орқали тор ихтисосликдаги шифокорларни тайёрлаш амалиётидан босқичма-босқич воз кечилиб, магистратура асосан илмий-педагогик ва бошқарув кадрларини тайёрлашга йўналтирилади.

Тиббиёт соҳасида таълим сифатига қўйиладиган талаблар ҳам кучайтирилади. Тиббиёт ва фармацевтика бакалавриат таълим йўналишларига қабул қилишнинг минимал чегараси максимал баллнинг 60 фоизи этиб белгиланади. Ўқув модуллари ва давлат имтиҳонларини ўзлаштиришнинг энг кам натижаси шифокорлик мутахассисликлари учун 70 фоизни, ўрта тиббиёт ходимлари учун эса 60 фоизни ташкил этади.

2027/2028 ўқув йилидан тиббий кузатув йўналишлари ҳам жорий этилади. Ушбу йўналишни тамомлаган аёлларга «тиббиёт ҳамшираси», эркакларга эса «тиббиёт оғаси» малакаси берилади. Бу йўналиш бўйича давлат буюртмаси миқдори 2030/2031 ўқув йилига қадар ҳар йили камида 20 фоизга ошириб борилади.

Янги тизим тиббиёт ходимларининг малакасини оширишни рағбатлантиришни ҳам назарда тутади. 2027 йил 1 январдан тиббиёт, фармацевтика ва педагог ходимларнинг базавий тариф ставкаси ёки лавозим маошига қўшимча ҳар ойлик устамалар белгиланади. Жумладан, бакалавриатни тамомлаган тиббиёт ҳамширалари ва ҳамшираларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — 1 баравар, магистратурани тамомлаган тиббиёт ҳамширалари ва тиббий ходимларга — 2 баравар миқдорида устама тўланади. Оилавий тиббиёт бўйича резидентурани тамомлаган оилавий шифокорлар ҳамда ушбу йўналиш бўйича магистратурани тамомлаган педагог кадрларга эса меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади.

Шу тариқа, тиббиёт таълимида асосий эътибор фақат диплом олишга эмас, балки талабанинг амалиётда мустақил ишлай олиши, зарур касбий кўникмаларни эгаллаши ва кейинчалик аниқ мутахассислик бўйича резидентурада тайёргарликдан ўтишига қаратилади.

Улашиш: