Ўзбекистон
01.10.2023
980
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни. Ушбу кун муносабати билан “Hudud24.uz” нашри ўқитувчилар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ҳақида маълумот бериб ўтади. 1. Меҳнат ҳуқуқи билан боғлиқ имтиёзлар 1 октябрь “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” этиб белгиланган ҳамда ушбу кун байрам (дам олиш) куни ҳисобланади. Болаларга таълим-тарбия берадиган барча педагог ходимлар доимий равишда бепул тиббий кўрикдан ўтказилади. Педагоглар учун 56 кунлик йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган таътиллар берилади. Педагоглар ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига кўпи билан 36 соат қилиб белгиланади. 2. Ўқитувчиларга ҳар ойлик қўшимча устама берилади Мактаб ўқитувчиларига фаолиятни баҳолаш мезонлари асосида 10 фоиздан 40 фоизгача, кутубхоначи ва психологларга 10 фоиздан 20 фоизгача устама белгиланади. Мазкур устама ҳар ойда тўланади. Мактабда ўқув-тарбия сифатини яхшилаш, фанлараро интеграцияни кучайтириш, таълим ва тарбия жараёнини замонавий педагогик технологиялар асосида ташкил этиш, STEAM ёндашувини самарали татбиқ этишда фаол бўлган ўқитувчиларга юқоридаги устамадан ташқари 10 фоиз ҳар ойлик устама ҳақ белгиланиши мумкин. Мактаб ходимлари 1 октябрь байрам муносабати билан МҲТЭКМнинг 50 фоизигача (490 минг сўмгача) мукофотланади. 3. Фан олимпиадаси ғолибини тайёрлаган ўқитувчилар рағбатлантирилади Халқаро математика, физика, кимё, биология, информатика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва директорларга олтин, кумуш ва бронза медалларига қараб қўшимча 200, 175 ва 150 фоизлик устама ҳақ тўланади. Мактаблардан Президент мактабларига танлов асосида қабул қилинган ҳар бир ўқувчи учун тегишли фан ўқитувчисига базавий ойлигининг икки баравари миқдорида 1 марталик мукофот пули берилади. 4. Ўқитувчилар касал бўлиб қолганида моддий ёрдам берилади Мактаб ходимларига ўзи ва яқин қариндоши (отаси, онаси, турмуш ўртоғи, фарзанди) вафот этганда, оғир касалликка чалинганда, ходим табиий офатдан зарар кўрганда 1 йилда базавий ойлигининг икки бараваригача миқдорда моддий ёрдам берилади. 5. Олимпиада ғолиби бўлган ўқитувчиларга 150 фоизгача устама берилади Мактаблар, академик лицейлар ва касб-ҳунар мактабларида ўқитувчи бўлиб ишлаётган нуфузли халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоиз миқдорида устама тўланади. Ўзи дарс берадиган фани бўйича халқаро тан олинган ва миллий сертификатга эга бўлган ўқитувчиларга уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама тўланади. 6. “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови ғолиби бўлган мактабга ярим миллиард сўм берилади Инглиз, немис, француз тиллари ўқитиладилан мактабларда ҳар йили Президент соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови ўтказилади. Танловнинг ҳар бир яъни туман, ҳудуд ва республика босчиқларида ғолиб бўлган ҳар бир мактабга пуллик мукофот берилади. Хусусан, республика босқичида 1-ўринга – 500 млн сўм, 2-ўринга – 400 млн сўм, 3-ўринга – 300 млн сўм берилади. Ушуб пулларнинг 25 фоизи танловда ғолиб бўлишга ҳисса қўшган ўқитувчиларни рағбатлантириш учун йўналтирилади. 7. Инклюзив синф ўқитувчиларига 40 фоизгача устама берилади Мактаблардаги инклюзив таълим синфлари ўқитувчиларига ойлик устама ҳақи синфдаги алоҳида эҳтиёжлари бўлган: – бир нафар бола учун лавозим маошининг 10 фоизи; – 2 нафар бола учун лавозим маошининг 20 фоизи; – 3 нафар бола учун лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида – 2 ва ундан ортиқ инклюзив таълим синфларида 4 нафар ва ундан ортиқ бола бўлганда лавозим маошининг 40 фоизи миқдорида белгиланади. 8. Олис ҳудудларда дарс бераётган ўқитувчиларга 50 фоизгача устама берилади Олис ҳудудларда жойлашган мактабларда бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган ўқитувчиларга иш стажидан келиб чиқиб қуйидаги устамалар берилади: 6 ойдан-3 йилгача – 10 фоиз 3 йилдан-5 йилгача – 20 фоиз; 5 йилдан-10 йилгача – 30 фоиз; 10 йилдан-15 йилгача – 40 фоиз; 15 йилдан ортиқ – 50 фоиз. Қишлоқ жойлардаги мактабларда жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳамда тренер бўлиб ишлаётган аёлларнинг тариф ставкаларига ҳар ойда 15 фоиз миқдорда устама ҳақ белгиланади. Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда (бундай мактаблар таълим вазирлиги сайтида эълон қилинади) дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига қуйидаги махсус устамалар берилади: бир вилоятда бошқа туман ва шаҳарлардан келиб ишлаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз; бошқа вилоятдан келиб ишлаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз. 9. Кўп йиллик стажга эга педагоглар мажбурий аттестацияга жалб қилинмайди Боғча, мактаб, техникум, академик лицей ва коллежларнинг қуйидаги педагоглари навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайди: фан номзоди, фалсафа доктори ёки фан доктори даражасига ҳамда Олий аттестация комиссияси берган катта илмий ходим, доцент ва профессор унвонига эга бўлганлар; олий малака тоифани 15 йил сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга бўлганлар; 25 йил ва ундан кўп иш стажига эга педагоглар; пенсия ёшига 5 йилдан кўп вақт қолмаган педагоглар, пенсия ёшига тўлганлар; уч йилдан кам стажга эга педагоглар; ҳомиладорлик даврида, ҳомиладорлик таътили ва бола парваришлаш таътилида бўлганда ҳамда улар ишга чиққанидан кейин бир йил давомида; уч ёшгача болалари бор аёллар; уч ойдан ортиқ даволанишни ўтаётганлар ҳамда ишга чиққанидан кейин олти ой давомида; республика ва чет эл давлатларига ўқишга, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига юборилганлар; захирага олинган иш ўринларига жойлаштирилган педагоглар, бу иш жойларига қабул қилинган кундан уч йил давомида. Мазкур педагоглар ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестациядан ўтишлари мумкин. Ўз хоҳишига кўра аттестацияда қатнашиб, малака тоифасини оширган ёки сақлаб қолган педагогларга оширилган ёки сақлаб қолинган малака тоифаси бўйича ҳақ тўланади. Ўз хоҳишига кўра аттестацияда қатнашиб, аттестациядан ўта олмаган педагог кадрларнинг малака тоифаси туширилмайди ҳамда уларга навбатдан ташқари аттестацияда қатнашишдан олдинги малака тоифаси бўйича ҳақ тўланади. 10. Халқаро фан олимпиадаларини тайёрлаган ўқитувчиларга малака тоифаси аттестациясиз берилади Қуйидаги педагогларга малака тоифаси тўғридан-тўғри аттестациядан ўтказилмасдан берилади: а) Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасдиқлайдиган спорт мусобақаларининг ҳамда бошқа спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг: туман (шаҳар) ғолибини тайёрлаган жисмоний тарбия педагогларига ҳамда – 2-малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими); ҳудудий босқич ғолибини (1-ўрин) тайёрлаган жисмоний тарбия педагогларига – 1-малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими); халқаро ҳамда республика босқичи ғолиби ва совриндорларини (1 – 3-ўрин) тайёрлаган жисмоний тарбия педагогларига – олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими); б) жисмоний тарбия фан олимпиадасининг, “Беш ташаббус олимпиадаси”, олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли умумреспублика спорт мусобақаларининг: туман (шаҳар) босқичи ғолиби ва совриндорларини (1 – 3-ўрин) тайёрлаган мактабларнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига – 2-малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими); ҳудудий босқич ғолиби ва совриндорларини (1 – 3-ўрин) тайёрлаган мактабларнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига – 1-малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими); халқаро ҳамда республика (финал) босқичи ғолиби ва совриндорларини (1 – 3-ўрин) тайёрлаган мактабларнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига – олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими); г) халқаро математика, физика, кимё, биология, информатика олимпиадаларида олтин, кумуш ёки бронза медаль совриндорларини тайёрлаган педагогларга – олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими); д) олий малака тоифасини 15 йил сақлаб келган ва узлуксиз иш стажига эга бўлган педагогларга – олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими). 11. Республика фан олимпиадаси ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар малака тоифаси бир поғона оширилади Қуйидаги педагогларнинг малака тоифаси бир поғонага оширилади: давлат мукофотлари билан тақдирланган педагоглар; “Устоз” миллий мукофоти ғолиблари; Worldskills мусобақалари совриндорларини тайёрлаганлар; республика миқёсидаги фан олимпиадалари ва кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаганлар. 12. Ўқитувчилар фаолиятига аралашиш жавобгарликка сабаб бўлади Педагогларнинг фаолиятига аралашиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади ҳамда фуқароларга БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари (райОНО) мактаблар фаолиятини текшириши ва таълим сифатини баҳолаши тақиқланади. Директорлар ўз ўринбосарларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, умумий соатлар доирасида ўқув режаларига 15 фоизгача ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга. Ҳурматли, ўқитувчи ва мураббийлар қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланишда тўсиқларга учрасангиз, туман (шаҳар) адлия бўлимлари, 1008 ишонч телефони орқали ҳуқуқий ёрдам олишингиз мумкин.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
200 нафар ўзбекистонлик ўқитувчи Францияда стажировка ўтайди
Улар йил якунига қадар Франциянинг нуфузли олийгоҳларига юборилади.
Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилди
Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-921-сон, 15.03.2024 й.) билан айрим кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
Пенсиялар тайинлаш, беморларга бепул дори воситалари, тадбиркорларга 50 млн.гача гаровсиз кредитлар – 2024 йил 1 январдан нималар ўзгарди?
Маданият ва санъат, кутубхона ва музейлар соҳасида фаолият олиб бораётган ходимларнинг ойликлари оширилади
Миллий сертификатга эга бўлган “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланади.