Ўзбекистон
05.07.2021
611
Мамлакатимизда айни дамларда заҳматкаш деҳқоннинг пешона тери эвазига етиштирилган ғалла хирмонга йиғилмоқда. Шундай пайтда, фермерлар ҳосилининг давлат режасидан ортиқча қисмини ҳам тортиб олиш ҳолатлари, шунингдек, эгасининг розилигисиз омборидан ҳосилни олиб чиқиб кетаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Шу ўринда, Адлия вазирлиги қонунларни менсимасдан фермернинг режадан ортиқча ғалласини тортиб олаётган айрим мансабдор шахсларга амалдаги қонунчиликни эслатиб, уларга нисбатан жавобгарлик белгиланганлиги ҳақида огоҳлантиради. Биринчидан, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга кўра фермер етиштирган маҳсулот унинг мулкидир ва у давлат ҳимоясида. Конституциянинг 53-моддасига кўра хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Худди шундай, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”ги, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонунларда ҳам тадбиркор ҳисобланган фермерларнинг мулки давлат томонидан ҳимояланиши кўрсатилган бўлиб, фермерларнинг мулкий ҳуқуқларини бузган шахсларга нисбатан маъмурий (9,8 млн. сўмдан 19,6 млн. сўмгача жарима) ва жиноий (7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) жавобгарлик белгиланган. Иккинчидан, режадан ортиқча ғаллани олиш мақсадида фуқароларнинг уй-жойларига уларнинг рухсатисиз кириш Конституциянинг 27-моддасига тўғридан-тўғри зид келади ва айбдор Жиноят кодексининг 142-моддасига кўра 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Учинчидан, Фуқаролик кодексининг 354-моддасига асосан, фермерлар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди. “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга кўра фермерлар давлат эҳтиёжлари учун етиштирган ҳосилни контрактация шартномаларида назарда тутилган ҳажмларда етказиб беришга мажбурдир. Контрактация шартномаларида назарда тутилган мажбуриятдан ортиқ ҳажмда маҳсулот талаб қилиш қонунчилик ҳужжатларига зид ҳисобланади. Шартномавий муносабатлар бўйича вужудга келган низолар фақат ўзаро ёки суд тартибида ҳал этилиши лозим. Бундай ҳолатларда зўравонлик ишлатиш ёки ўзгача усулда ноқонуний мажбурлаш — қонунбузилиш ҳисобланади ва жавобгарликни келтириб чиқаради. Адлия вазирлиги тегишли мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларини қонунларни ҳурмат қилишга ҳамда фермерлар ҳуқуқларини бузмасликка чақиради. Қонунни менсимаган ва фермерларнинг ҳуқуқларини бузган ҳар қандай шахс жавобгарликка тортилиши ҳақида яна бир маротаба огоҳлантирамиз. Ҳурматли фермерлар, ҳуқуқингиз бузилган ҳар қандай ҳолатда, зудлик билан адлия органларига — “1008” телефон рақамига ёки @fermergamadadbot телеграм орқали мурожаат қилинг. Ҳуқуқларингиз ҳимояда! Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Улашиш:
Бошқалар
1-синфга қабул бошланди: ота-оналар учун муҳим 10 савол ва жавоб
Болаларни 1-синфга қабул қилиш фақат онлайн амалга ошириладими?
Тиббиётда дунёвийлик – инсон саломатлиги учун муҳим
Тиббиёт одамларнинг умрини узайтириш, оғриқларини тўхтатиш учун ҳаракат қилади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби
Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси жиноят иши судга келган пайтдан эътиборан ўн суткадан кечиктирмай ўтказилади.
Уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш, турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш учун муҳим қоидалар
Улушдорнинг объектга бўлган мулк ҳуқуқи кадастр органлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади.
Энди аҳоли ҳимояга муҳтож мозаикалар ҳақида хабар бериши мумкин
Аввалроқ, деворларда ишланган мозаикалар мозаика композициялари маданий мерос рўйхатига киритилганди.
Жисмоний шахслар ЯТТ сифатида таксичилик қилганда қанча солиқ тўлайди?
Андижон туманида ҳомиладор аёлга нисбатан содир этилган зўравонлик жинояти ички ишлар вазирининг шахсан назоратида