Ўзбекистон
25.05.2023
1 721

Адлия вазири Акбар Тошқулов битирувчиларга ўзининг тилак ва маслаҳатларини улашди. 1. Ўзингизни битирувчи деб тасаввур қилсангиз, ўзингизга нималарни маслаҳат берардингиз? Албатта, ўзимни ривожлантиришни. Битирувчилик — бу ҳаётнинг муҳим нуқтаси, балки илк муҳим қарорни бериш, келажакка таъсир ўтказувчи қарорлар қабул қилиш палласидир. Энг биринчи навбатда мақсадни аниқ қўйиб олиш, йўналишни белгилаш ва шу йўлда ўзини ўзи ривожлантириб боришни маслаҳат берган бўлардим. Шахснинг ўсиши ва муваффақиятлари энг аввало унинг ўзига керак, бундан кейин ҳар қандай натижа фақат ўзини ривожлантириб, ўз устида ишлаш, тинимсиз ва муттасил меҳнат ортидан келишини тушунишингиз лозим. 2. Янги авлод вакиллари қандай учта муҳим хислатларга эга бўлишлари керак? Биринчи, коммуникабеллик. Ҳаётда мулоқотга очиқлик ва мулоқотни тўғри йўлга қўйиш кўп нарсани ҳал қилади. Чунки инсон ижтимоий мавжудот, ҳар бир ишимизнинг натижаси барибир яна кимларгадир, улар билан муносабатларимиз ва мулоқотларимизга боғлиқ. Шунинг учун билим олиш, ақлли бўлиш билан бир қаторда ривожланиш коммуникабеллик ортидан келишини ҳам ҳисобга олиш керак. Иккинчи, олдинга интилиш, энтузиазм. Шижоат, мақсадга томон жон-жаҳди билан интилиш тўсиқларни енгиб ўтишга ва янгиликлар яратиш учун жуда зарур, бусиз ривожланишни тасаввур қилиб бўлмайди. Учинчи, билим ва профессионализм. Ўз ишини яхши билиши, профессионал бўлиши муҳим, чунки буларсиз ривожланиб бўлмаслиги билан бир қаторда малакасизлик, уқувсизлик, билимсизлик шахснинг ўзига ва жамиятга катта зарар келтиради. 3. 2022-2023 ўқув йили битирувчиларига маслаҳат ва тилакларингиз. Муваффақият фақат олий маълумотга ва дипломга боғлиқ эмас, шуни унутмаслик керак. Бугун замон бошқача талабларни қўймоқда. “Skill”ларни фақат университетлар беради деган ишонч хато. Университет муҳит яратади, кичик экотизим ҳосил қилади, бу мутахассиснинг шаклланишига ёрдам беради. Бироқ худди шу натижага курслар, тренинглар ҳам олиб келиши мумкин. Керакли малака ва билимларга эга бўлиш ҳамда тўғри касб танлаш — энг муҳими. Касб танлашда технологиялар ривожини ҳисобга олиш зарур. Шундай соҳалар борки, улар йўқолиб кетяпти ёки яқин келажакда йўқолиб кетиши мумкин. Масалан, рақамли банкинг, сунъий интеллект ривожланиши туфайли кассирлик, банк; онлайн савдолар ривожи сабаб сотувчиликка эҳтиёж камайиб, трейдерлик, етказма хизмати, SММ, IT муҳандисликка эса эҳтиёж ортиб бормоқда. Олайлик, 10 йилдан кейин мен танлаган касбга талаб тушиб кетса, яна нима қила оламан деган саволга ҳам жавоб ўйлаб қўйиш керак.
Улашиш:
Бошқалар
Маъмурий жазони қўллаш, энг енгил жазони қўллаш асослари: муҳим 6 саволга жавоб
Маъмурий жазони қўллашда содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, унинг айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинади.
“Инсон ва қонун” – барчаси бир нашрда!
Агар шуларнинг ҳаммаси бир нашрда мужассам десак ишонасизми?
Товарнинг сотувчи жавобгар бўладиган камчиликлари...
Сотиб олувчи товарнинг камчиликлари билан боғлиқ талабларни қўйишга ҳақли.
Фуқаролар энг кўп қиладиган 7 та ҳуқуқий хато
Муҳим келишувларни ёзма шаклда расмийлаштиринг.