Life Style
01.10.2024
155
Куз фасли кириб келиши билан кўпчиликда турли сурункали касалликлар қўзғалади. Шулардан бири — аллергик ринит. Статистик маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг тахминан учдан бир қисми ушбу хасталикка чалинган.
Мазкур касаллик нима сабабдан келиб чиқади? Уни даволаш учун нималар қилиш керак?
Бу саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг отоларингология бўйича бош мутахассиси Улуғбек Эргашев жавоб берди.
— Аллергик ринит бурун шиллиқ қаватининг яллиғланиш касаллиги бўлиб, иммунитетнинг турли аллергенларга қарши ўта кучли жавоб реакцияси натижасида юзага келади, — дейди мутахассис. — Бунда тез-тез аксириш, бурин оқиши, битиши, кўзлар қизариши ва қичиши каби белгилар кузатилади. Аллергик ринитнинг келиб чиқишида ирсий мойиллик асосий омиллардан ҳисобланади.
Бу хасталик мавсумий — баҳор ва куз фаслларида авж олиши ёки сурункали, яъни йил давомида кузатилиши мумкин. Кўпинча аллергик ринит конъюнктивит, бронхиал астма, атопик дерматит каби бошқа аллергик касалликлар билан бирга кечади.
Агар хасталик аломатлари маълум ўсимликларнинг гуллаш даврига мос келса, бу мавсумий аллергик ринитга ишора қилади. Бундай ҳолат ўсимликларнинг гуллаш даври билан боғлиқ бўлмаса, аломатлар доимий тус олса ва аллергенни аниқлаш қийинчилик туғдирса, бу сурункали ринитдан далолат беради.
Шунингдек, бурун шиллиқ пардаси ҳолатини ўрганиш учун отоларинголог томонидан риноскопик текширув ўтказилиши зарур. Аниқ ташхис қўйиш учун қоннинг умумий таҳлили, бемор териси ва бурун шиллиқ қаватидан намуна олинади.
Аксарият ҳолларда енгил шаклдаги аллергик ринит антигистамин препаратлар ёрдамида даволанади. Хасталик оғир шаклда кечса, комплекс терапия белгиланади.
Агар дори воситаларига қарши кўрсатмалар ёки улар самарасиз бўлса, беморга десенсибилизация, яъни аллерген экстракти дозасини босқичма-босқич ошириб тери остига юбориш буюрилиши мумкин. Бу амалиётни бронхиал астма ва юрак-қон томир тизими касалликлари бўлган беморларда бажариш мумкин эмас.
Агар даволаш самара бермаса, бурунда доимий шиш ва нафас олишнинг қийинлашиши билан боғлиқ ҳолатларда отоларинголог кўрсатмасига кўра беморга жарроҳлик амалиёти — қуйи бурун бўшлиғининг вазотомияси белгиланиши мумкин.
Мавсумий аллергик ринит айнан кузда қўзғалишининг сабаби шундаки, бу вақтда ҳавода замбуруғ споралари, ўсимликлар чанги кўп миқдорда бўлади.
Одатда, бу хасталик инсоннинг кундалик ҳаётига жиддий таъсир қилмайди, аммо у оғир шаклда кечса, беморда уйқунинг бузилиши, иш қобилиятининг пасайиши каби аломатлар кузатилиши мумкин.
Касаллик профилактикаси учун энг самарали чора — аллергенлар билан алоқага киришишдан максимал даражада сақланиш.
Агар аллергик ринитни уй анжомлари ва жиҳозлари қўзғатса, уларни тез-тез тозалаш ва алмаштириш керак бўлади.
Қолаверса, ҳаммом ва ошхонани моғорлардан холи тутиш тавсия этилади. Шунингдек, хона ичидаги намлик даражасини камайтириб, уни 25-50 фоизгача сақлаш муҳим.
Улашиш:
Бошқалар
Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб
23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.
Иш вақти ҳақида муҳим 8 саволга жавоб
Ходимга қисқартирилган иш вақти қўлланилганда унинг иш ҳақи камайтирилмайди.
«Самосуд» учун қандай жавобгарлик бор?
Ҳар бир жамиятда барқарорлик ва ривожланиш тартиб-интизом, ҳуқуқлар ва эркинликларнинг таъминланганлиги, умуман олганда ҳуқуқлиликнинг қарор топгани билан баҳоланади. Азалий қонуният шу.
Меҳнат шартномаси бўйича нималарни билиш керак? Муҳим қоидалар
Мазмунан меҳнатга оид муносабатларни тартибга соладиган фуқаролик шартномаларини тузиш тақиқланади. Яъни фуқаролик шартномасида меҳнат муносабатларига оид шартлар кўзда тутилмаслиги лозим.