currencies image

12 780,14 UZS

11,84

usd

currencies image

13 980,20 UZS

19,34

eur

currencies image

133,11 UZS

1,96

ru



АсосийЯнгиликларФуқаролик жамияти институтлари эркин фаолият юритиши учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Фуқаролик жамияти институтлари эркин фаолият юритиши учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Ҳуқуқ

calendar

25.09.2024

eye

1 050

Фуқаролик жамияти институтлари эркин фаолият юритиши учун қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Ўзбекистонда бугунги кунда фуқаролар ҳуқуқини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа соҳаларда қарийб 10 мингта нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолият юритмоқда.

Уларнинг эркин фаолият юритиши, қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқлари таъминланиши бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда? Шу мавзуда Уза мухбири Ўзбекистон Адлия вазири Акбар Тошқулов билан шу ҳақда суҳбатлашди.

– Конституцияга кўра, жамоат бирлашмалари ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фуқаролик жамиятининг асосларини ташкил этади.

Кейинги йилларда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база яратилди. Жумладан, ушбу йўналишда 20 дан зиёд қонун, Президент ҳужжатлари ва ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Айтиб ўтиш керакки, айни пайтда тадбиркорлик ва фермерлик йўналишида 664, спорт йўналишида 1 минг 519, ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича 652, ёшлар йўналишида 650, ҳуқуқий- демократик институтларни ривожлантириш соҳасида 839, маданият, тарих ва маърифат йўналишида 564 ННТ фаолият юритмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Конституцияга мувофиқ, давлат зиммасига нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш борасида қатор мажбуриятлар юкланган. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ва жамоатчилик бошқарувини такомиллаштириш бўйича ислоҳотлар алоҳида йўналиш сифатида белгиланган.

Мазкур фармон янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг узвий ижросини таъминлашга хизмат қилади.

– Фуқаролик жамияти институтлари давлат томонидан қандай қўллаб-қувватланади?

– Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлашнинг демократик институционал тизими яратилган. Парламент ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳузурида жамоат фондлари тузилган.

Жумладан, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан кейинги етти йилда 718 миллиард сўм ажратилди (2008-2016 йилларга солиштирганда 12 баробар кўп).

Давлат ижтимоий буюртмаси танловларига таълим, тиббиёт, қурилиш ҳамда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, туризм ва спорт, миллатлараро муносабатлар, коррупцияга қарши курашиш, маданият, ОАВ ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мингдан ортиқ лойиҳа келиб тушди. Танловлар якунига кўра, 2008-2024 йиллар давомида 207 давлат ижтимоий буюртмаси 91,6 миллиард сўмга молиялаштирилди.

Кейинги 7 йилда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари доирасида ҳар бир ҳудудда “Нодавлат нотижорат ташкилотлар уйлари” ташкил этилди. Уларга 350 та ННТ бепул жойлаштирилди.

Кейинги 3 йилда ҳудудий фондлар орқали 83 миллиард сўмлик 1,6 минг лойиҳа амалга оширилди.

Мазкур ижобий тажриба эътиборга олиниб, Давлат раҳбари томонидан соҳани ривожлантиришга масъул органларнинг қатор ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қаратилган механизмлар жорий этилди.  

Жумладан, ҳар йили давлат органлари ижтимоий буюртма танловлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказади. Давлат органларига фуқаролик жамияти институтларининг ташаббусли ижтимоий шериклик лойиҳаларини базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача танловларсиз молиялаштириш ҳуқуқи берилди. Ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросига фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий шериклик асосида жалб қилиш бўйича дастур қабул қилади.

– Давлат – фуқаролар – ННТлар ҳамкорлиги қандай кучайтирилади?

– Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш учун парламент ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳузурида жамоат фондлари тузилган.

2008 йилда Олий Мажлис ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилган. Маҳаллий кенгашлар ҳузурида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари (ҳудудий фондлар) тузилган.

Ушбу фондларнинг алоҳида фаолият юритиши, фонднинг ҳудудларда вакилликлари мавжуд эмаслиги фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ягона сиёсатини амалга оширишга, лойиҳаларнинг мониторингини олиб бориш ва самарадорлигини таъминлашга тўсқинлик қилган. Мисол учун, 2022-2023 йилларда фонд томонидан грант шаклида молиялаштирилган 360 лойиҳанинг 315 таси ёки 87,5 фоизи ҳудудий нодавлат ташкилотлар лойиҳалари ҳисобланади.

Кўриниб турганидек, фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада кенгайтириш эҳтиёжи мавжуд эди. Фармон айнан шу масалага ҳуқуқий ечим бўлди.

Фармонда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилди. Эндиликда давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларига фуқаролик жамияти институти вакили раислик қилади, фаол аъзолари моддий рағбатлантирилади, “Юксалиш” ҳаракати уларнинг фаолиятини баҳолаб боради.

– Фуқаролик жамияти институтларига қандай имтиёзлар берилади?

– Ижтимоий аҳамиятга молик фаолиятни оммалаштириш мақсадида фуқаролик жамияти институтларига имтиёзлар берилади.  

Хусусан, давлат грантлари ва ижтимоий буюртма лойиҳалари доирасида даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 3 йил муддатга 50 фоизга камайтирилади. Тежалган маблағлар лойиҳа мақсадига йўналтирилади.

2025 йил 1 январдан бошлаб ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи 2 бараварга камайтирилди. Ҳомийлик ташкилотларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларига хайрия пулининг солиқ солинмайдиган миқдори амалда 15 миллион сўмдан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача оширилди.

– Фармон билан Адлия вазирлигига қандай вазифалар юклатилди?

– Жамоатчилик назорати механизмларини янада кенгайтириш юзасидан қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. Унда жамоатчилик назоратининг илғор хорижий тажрибага асосланган таъсирчан шаклларини жорий қилиш кўзда тутилади.

Жамоатчилик назоратининг ҳар бир шаклини амалга ошириш механизми ва тартиб-таомиллари, жамоатчилик назоратининг натижаларига кўра якуний ҳужжатларни расмийлаштириш, жамоатчилик назорати объектига киритиш ва уларни кўриб чиқишнинг аниқ тартиби ва муддатлари, давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини тартибга солиш кабилар ҳам назарда тутилади.

Фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган ягона электрон платформа ишга туширилади.

Платформада фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчилик томонидан танловлар йўналишларини шакллантириш ҳамда уларнинг муҳокамасида бевосита иштирок этиш, танловларда иштирок этиш учун лойиҳаларни топшириш ва давлат субсидиясини олиш учун буюртмаларни юбориш, уларни кўриб чиқиш ва баҳолаш жараёнларини кузатиб бориш, танлов иштирокчиларидан талаб этиладиган ҳужжатларни электрон платформани давлат органларининг маълумотлар базаларига интеграция қилиш орқали онлайн олиш кабилар ўрин олади.

Фармон асосида амалга оширилаётган ишлар фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга олиб чиқади.

Энг муҳими, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият бошқарувидаги бевосита иштироки учун янги имкониятлар очилади. Хусусан, ижтимоий шериклик институтини амалда ривожлантириш бўйича ташкилий ва ҳуқуқий шароитлар яратилади. Давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш таъсирчанлиги ошади.

Улашиш:

Бошқалар

19-сентябр 2024, 14:21
13 713

Уй-жой учун субсидия олиш тартиби: муҳим 7 саволга жавоб

23 сентябрдан субсидия учун аризалар қабул қилиш бошланади. Ариза берувчи ўзининг даромади етмаса, унинг хоҳишига кўра, даромадлари ҳисоб-китобига яқин қариндошларининг ҳам даромадларини киритиши мумкин.


24-сентябр 2024, 13:17
2 310

Иш вақти ҳақида муҳим 8 саволга жавоб

Ходимга қисқартирилган иш вақти қўлланилганда унинг иш ҳақи камайтирилмайди.


16-сентябр 2024, 13:10
1 491

«Самосуд» учун қандай жавобгарлик бор?

Ҳар бир жамиятда барқарорлик ва ривожланиш тартиб-интизом, ҳуқуқлар ва эркинликларнинг таъминланганлиги, умуман олганда ҳуқуқлиликнинг қарор топгани билан баҳоланади. Азалий қонуният шу.


20-сентябр 2024, 13:18
1 452

Меҳнат шартномаси бўйича нималарни билиш керак? Муҳим қоидалар

Мазмунан меҳнатга оид муносабатларни тартибга соладиган фуқаролик шартномаларини тузиш тақиқланади. Яъни фуқаролик шартномасида меҳнат муносабатларига оид шартлар кўзда тутилмаслиги лозим.