currencies image

12 700,10 UZS

7,85

usd

currencies image

14 114,89 UZS

15,42

eur

currencies image

141,25 UZS

0,30

ru



АсосийЯнгиликларАмалга ошмаган товламачилик

Амалга ошмаган товламачилик

Суд очерклари

calendar

02.02.2024

eye

218

Амалга ошмаган товламачилик

Қўқон шаҳрида яшовчи Зарифа Топволдиева(исм-шарифлари ўзгартирилган) ўзининг шаръий никоҳдаги хўжайини Отабек Давлатжонов ва фарзандликка олган 19 ёшли қизи Шоҳида Топволдиевалар билан бирга товламачиликка қўл урди.

Гарчи Отабек Шоҳидага оталик қилиб келсада, ўз отаси бўлмагани боис қиз ундан бегонасираб улғаяди. Шунинг учун бўлса керак, сўнгги пайтларда Шоҳида онаси ва ўгай отаси билан тез-тез жанжаллашиб қолаверади.

Ўша куни – 2023 йил 17 июль куни ҳам шундай бўлади. Яъни кечқурун ота-онаси билан тортишиб қолган Шоҳида зарда қилиб, уйдан чиқиб кетади. Эртаси куни эса шаҳардаги тунги клубларнинг биридан қўним топади. Лекин кўп ўтмай, у мазкур кўнгил очиш масканида Наманган вилоятининг Уйчи туманида яшовчи фуқаро Собир Ҳожиаҳмедов билан танишиб қолади.

Гап шундаки, ўша пайтда С.Ҳожиаҳмедов Данғара туманида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганди. Бинобарин, кечқурун тунги клубга келган эди. Ш.Топволдиева унга ўзини “Сабина” дея таништиради.

-Қаерда яшайсан?,-сўрайди Собир танишувдан кейин қиздан.

-Шу ерданман. Лекин уйдан чиқиб кетганман,-дейди Шоҳида.

-Иэ, нега?,-ҳайрон бўлади йигит.

-Ота-онам билан жанжаллашиб қолдим,-уйидан чиқиб кетгани сабабини тушунтиради Ш.Топволдиева. Сўнгра “мижози”дан илтимос қилади:

-Менга ижарада яшаш учун уй топишга ёрдам беринг.

Буни қарангки, қизнинг айни илтимоси боядан бери унга шаҳвоний назар билан қараб ўтирган Собирга жуда хуш ёқади.

Дарҳақиқат, танишувининг илк дақиқалариданоқ Шоҳида билан кўнгилхушлик қилишни мўлжаллаган С.Ҳожиаҳмедов эртасигаёқ шаҳарнинг Абу Тоиб Ҳўқандий кўчасидаги кўп қаватли уйларнинг биридан ижара хонадон топади. Кейин “ошиқ” ва “маъшуқ” ушбу хонадонда айшу ишрат қилиб, ўн беш кунча яшаб юришади. Аммо...

Аммо шундан кейин Собирнинг боши ғалвага тиқилади. Аниқроғи, Зарифа, Отабек ва Шоҳида Собирга нисбатан товламачилик қила бошлашади.

-Ижарага уй топиб бердим, деб қизимнинг номусини булғабсизда, йигит? Яхшиликча Шоҳидага уйланинг. Аксинча, оилангизни бузиб, шармандангизни чиқараман ёки хотинингизнинг ёнига қизимни ҳам ўтиргизиб келаман,-деб шаллақилик қилади З.Топволдиева.

-Нималар деяпсиз? Мен қизингизни зўрлаганим йўқ,-дея Шоҳида ўз розилиги билан кўнгилхушлик қилганини тушунтирмоқчи бўлади С.Ҳожиаҳмедов.

Бироқ “қайнона” бўлмиш унинг гапини эшитишни ҳам хоҳламайди.

Онасидан сўнг эса Ш.Топволдиеванинг ўзи қўнғироқ қилади Собирга. Яъни қиз ўзига уйланишини ёки 500 АҚШ доллари беришини талаб қилади йигитдан. Акс ҳолда ота-онаси, рафиқаси ва бола-чақасига ўрталаридаги ишқий муносабатни айтиб, маҳалла-куй олдида ҳам шарманда қилишини билдиради кинояли оҳангда.

-Ўша пулни берсам, мени тинч қўясизларми?,-дейди С.Ҳожиаҳмедов чорасиз қолгач.

-Ҳа, кейин орамиз очиқ сиз билан.

Шундан кейин Собир Ҳожиаҳмедов пул қидириш ўрнига бўлиб ўтган ҳолат юзасидан шаҳар Қўқон шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилади. Пировардида 2023 йил 22 август куни айни мурожаат бўйича тезкор тадбир ўтказилади.

-Беш юз доллар тополмадим. Ҳозир уч юз доллар олиб келдим,-дейди С.Ҳожиаҳмедов қизга сим қоқиб.

Бинобарин, соат 12:30ларда Шоҳида ўгай отаси билан бирга белгиланган манзилга – шаҳарнинг Чорсу даҳасидаги жоме масжиди ёнига етиб келади. Оқибатда ота-бола Собирдан 300 АҚШ доллари ҳисобидан 3.600.000 сўм нақд пулни олаётган пайтда ушланади. Сўнгра товламачи эр-хотин ва уларнинг қизига нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди эса учала товламачини Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбли деб топиб, Отабек Давлатжоновни озодликдан маҳрум қилиш, она-бола Топволдиеваларни эса ахлоқ тузатиш иши жазосига маҳкум этди. Шу боис О.Давлатжонов суд залидан қамоққа олиниб, Фарғона шаҳридаги 10-тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Модомики, Зарифа Топволдиева қизининг номуси Собир Ҳожиаҳмедов томонидан топталган деб билар экан, нега бу хусусда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат қилмади? Аксинча, бунинг ўрнига ундан пул талаб қилди. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам она-бола ва Отабекнинг мақсади айнан С.Ҳожиаҳмедовдан пул ундириш бўлганини тасдиқлайди.

Нодиржон КИМСАНОВ,

жиноят ишлари бўйича Қўқон

шаҳар судининг судьяси

Улашиш:

Бошқалар

13-август 2024, 13:32
4 014

Олимпиада ғолиблари, уларнинг тренерларига қанча мукофот берилади?

Қонунчиликда ғолиблар, тренерларга бериладиган мукофот миқдори аниқ белгиланган. Мазкур мукофотдан солиқ ундириладими? Спортчини бир нечта тренер тайёрлаган бўлса қандай йўл тутилади?


17-август 2024, 12:47
1 231

Ерда кучли магнит бўрони кузатилиши мумкин. Бундан қандай ҳимояланиш керак?

Якшанба, 18 августга ўтар кечаси ва якшанба кундуз куни 4-6 баллик магнит бўрони кузатилиши мумкинлиги прогноз қилинмоқда.


19-август 2024, 04:06
1 220

Қобулда “Made in Uzbekistan” кўргазмаси иш бошлади

Амалий ташриф билан Афғонистонда бўлиб турган Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Қобул шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон-Афғонистон бизнес форуми ҳамда “Made in Uzbekistan” кўргазмасининг расмий очилиш маросимида иштирок этди.


20-август 2024, 12:40
1 181

Қандай ҳолларда ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга йўл қўйилади?

Меҳнат кодексининг 269-моддасига асосан ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин бўлган ҳолатлар келтирилган.