Суд очерклари
26.12.2023
259
Бугунги кунда жаҳондаги кўплаб давлатларда экологик шароит ҳамон кескинлигича қолмоқда. Экологик сиёсатни олиб бориш ва амалга ошириш учун ҳар бир давлат ўзининг таъсирчан механизм ва етарлича ваколатга эга бўлган давлат органларига эга бўлиши зарур.
Дарҳақиқат инсониятнинг эртанги куни, унинг истиқболи, келажак авлоднинг экологик манфаатлари устуворлигини таъминлаш шу мақсадда экологик хавфсизликни таъминлаш, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга жиддий эътибор қаратиш зарур. Табиатга нисбатан нооқилона муносабат натижасида бугунги кунда долзарб экологик муаммолар инсониятга хавф солмоқда. Буларни озон қатламининг емирилишида, иқлимнинг ҳаддан зиёд исиб кетишида яққол кўришимиз мумкин.
Бугун инсоният, табиатга нисбатан эҳтиётсиз муносабатда бўлиш табиатнинг эмас, балки инсониятнинг ўзи учун зарар эканлигини англаб етди. Шу сабабдан ҳам инсоният ўз давлатчилигининг ривожида табиатни муҳофаза қилиш бўйича турли хил ҳаракатлар ва ташкилотларни ташкил этди ва экологик сиёсатни давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилади.
Бунинг натижасида глобал иқлим ўзгариши, глобал исиш, табиий сув ҳавзаларининг ифлосланиши, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот турларини йўқолиб кетиши каби салбий ҳолатлар кузатилмоқда. Оқибатда, бугунги кунда ер юзи ўрмон ва дарахтзорлар майдонлари қисқариб, Озон қатлами емирилиши кун сайин ортиб бормоқда.
Сўнги йилларда Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ўсимлик турлари сони 324 тага етгани, ўрмон ва дарахтзорларнинг кўплаб фоизи йўқолиб кетгани вазиятнинг нақадар жиддий эканлигидан далолат беради.
Шу сабабдан ҳам экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, бунинг учун эса таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш долзарб аҳамият касб этади. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 49-моддасида “Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга.
Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл ўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт шароитлар яратади.
Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади.
Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.
Давлат Орол бўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўради”, деб таъкидланган.
Дарҳақиқат, глобал экологик муаммоларнинг олдини олиш, табиат ва инсон ўртасидаги мувозанатни сақлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада қабул қилинган кўплаб қонун ва қонуности ҳужжати соҳадаги ишларни тартибга солиш ва Конституцияда юқорида белгилаб қўйилган вазифаларни бажариш муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бизга маълумки, туркий халқларнинг энг қадимий маданий, маънавий ва маърифий ёдгорлиги ҳисобланган “Авесто”да атроф-муҳитни муҳофаза қилишга алоҳида эътибор берилган. Экология қонунларида тўрт нарса: Ер, олов, сув ва ҳаво шундай эъзозланганки, ҳавони булғаш, ифлослантириш, ҳайвонлар жасади у ёқда турсин, одамлар жасадини ҳам ерга кўмиш, сувга оқизиш, оловда ёқиш гуноҳи азим ҳисобланган.
Демак, зардуштийлик дини қонунларида ҳам ер, олов, сув ва ҳавони ифлослантириш жиноят деб ҳисобланиб, бундай жиноятлар учун 400 қамчи уриб жазолаганлар ёки содир этилган жиноят оғирроқ бўлса, гуноҳкор ўлим жазосига маҳкум этилган ёҳуд бундай жиноят қилганларни катта жарима эвазига афв этиш ёки қул сифатида улардан жамоат ишларида фойдаланиш масалаларини Олий судья Заратуштра Оқсақоллар Кенгаши вакиллари ва жамоанинг нуфузли аъзолари иштирокида бамаслаҳат адолатли қонунлар асосида ҳал қилганлар. Сувни, ҳавони, тупроқни, ҳайвонот дунёсини авайлаб-асраш тўғрисида Қуръони Каримнинг оятлари ва Пайғамбаримизнинг ҳадиси-шарифларида ҳам айтилади.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш зарурлиги шарқ мутафаккирлари таълимотларида ҳам ўзининг илмий-фалсафий, ҳуқуқий, бадиий ифодасини топган. Айниқса, табиатга оқилона муносабатда бўлишнинг юксак намунаси Амир Темур бобомиз олиб борган сиёсатда кўзга ташланади.
“Яна амр этдимки, — деб ёзади Амир Темур “Темур тузукларида”,- кимки бирон бир саҳрони обод қилса ёки кориз қурса ё бирон боғ кўкартирса ёҳуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили (эса олиқ-солиқ) қонун-қоидасига мувофиқ хирож йиғсинлар”.
Демакки, аждодларимиз атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бепарво бўлмаганлар. Ўрта Осиёда, жумладан Ўзбекистон Республикасида табиатни авайлаб-асраш, унга келтирилган зарар учун жавобгарликнинг белгиланиши бир неча минг йиллик тарихига эга.
Хулоса қиладиган бўлсак, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда замонавий фан ва технология ютуқларидан фойдаланиш лозим. Шунингдек, жамиятда “экологик технология маданияти”ни шакллантириш, табиатни муҳофаза қилишда нанотехнологиядан фойдаланишни кенгайтириш муҳим ҳисобланади. Жаҳон стандартларига жавоб берувчи экологик хавфсиз саноат ишлаб чиқаришини қарор топтириш зарур.
Бугунги кунда яшил иқтисодиёт тушунчаси кенг қўлланилиб, у экология учун хавфсиз, аксинча унинг қарор топиши натижасида ҳам саноат, ҳам табиатга фойда келтирувчи соҳа сифатида қаралмоқда. Юртимизда ҳам айнан яшил иқтисодиётни қарор топтириш, экологик хавфсиз ёнилғи (ёқилғи) турларидан кенг фойдаланиш, жумладан қайта тикланувчи муқобил энергетика турларини ҳаётга кенгроқ жорий этиш зарур.
Тахиров Фарҳод
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори, юридик фанлари доктори
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.