#NoComment
30.06.2026
57

Янги қабул қилинган Қонун (ЎРҚ–1154-сон, 2026 йил 22 июнь) билан айрим қонун ҳужжатларига қатор муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур янгиликлар, аввало, транспорт воситалари эгалари, ҳайдовчилар, суғурта муносабатлари иштирокчилари ҳамда электрон тижорат соҳасида фаолият юритувчи субектлар учун янги ҳуқуқий имконият ва қулайликларни яратишга қаратилган.
Амалиётда бир транспорт воситасидан бир нечта шахс фойдаланиши ҳолатлари кенг учрайди. Шу сабабли қонунчиликка киритилган янги норма транспорт эгаларига транспорт воситасини ҳайдовчилар сони чекланмаган ҳолда бошқариш имкониятини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамламоқда.
Эндиликда транспорт эгаси транспорт воситасини турли шахслар бошқариши мумкин бўлган ҳолатларда уларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш мақсадида мажбурий суғурта шартномасини тузишга ҳақли бўлади.
Бу эса оилавий фойдаланиладиган транспорт воситалари, корхона ва ташкилотларнинг хизмат автомобиллари ҳамда бир нечта ҳайдовчи томонидан бошқариладиган бошқа транспорт воситалари учун янада қулай шароит яратади.
Қонунчиликдаги янги тартибга кўра, ҳайдовчилар сони чекланмаган ҳолда фойдаланиш шарти билан расмийлаштирилган мажбурий суғурта шартномасида транспорт воситаси эгаси, унинг яқин қариндошлари ёки бошқа айрим шахсларни алоҳида кўрсатиш талаб этилмайди. Бу амалиётдаги ортиқча расмиятчиликларни камайтириб, суғурта хизматларидан фойдаланиш жараёнини соддалаштиришга хизмат қилади.
Яна бир муҳим янгилик —суғурта ҳодисаси юз берганда зарар кўрган шахснинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган. Эндиликда ҳайдовчи ўз танловига кўра айбдор тарафнинг суғурталовчисидан суғурта товонини олиш учун суғурта ҳодисасини тўғридан-тўғри ҳал этиш тўғрисидаги ариза ўрнига суғурта товонини тўлаш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Бунда мазкур ариза айбдор тарафнинг суғурталовчиси томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Мазкур ўзгариш фуқароларга суғурта товонини олиш жараёнида қўшимча қулайлик яратиб, мурожаат қилиш тартибини янада мослашувчан қилади.
Қонун билан яна бир муҳим чеклов белгиланди. Унга кўра, ҳаёти ва соғлиғи давлат томонидан мажбурий суғурта қилиниши назарда тутилган шахсларни бир вақтнинг ўзида буджет маблағлари ҳисобидан иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталашга йўл қўйилмайди.
Мазкур норма суғурта тизимида такрорий суғурталаш ҳолатларининг олдини олиш, давлат маблағларидан самарали фойдаланиш ва ҳуқуқий аниқликни таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, Қонун билан электрон тижорат операторлари фаолиятига оид янги тартиб ҳам жорий этилмоқда. Хусусан, электрон тижорат операторлари ўз фаолиятини бошлаганлиги ёки тугатганлиги ҳақида ваколатли давлат органини хабардор қилиштартиби белгиланмоқда. Бу эса электрон тижорат бозорида фаолият юритаётган субъектлар фаолиятининг шаффофлигини ошириш, давлат органлари билан ахборот алмашинувини яхшилаш ҳамда соҳада тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш имконини беради.
Янги Қонун билан киритилган ўзгартиришлар суғурта хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, фуқаролар учун қулайлик яратиш ва ҳуқуқий тартиб-таомилларни соддалаштиришга қаратилган. Айниқса, транспорт воситаларидан фойдаланишда суғурта масалаларини енгиллаштириш, суғурта товонини олиш тартибини такомиллаштириш ҳамда электрон тижорат соҳасида замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш мазкур ҳуқуқий янгиликларнинг амалий аҳамиятини оширади. Шу жиҳатдан, ушбу ўзгаришлар фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва ҳуқуқий хизматлар сифатини ошириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам сифатида баҳоланиши мумкин.
Беҳруз Эшпўлатов,
Юридик кадрларни қайта
тайёрлаш ва малакасини
ошириш институти ўқитувчиси
Улашиш:
Бошқалар
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби: нималарни билиш муҳим
Барча ишлардан сўнг суд ажрими чиқарилади.
Ҳайдовчилик гувоҳномасини йўқотган тақдирда қандай ҳаракат қилиш керак?
Бунда почта харажатлари ариза берувчи ҳисобидан қопланади.
Ёлғон гувоҳлик бериш қандай оқибатларга олиб келади?
Суриштирув, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси вақтида гувоҳ ёки жабрланувчининг атайлаб ёлғон кўрсатув бериши, экспертнинг била туриб ёлғон хулоса тайёрлаши, шунингдек таржимоннинг маълумотни атайлаб нотўғри таржима қилиши ёлғон гувоҳлик бериш деб баҳоланади.
Меҳнат шартномасининг муддатлари қандай белгиланади? Муҳим 5 қоида
Меҳнат кодексининг 110-моддасида меҳнат шартномаси қандай муддатда тузилиши мумкинлиги белгиланган.