Содда талқин
02.06.2026
1 067

Бозор иқтисодиёти шароитида меҳнат бозорининг мослашувчанлигини таъминлаш ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини кафолатлаш ўртасидаги оптимал мувозанатни топиш меҳнат ҳуқуқи тизимининг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борада иш берувчи ва ходим ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни мустаҳкамловчи асосий ҳужжат — меҳнат шартномаси бўлса, унинг амал қилиш муддати мазкур муносабатларнинг барқарорлигини белгиловчи фундаментал мезондир.
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси норматив-ҳуқуқий базани халқаро стандартларга мувофиқлаштириш билан бирга, меҳнат шартномасининг муддатларини белгилашни ҳам назарда тутади.
1. Меҳнат шартномаси муддатлари қандай муддатга тузилади?
Меҳнат кодексининг 110-моддасида меҳнат шартномаси қандай муддатда тузилиши мумкинлиги белгиланган. Унга кўра, меҳнат шартномаси қуйидаги кўринишда тузилиши мумкин:
номуайян муддатга;
уч йилдан кўп бўлмаган муайян муддатга (муддатли меҳнат шартномаси) тузилиши мумкин.
Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати шартлашилмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.
2. Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси қандай тузилади?
Бу ҳолатда шартноманинг қачон тугаши олдиндан белгиланмайди. Ходим ва иш берувчи меҳнат муносабатларини давом эттиради, шартнома эса қонунда назарда тутилган асослар бўлгандагина бекор қилиниши мумкин.
Мисол: Фуқаро корхонага бухгалтер лавозимига ишга қабул қилинди ва шартномада тугаш санаси кўрсатилмади. Демак, шартнома номуайян муддатга тузилган ҳисобланади.
3. Муддатли меҳнат шартномаси
Бунда шартноманинг амал қилиш муддати олдиндан белгиланади.
Қонунга кўра, бундай шартнома уч йилдан кўп бўлмаган муддатга тузилиши мумкин.
Мисол: Ходим билан икки йиллик меҳнат шартномаси тузилди. Икки йил ўтгач, шартноманинг муддати тугайди ва тарафлар уни узайтириши ёки меҳнат муносабатларини тугатиши мумкин.
4. Муддат кўрсатилмаган бўлса нима бўлади?
Модданинг учинчи қисмига кўра, агар шартномада унинг амал қилиш муддати аниқ ёзилмаган бўлса, у автоматик равишда номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.
Бу қоида ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, иш берувчи шартномада муддатни кўрсатмасдан туриб уни муддатли деб талқин қилиши мумкин эмас.
5. Муддатли меҳнат шартномасида муддат нима орқали белгиланади?
Муддатли меҳнат шартномасида унинг муддати қуйидагилар орқали белгиланиши мумкин:
меҳнат шартномаси муддатининг умумий давомийлигини кунларда, ойларда, йилларда кўрсатиш;
меҳнат шартномаси бўйича иш бошланадиган календарь санани ва меҳнат шартномасининг муддати тугайдиган календарь санани кўрсатиш;
юз бериши билан меҳнат шартномасининг муддати тугайдиган ҳодисани аниқлаш (объектни фойдаланишга топшириш, ўрнига ишлаб туриш вақтига бошқа ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузилган вақтинча йўқ бўлган ходимнинг ишга чиқиши ва бошқалар).
Муайян муддатли меҳнат шартномаси фақат қонунчиликда назарда тутилган ҳолатларда ёки ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёхуд ходимнинг манфаатлари билан боғлиқ ҳолларда қўлланилади.
Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, у номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.
Шунингдек, муайян муддатли меҳнат шартномасининг муддати тугаганидан кейин ҳам меҳнат муносабатлари давом эттирилса ва тарафлардан ҳеч бири шартномани бекор қилишни талаб қилмаса, шартнома номуайян муддатли меҳнат шартномасига айланган деб эътироф этилади.
Демак, меҳнат қонунчилигида асосий қоида — меҳнат шартномасини номуайян муддатга тузиш ҳисобланади, муайян муддатли шартнома эса истисно тариқасида қўлланилади.
Бекжон Исмаилов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Маъмурий жазони қўллаш, энг енгил жазони қўллаш асослари: муҳим 6 саволга жавоб
Маъмурий жазони қўллашда содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, унинг айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинади.
“Инсон ва қонун” – барчаси бир нашрда!
Агар шуларнинг ҳаммаси бир нашрда мужассам десак ишонасизми?
Давлат қарори билан мулк ҳуқуқи қачон бекор қилиниши мумкин?
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органлари мулкдорнинг мол-мулкини истаган вақтда ёки асоссиз равишда олиб қўйиши мумкин эмас.
Банк мижоз учун эмас(ми?)
Навоий вилоятидаги банклардан бирининг туман филиали мутассадиларининг лоқайдлиги туфайли бир оила бошпанасиз, сарсон-саргардон.